Линклар

Ливия раҳбарининг ўғли Сайфул-Ислом Қаддафий телевидение орқали мурожаатида мамлакат фуқаролик уруши хавфи остида экани ва Армия қандай қилиб бўлмасин хавфсизликни таъминлашини айтди.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ўғли намойишчилар айрим ҳарбий базалар, у ердаги қурол ва танкларни қўлга киритганликларини маълум қилди.

Саифул-Ислом Қаддафий телевидение орқали мурожаатида мамлакат фуқаролик уруши хавфи остида экани ва армия қандай қилиб бўлмасин хавфсизликни таъминлашини айтди.

Саифул-Исломнинг бу баёноти Ливияда норозиликлар тўлқини пойтахт Триполига ҳам ёйилган бир пайтда янгради.

Хабарларга кўра, бугун Триполида тинимсиз ўқ овозлари эшитилиб турган.

Ўтган ҳафта аксилҳукумат намойишлари бошланган Ливиянинг Бенғози шаҳрида кечаги тўқнашувларда 50 дан зиёд одам нобуд бўлган.

Сўнгги бир неча кун давомида Ливиядаги тартибсизликлар пайти ҳалок бўлган фуқаролар сони, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, 233 нафарга етган. Қурбонлар орасида аёллар ва ёш болалар бор.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Ливияда намойишчиларга қарата ўт очишдан бош тортган кўп сонли ҳарбий ҳибсга олинган ва уларнинг кўпчилиги қатл этилишлари мумкин. Лекин бу маълумот бошқа манбалар орқали тасдиқланмади.

Ливия шарқида жойлашган Бенғози шаҳрида ҳукумат кучлари Муаммар Қаддафий мухолифлари тарафига ўтгани ҳақида хабарлар бор.

Ливиянинг Араб лигасидаги доимий вакили Абдул ал-Хоний ҳукумат кучлари намойишларни куч билан бостиришига норозилик белгиси сифатида лавозимидан истеъфо берди.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ўғли телевидение орқали чиқишида тартибсизликларда ҳалок бўлганлар сони ахборот агентликлари хабарларида бўрттирилаётганини айтди.

Муаммар Қаддафийнинг ўзи Ливияда норозиликлар бошланганидан буён сукут сақламоқда.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий мамлакатни қирқ йилдан ортиқроқ давр мобайнида идора этиб келади ва араб дунёсида энг узоқ муддат тахтда қолаётган етакчи саналади.

Жаҳон ҳамжамияти Ливия ҳукумати намойишчиларга нисбатан куч қўллаганини қораламоқда.

Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича масъули Кэтрин Эштон Ливия раҳбариятини намойишчиларга куч қўллашдан тийилишга чақирди.

АҚШ, Германия, Франция ва бошқа ғарб ҳукуматлари ҳам Ливияда намойишчиларга нисбатан куч ишлатилганини қоралашди.
XS
SM
MD
LG