Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:24

Қаддафийга ҳокимиятни тарк этиш борaсида босим кучаймоқда


Муаммар Қаддафининг Налут шаҳрида ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши, 19 феврал, 2011 йил
Муаммар Қаддафининг Налут шаҳрида ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши, 19 феврал, 2011 йил

Ливияда ҳукуматга қарши исёнлар душанбага ўтар кечаси пойтахт Триполига ҳам етиб борди. Ливия раҳбарининг ўғили Сайф ал-Ислом Қаддафий халққа мурожаатида мамлакат фуқаролар уруши ёқасига келиб қолганидан огоҳлантириб, исёнларни бостириш учун ҳукумат бор имкониятни ишга солишини ваъда қилди.


Айни пайтда Ливиядаги зўравонликлар оқибатида шу пайтгача 200дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Ливияни 42 йилдан бери бошқариб келаётган президент Муаммар Қаддафийга қарши Бенғози шаҳрида бошланган зўравонликлар 21 февралга ўтар кечаси пойтахт Триполига ҳам етиб келди.

Пойтахт кўчаларида намойишчилар билан президент тарафдорлари ва ҳукумат кучлари ўртасида отишмалар юз берди.

Қаддафий исёнчиларга қарши “сўнгги одам қолгунча курашиш”га буйруқ берди. Ал-Жазира телеканали соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб, тунда 61 киши нобуд бўлганини хабар қилди.

Гувоҳларга кўра, 21 феврал куни ҳукуматга қарашли айрим биноларга ўт қўйилган. Фуқаролар кийимидаги одамлар намойишчиларга қарата ўт очгани натижасида кўп одам нобуд бўлган.

Пойтахт яқинидаги Жанубий Кореянинг қурилиш участкасига бир неча юз одам ҳужум қилгани оқибатида 18 нафар хорижлик яралангани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Бенғозининг аксар қисмини норозилик намойишчилари назорат қилмоқда.

Ливия раҳбарининг ўғилларидан бири Сайф ал-Ислом Қаддафий телевидение орқали қилган мурожаатида отасига қарши рўй бераётган исёнлар хориж фитнаси эканини таъкидлаб, мамлакатда жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилди.

- Эртага биз қон тўкилишининг олдини олишимиз мумкин ва бу бир режимдан бошқасига ўтишимизда эришилган энг катта муваффақиятимиз бўлади. Биз ўзаро келишиб янги тизимга ўтганимизда биринчи режим ҳақида унутинглар. Эртага биз янги Ливияни яратамиз. Бу барчамиз истаган Ливия бўлади. Акс ҳолда сиз, ливияликлар қарама-қаршиликка боришига, бир-бирига қарши урушишига ва бўлинишига тайёр бўлишингиз керак. Нефтни унутинг, газни унутинг. Биз зўравонлик ва тартибсизликлар сари кетмоқдамиз,- деди Ливия раҳбарининг ўғли.

Сайф ал-Ислам шу кунгача мамлакатда 84 киши нобуд бўлганини таъкидлади. Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Ливияда беш кундан бери давом этаётган зўравонликларда 223 одам нобуд бўлганини маълум қилди. Бу рақам Ал-Жазира телеканали келтирган талафотларни ўзи ичига олмайди.

Айни пайтда Ливиялик уч нафар дипломат, жумладан, Ҳиндистон ва Араб Лигасидаги Ливия дипломатлари истеъфога чиқди. Улар “инқилобга қўшилаётганлари”ни эълон қилдилар.

Ливиядаги хусусий “Qurnya” газетаси Адлия вазири Муҳаммад Абуд ал-Жалил намойишчиларга нисбатан ортиқча куч ишлатилганига норозилик тарзида истеъфога чиққанини эълон қилди.

Ҳозирда Муаммар Қаддафийнинг қаерда экани номаълум қолмоқда. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, у оиласи билан мамлакатни тарк этган бўлиши мумкин.

21 феврал куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида Европа Иттифоқи фуқароларини Ливиядан эвакуация қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда сўзлаган Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг ўз мамлакати Ливия раҳбарларига сўнгги воқеалар хусусида хавотир билдирганини таъкидлади.

- Британия ҳозир Ливияда содир бўлаётган воқеалардан жиддий ташвишда. Намойишчиларга қарши куч қўлланилганига эътироз билдириш учун кеча мен полковник (Муаммар) Қаддафийнинг ўғли Сайф ал-Исломга қўнғироқ қилдим,- деди Вилям Ҳейг.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари ҳам Ливия ҳукуматининг демократия тарафдори бўлган намойишчиларга қарши куч қўллаганини кескин қоралади.

Ливиядаги тартибсизликлар сабабли нефт нархи сўнгги икки ярим йил мобайнида энг юқори даражага кўтарилди. Ҳозирда йирик нефт ширкатлари, жумладан, Бритиш Петролиум ширкати ҳам мухим бўлмаган ходимларини Ливиядан эвакуация қилмоқда.
XS
SM
MD
LG