Линклар

Қаддафийнинг ўғли мамлакатда "қонли уруш" бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди


Ливия раҳбарининг ўғли Сайф ал-Ислом Қаддафий агар исёнчилар ислоҳотлар таклифини рад қилса, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Телевидение орқали қилган мурожаатида Сайф ал-Ислом отасига қарши рўй бераётган исёнлар хориж фитнаси эканини айтиб, мамлакатда жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилди.

- Эртага биз қон тўкилишининг олдини олишимиз мумкин ва бу бир режимдан бошқасига ўтишимизда эришилган энг катта муваффақиятимиз бўлади. Биз ўзаро келишиб янги тизимга ўтганимизда биринчи режим ҳақида унутинглар. Эртага биз янги Ливияни яратамиз. Бу барчамиз истаган Ливия бўлади. Акс ҳолда сиз, ливияликлар қарама-қаршиликка боришига, бир-бирига қарши урушишига ва бўлинишига тайёр бўлишингиз керак. Нефтни унутинг, газни унутинг. Биз зўравонлик ва тартибсизликлар сари кетмоқдамиз,- деди Ливия раҳбарининг ўғли.

Сайф ал-Ислам шу кунгача мамлакатда 84 киши нобуд бўлганини айтди.

Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Ливияда беш кундан бери давом этаётган зўравонликларда 223 одам нобуд бўлганини маълум қилди.

21 феврал куни тартибсизликлар пойтахт Триполига ҳам ёйилгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Триполи марказида президент тарафдорлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган.

Гувоҳларга кўра, ҳукуматга қарашли айрим биноларга ўт қўйилган.

Фуқаролар кийимидаги одамлар намойишчиларга қарата ўт очгани натижасида кўплаб одам ўлган.

Пойтахт яқинидаги Жанубий Кореянинг қурилиш участкасига бир неча юз одам ҳужум қилгани оқибатида 18 нафар хорижлик яралангани хабар қилинди.

Маълумотларга кўра, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Бенғозининг аксар қисмини норозилик намойишчилари назорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG