Линклар

logo-print

19 феврал куни Москванинг Пушкинская майдонида мухолифат ҳаракатларининг Владимир Путин ҳукумати истеъфоси талаби билан норозилик митинги ўтказилди. Минг кишилик бу намойишнинг айрим иштирокчилари ҳатто Россия Федерациясини тарқатиб юбориш талаби билан чиқдилар.

Шанба куни Москвада “Мен Путинсиз Россия учун!” шиори остида Россия мухолиф кучларининг фуқаровий митинги бўлиб ўтди. Шаҳар мэрияси томонидан рухсат этилган бу акцияни “Беш талаб қўмитаси” ёки “К-5” номи остида бирлашган ижтимоий-сиёсий ҳаракат фаоллари ташкил этди.

“К-5” коалицияси таркибига Бирлашган Фуқаролик фронти (ОГФ), “Солидарность”, “Сўл фронт”, Алданган квартира эгалари ва “Сиёсий маҳбуслар билан бирдамлик иттифоқи” ташкилотлари киради.

Акция иштирокчилари қўйидаги бешта талабни илгари сурмоқда:
1. Владимир Путин ҳукуматининг истеъфоси;
2. Давлат Думаси ва Федерация Кенгашининг тарқатилиши;
3. Муддатдан олдин эркин ва рақобатли сайлов ўтказиш;
4. Милиция, махфий хизмат тузилмалари ва суд таркибини радикал тарзда янгилаш;
5. Халқ манфаати ва мамлакат тараққиётига қаратилган очиқ давлат бюджетини эълон қилиш.

Россияда крепостнойлик тузуми бекор қилинганининг 150 йиллиги муносабати билан уюштирилгани айтилаётган ҳукуматга қарши бу намойиш ҳарорат 20 даражагача совуқ бўлишига қарамасдан ўтказилганлиги учун “совуқсевар мухолифатчилар митинги” номини олди.

Бир қатор мухолифат етакчилари, жумладан, Михаил Касьянов, Борис Немцов ва Владимир Рижковлар иштирок этмаётганига қарамасдан “К-5” митингига олти юзга яқин одам йиғилди.

Намойишни шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони, 2005 йилдан буён сиёсий фаолият билан шуғулланиш мақсадида катта шахмат ўйинларидан кетган ва ҳозирда Бирлашган Фуқаролик фронти мухолифат ҳаракатида раислик қилаётган Гарри Каспаров бошқарди.

Домодедово аэропортида нобуд бўлганлар хотирасига эълон қилинган сукунат дақиқасидан кейин сўзга чиққан Гарри Каспаров Россия полициячилар мамлакатига айланиб бораётгани борасида нутқ сўзлади.

- Нима учун бу ерда бунчалик милициячилар кўп? Давлатимизнинг турли жойларида портлашлар, одамлар халок бўлаётган ва Кавказдан тинимсиз нохуш хабарлар келаётган бир дамда булар бу ерда нима қиляпти? Ойлик олиш ёки тинч митингни тарқатиш учун улар доимо шай, Домодедоводаги портлашда эса на булар, на бошқа чекистлар бўлган. Энг асосийси, бу билан ҳукумат террорчилардан эмас, биз – оддий россияликлардан қўрқишини намойиш этмоқда,- деди Гарри Каспаров.

Каспаров Путин ҳукуматини мамлакатда йиғилиб қолган муаммоларга эътиборсизликда ва халқ манфаатларига зид сиёсат юргизаётганликда айблади.

- Ҳозир бу бадбашара қўшҳокимиятчилар Кавказ тоғларида чанғиларда сайр қилиб юрибди. У ерда ҳамма жой назорат остида. Бор-йўғи юз километр нарида эса бомбалар портлаяпти, одамлар ҳалок бўлаяпти. Бу уларни қизиқтирмайди. Улар ҳозир кейинги 6 йил ким Кремлни бошқаришини ўзаро ҳал этмоқда. Улар ким ўзи? Бу бизнинг мамлакатимиз ва бу бизнинг танловимиз. Биз 140 миллионмиз ва бу гномларга қандай ва қайси томонга тараққий этишга бизнинг ўрнимизга ҳал этишларига ҳеч ким ҳақ бергани йўқ! - деди Бирлашган Фуқаролик жабҳаси раиси Гарри Каспаров.

Пушкин майдонидаги намойиш иштирокчилари, шунингдек, ҳибсга олинган “Сўл фронт” ҳаракати мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов ва “Солидарность” ҳаракати фаоли Денис Юдинларни қамоқдан озод этишни талаб қилдилар.

Пушкин ҳайкали ёнида ўрнатилган трибунадан сиёсий шеърлар ҳам янгради.

Намойишда Қора денгиз бўйида бир миллиард долларга олти йилдан бери қурилаётган Путин саройи ҳақида ҳам эслашди.

Ниҳоят, микрофон “Алданган квартира эгалари” ҳаракати вакили Виктор Милчаковга тегди. Маълум бўлишича, Россияда турли пирамидалар ва молиявий фирибгарликдан азият чекканлар сони юз мингдан ошади.

- Мамлакатда эркинлик йўқ. Нима учун биз митингларда иштирок этаяпмиз? Мамлакат бўйлаб биз 150 мингдан ошамиз. Биз фақат ўз уй-жойларимизни яхшиламоқчимиз, холос. Қаранг, қандай кулбаларда яшаяпмиз биз! Ҳатто сотиб олинган квартиралар учун ўн йиллаб урушишга тўғри келяпти. Бунда Путин ҳукумати қўли борлиги аниқ, - деди Путин истеъфоси талаби билан чиққан Виктор Милчаков.

Митингда сўзга чиққан “Республика альтернативаси” етакчиси шоира Алина Витухновская давлатда илдиз отган коррупция, порахўрлик ва қонунсизликка барҳам беришда янада кескинроқ чораларни қўллашни таклиф этди: унинг Россия Федерациясини майда-майда бўлакларга парчалаб ташлаш ғояси кўпчилик йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланмади.

Намойиш сўнгида митинг ташкилотчилари Путин истеъфоси талаби билан намойишлар давом этишини билдирди.

Айтиб ўтиш керакки, ўтган “К-5” норозилик намойиши 2010 йининг 12 декабрида ўтказилган. Ўша намойишдан кейин мухолифат етакчилари ўз сафларига куни кеча фаолияти чекланган ДПНИ ва бошқа миллатчилар ташкилотларини жалб қилмасликка келишиб олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG