Линклар

Душанбеда юзга яқин оила қиш аёзида уйсиз қолди

  • Гулнора Равшан

Қўштепалик бу аёл уч фарзанди билан кўчада қолди

Қўштепалик бу аёл уч фарзанди билан кўчада қолди

Қиш қаҳратонида юзга яқин тожикистонлик оила уйсиз қолдирилмоқда. 19 феврал куни Душанбега туташ Рудаки туманида янги солинган ўнлаб уй - жой булдозерлар билан текислатиб ташланди. Маҳаллий аҳолига кўра, маҳаллий ҳукуматнинг бундай ҳаракати ноқонунийдир.

Тундан бери ёғаётган ёмғир эрталаб қорга айланди. Рудакий туманининг Қўштепа маҳалласига етиб келганимизда, етмиш чоғли одам Душанбе шаҳрини Рудакий тумани билан туташтирувчи катта автомобил йўлда тўпланиб турарди.

Уйлари булдозерлар ёрдамида текислатиб ташланган кишилар эса қор тагида қолаётган вайроналар тагидан тахта, ғишт ва шифер бўлакларини йиғиш билан банд эди.

- Ҳушимдан кетиб, мана шуерга келиб ”дод”, деб йиқилиб қолдим. Мен қашшоқлигимдан пахса уй қургандим. Келиб шудгор қилиб уй қургани қўйишмаса бўларди. Мана бугун уйни қуриб битириб, бир тийним қолмаган. Учта болам билан мен қаерга бориб сарғаяман. Эрим иккинчи гуруҳ ногирони. Борадиган жойим, ака - укам йўқ. Ўшанинг учун келишсин, мени аввал трактор билан босиб ўлдирсину болаларимни ҳукумат ўзи катта қилсин, бошқа чорам йўқ, ҳеч нарсам йўқ, - дея зорланади Рудакий туман ҳукумат вакиллари томонидан уйи қисман бузиб ташланган қўштепалик Холисхон Маматхожаева.

Аёлнинг айтишича бу ер уларга уй қурилиши учун 2006 йилги президент қарори асосида маҳаллий ҳукуматлар томонидан расмийлаштириб берилган.

-Ҳукумат рухсат берди. Менинг қўлимда қарорларим, чертёжларим бор. Келиб ўзлари рухсат бериб, ўзлари чизиб беришди. Ўзлари қонуний қилиб, “тезроқ уйингни сол, сенинг уйинг йўқ”, дейишди. Энди бугунга келиб ноқонуний экан. У ерни сотган одамлар бошқа экан, улар кетишиб, энди бугун ҳукуматга янги одамлар келишибди. ( Рудакий туманидаги маҳаллий ҳукумат назарда тутилаяпти. Таҳр,.) Булар энди ҳақ емай қолгандир-да, - дея мулоҳаза билдиради Холисхон Маматхожаева.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Фарида Набиева ҳам Россиядан ишлаб келган пули эвазига уч хона уй қурганидан, ҳали яшаб улгурмаган уйлари кеча тунда бузиб ташланганинидан зорланади.

-Уч етимим бор, эрим йўқ. Ўзим бир азоблар билан Москвада ишлаб топган пулимга қурган эдим бу уйни. Ҳукуматдан уйимни тиклаб беришини талаб қиламан, бу қандай адолатсизлик, қишда етимларим билан қаерга бораман, - дейди куйиниб Фаридахон.

Аёллар ўтган беш йил давомида ўзларига ажратилган ер солиғини тўлаб келганини қўшимча қиладилар ва бугун маҳаллий ҳукумат улар ҳақ -ҳуқуқларини қўпол тарзда поймол қилаётганини айтадилар.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлар ва биз кўздан кечирган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Рудакий туманининг Қўштепа қишлоқ кенгашига тегишли бу ер 2006 йил Тожикистон президенти қарори билан уй - жойи бўлмаган кишиларга ажратиб берилган экан.

