Линклар

WikiLeaks: Гулнора Каримова Ўзбекистон газ экспортини назорат қилади


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзбек гази экспортининг 80 фоизини назорат қилиб келгани айтилади WikiLeaks Интернет сайти эълон қилган навбатдаги махфий ҳужжатларда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига нисбат берилган ва Г. Каримова яна асосий қаҳрамонига айланган махфий ҳужжатларни Швейцариядаги Le Temps газетаси эълон қилди.

WikiLeaks ошкор қилган АҚШ дипломатик ёзишмаларида Г. Каримова Швейцарияда рўйхатга олинган Зеромакс ширкатининг хўжайини бўлгани ҳам таъкидланади.

2007 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан Вашингтонга юборилган депешаларидан бирида Г. Каримова айнан Зеромакс воситасида ўзбек гази экспортининг 80 фоизини назорат қилгани айтилади.

Швейцарияда чиқадиган Le Temps газетасининг 17 феврал кунги сонида эълон қилинган мақолада Г. Каримованинг Ўзбекистоннинг БМТ ва Испаниядаги элчи лавозимларини эгаллаши ва Швейцариянинг энг бой кишилари рўйхатида эканига эътибор қаратилади.

Le Temps газетасига кўра, Гулнора Каримованинг Женевадаги БМТ идорасига элчи қилиб юборилишини АҚШ дипломатлари Зеромаксни яқиндан назорат қилиш ва отаси Ислом Каримовнинг тахтадан кетгудек бўлса, келажакда Швейцарияда қўним топиш истаги билан изоҳлаган.
XS
SM
MD
LG