Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:11

Видноеда ўзбекистонлик қочқин қўлга олинди


Юнусобод ИИБси Дилмурод Салимовни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси бўйича айблаб, халқаро қидирувга берган
Юнусобод ИИБси Дилмурод Салимовни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси бўйича айблаб, халқаро қидирувга берган

Шанба куни Москва вилоятининг Видное шаҳарчасида яна бир ўзбекистонлик қочқин ҳибсга олинди. Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтига кўра, Россияда бошпана изловчи мақомига эга бўлган Дилмурод Салимов Ўзбекистон томонидан диний экстремизмда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.


19 феврал куни Видное шаҳарчасида қўлга олинган ўзбекистонлик 44 ёшли Дилмурод Салимов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси бўйича “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш”да айбланмоқда ва Юнусобод ИИБси томонидан халқаро қидирувга эълон қилинган.

Салимов Россияда қочқинлик мақомини изловчи шахс сифатида қайддан ўтганлиги ва “Қочқинлар тўғрисида”ги қонун ҳимояси остида эканига қарамасдан ҳибсга олинди, дейди Озодлик билан суҳбатда Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

- Мен Дилмуроддан жиноят қидирув ходимлари уни қўлга олишгани ҳақида СМС хабар олдим. Унга телефон қилиб, уни қаергадир олиб кетишаётганини аниқладим, холос. Телефонни олган оператив ходимлардан бири Дилмуродни Видное шаҳар милициясига олиб кетишаётганини айтди. Биз уни бир неча соат телефон орқали қидирдик. Ниҳоят, Видное шаҳри Криминал милиция бўлими бошлиғи муовини Александр Телегин Дилмурод Салимов Ўзбекистонда 216-модда бўйича халқаро қидирувда эканини ва у яшаётган адрес бўйича ҳақиқатан ходимларни юборганини маълум қилди. Қизиғи, улар Салимовни қочқинлик мақомини изловчи эканини жуда яхши билган,- дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячисинининг айтишича, Видное шаҳар прокурори Андрей Чижов ҳатто протоколда “Россия Федерациясининг “Қочқинлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Москва вилояти Федерал Миграция хизмати томонидан гувоҳномага эга” эканини қайд этган.

Маълум бўлишича, 44 ёшли тошкентлик Дилмурод Салимов Ўзбекистонда диний айбловлар билан таъқибга учраб 2009 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Тошкентда унинг оиласи, 2 нафар фарзанди қолган.

Милиция ходимлари ундан масжидга келаётган бошқа диндорлар тўғрисида маълумот етказиб туришни, уларга қарши “керакли” гувоҳлик беришни талаб қилган, акс ҳолда эса “ҳамкорликдан” бош тортгани учун турмага ташланишини билдиришган, дея давом этади “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари.

- Ўзбекистонда уни “ҳамкорлик қилиш” деган баҳонада ўз диндошлари устидан оддий чақимчиликка мажбурлашмоқчи бўлишгани, охирги пайтларда Ўзбекистондан келаётган деярли барча қочқинлар ҳикояларида учрамоқда. Илгари бу даражада эмас эди. Яъни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда чақимчилик “гуллаб-яшнаябди” ва режим халқ устидан тотал назоратни ўрнатишни давом этмоқда,- дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Аниқланишича, милиция ходимлари Дилмуродни уйидан олиб чиқиб кетган. Елена Рябининга кўра, ўз уй адресини Дилмурод Салимов фақатгина Москва вилояти Федерал миграция хизмати ходимларига билдирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмуродни қўлга олишда Федерал миграция хизмати ходимларининг қўли борлигини эҳтимолдан ҳоли этмаслик керак, дейди.

Рябининанинг бу тахминларига аниқлик киритиш мақсадида Москва вилояти Федерал миграция хизматининг қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи бўлим билан боғландик. Бўлимнинг катта нозири Александр Муравьёв улар ҳақиқатан қидирувда бўлган шахслар борасида милицияга хабар беришларини тасдиқлади.

- Дилмуроднинг даъво аризасини кўриб чиқиш муддати 2011 йилнинг 18 мартида якунланади. Биз ариза топширган шахсни текширамиз, агарда у қидирувда бўлса ҳуқуқ-тартибот органларига бу ҳақда маълум қиламиз. Тушунинг, қоида шунақа... Қолган текшириш ишлари билан бевосита прокуратура ва милиция шуғулланади, бизнинг унга алоқамиз йўқ. Аммо бизга ариза топширган қочқинларнинг хужжатлари 3 ой давомида кўриб чиқилиши ва жавоб қайтарилиши керак. Бу қатъий назорат остида,- дея маълум қилди Москва вилояти Федерал миграция хизматининг қочқинлар масалалари бўлимининг катта нозири Александр Муравьёв.

Дилмурод Салимовнинг ҳозирги ҳолати ҳақида Озодликка унинг адвокати Дарья Тренина маълум қилди.

- Ҳозирда у ҳибсга олинган, Домодедово вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Бу ишни олиб бораётган Видное шаҳар прокуратураси Ўзбекистондан хужжатлар келишини кутмоқда. Агарда соат 17:00 гача Ўзбекистондан жавоб келмаса, уни қўйиб юборишлари керак. Биз албатта уни экстрадиция қилинишига йўл қўймаймиз, чунки 216-модда юзасидан сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг бирортаси бериб юборилмаган. Бошқа томондан, Дилмуроднинг изоляторда ўтириб тургани маъқул, ҳар ҳолда у ердан уни Ўзбекистонга ўғирлаб кета олишмайди,- дейди ҳазил аралаш адвокат Дарья Тренина.
XS
SM
MD
LG