74 - рақамли мазкур қарорда Қўштепа қишлоқ кенгашига тегишли экин экишга яроқсиз деб топилган етти гектар ер аҳолини уй жой билан таъминлаш мақсадида уйсиз оилаларга тақсимлаб берилиши зарурлиги ёзилган.

Ўтган беш йил давомида давлат раҳбари топшириғи билан ерли бўлган маҳаллий аҳоли, ўзларининг айтишича, уй қуриб, баъзилар уйларида яшаётган, айримлар эса ҳали кўчиб улгирмаган бир пайтда, Рудакий туман ҳукумати 18 феврал кечки пайт ҳеч бир огоҳлантиришсиз бу маҳаллага булдозер солган. Катта йўл ёқасидаги тахминан ўнта уй батамом текислатиб ташланган.

Маҳалла ичкарисидаги, одамлар яшаб турган уйларнинг эса фақат ҳовлини ўраб турган деворлари ағнатиб кетилган. Улар ўн кун давомида бу уйлардан кўчишлари борасида огоҳлантириш олишган.

Рудакий туман ҳукумати томонидан расмийлаштирилган қоғозларда, ер ҳам, қурилаётган уйлар ҳам қонунийлигига амин бўлдик.

Унда нима сабабдан уйлар бузиб ташаланаяпти?

Шу савол билан Рудакий туман ҳукуматига мурожаат қилдик. Бинони қўриқлаб ўтирган милиционер шанба дам олиш куни бўлгани учун бошлиқлар йўқлигини айтиб, бизни ичкарига киритмади.

Рудакий туман прокуратураси эса ёзма тарзда мурожаат қилишимизни айтиб, ортга қайтарди.

Бироқ ҳукумат масъулларидан бири номини сир тутиш шарти билан қуйидагиларни маълум қилди.

- Тўғри, Қўштепадаги экин экишга яроқсиз деб топилган майдон аҳолига бўлиб берилиши ҳақида президент 2006 йил қарор имзолаган. Аммо Рудакий туманидаги айрим мулозимлар, ўша ажратилган ер атрофидаги бошқа ерларни ҳам президент қарори асосида ажратилган ана шу ерга қўшиб, аҳолига пуллаган. Бу ерда маҳаллий аҳоли қонунга зид иш қилмаган. Ҳақиқатдан улар ерни қонун доирасида расмийлаштирган. Аммо бу ер президент ажратган ерга кирмаслигидан хабарлари бўлмаган. Энди бугунга келиб ўша ер сотган мулозимлар ўз айбларини яшириш мақсадида Қўштепада уй - жой учун ажратилган ерларнинг ҳаммаси ноқонуний ажратилган деб, ҳатто давлат раҳбари қарорига зид тарзда иш кўриб, уйларни текслатиб ташлаяпти. Бу Конституциямизга зид ҳатти - ҳаракат, - деди номи ошкор қилинмаслигини сўраган Рудакий туман мулозими.

Шу ўринда айтиб ўтсак, мустақилликка эришганидан кейин ўтган шу давр ичида Тожикистон ҳукумати аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида сувсиз ерлардан уй - жой қуриш мақсадида ер ажратиилгани ҳақида қарор қабул қилади.

Аммо кўп ўтмай, бир мулозим ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига бошқаси келганидан кейин аввал бўлиб берилган ерлар ноқонуний деб топилиб, қуриб битказилган уйлар текслатиб ташланади.

Ўтган шу давр мобайнида ҳукумат мулозимларининг бу найрангларидан куйиб қолган ўнлаб тожикистонликлар қайдга олингани кузатилган.

Бироқ шу кунгача қалбаки қарорлари учун ҳукумат мулозимларидан бирор киши қонун олдида жавоб бермаган, аксинча оддий одамлар пулига ҳам,уйига ҳам куйиб қолмоқда холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG