Линклар

ҲРУ: Ливиядаги зўравонлик қурбонлари сони юздан ошди


Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри Бенғози

Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри Бенғози

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Бенғозида хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутгани оқибатида талафотлар сони кескин ошганини маълум қилди. Ливия ҳукуматига қарши уюштирилган норозилик намойишларида ўнлаб одам, жумладан болалар ҳам нобуд бўлгани айтилмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ливияда 16 феврал куни президент Муаммар Қаддафийга қарши норозилик намойишлари бошланганидан бери камида 104 киши нобуд бўлган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, 19 феврал куни Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Бенғозида ҳукумат қўшинлари камида 20 нафар намойишчини отиб ўлдиргани натижасида талафотлар сони кескин кўпайган.

Яраланган одамларни касалхонага олиб боришда ёрдамлашган гувоҳлардан бирининг Ройтерс ахборот агентлигига айтишича, шанба куни ўнлаб одам хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган.

Айтишларича, бинолар томларига чиқиб олган мерганлар одамларни нишонга олганидан кейин намойишчилар орасида саросима ва тартибсизлик бошланган.

Маҳаллий касалхона шифокорларига кўра, шанба куни 150 нафар яраланган одам олиб келинганидан сўнг яраланганлар учун зарур бўлган қон ва тиббий дорилар тугаб қолган. БиБиСи ахборот агентлиги яраланган одамлардан 22 нафари оламдан ўтганини хабар қилди.

Ливия ҳукумати хорижлик мухбирларнинг мамлакатга киришига рухсат бермагани учун бу маълумотларни тасдиқлаш имконсиз.

Аммо интернетдаги “Youtube” ижтимоий тармоғига қўйилган видеолавҳада отишма бошланганидан сўнг одамлар қонга белангани ва саросимага тушганини тасвирланган.

Одамларни таъқиб қилиш Ливияни 42 йилдан бери бошқариб келаётган президент Муаммар Қаддафийга қарши намойишлар уюштирилганидан кейин бошланган. Тунис ва Мисрдаги халқ исёнидан рағбатланган Қаддафийнинг рақиблари ижтимоий тармоқлар орқали одамларни ҳукуматга қарши намойишга чиқишга даъват қилган.

17 феврал куни “Youtube” тармоғига қўйилган видеолавҳада Бенғози шаҳрида яшовчи одамлар “Биз эркинлик ва ижтимоий адолатни хоҳлаймиз” деб қичқираётгани тасвирланган.

Ассошиэйтед пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, одамлар нобуд бўлганига қарамай, 20 феврал куни намойишчилар Бенғози шаҳридаги суд биноси олдига тўпланганлар.

Ҳукуматга қарши намойишларда қон тўкилгани сабабли Ливиянинг 50 нафар диний уламоси хавфсизлик кучларини тинч аҳолини ўлдиришни тўхтатишга чақирди.

Хабарларга кўра, Ливиядаги норозилик акциялари асосан Бенғози шаҳри ва унга туташ ҳудудларда бўлиб ўтмоқда.

Бенғозидан фарқли ўлароқ пойтахт Триполида ҳукуматга қарши намойишлар кам бўлгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқда эса Триполи ва Налут шаҳридаги намойишларда кичик тўқнашувлар юз бергани хабар қилинди.

Айрим таҳлилчилар Ливияда Тунис ва Мисрдаги каби кенг кўламли исёнлар содир бўлмайди, деган фикрда. Улар буни президент Муаммар Қаддафий бошчилигидаги режимнинг нефтдан тушган даромадни ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш йўлида фойдаланишга муваффақ бўлгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG