Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

"Қорақум" шоколадини чиқарган фабрика энди йўқ


Тошкентдаги "Ўртоқ" фабрикаси чиқарган "Қорақум" шоколоди ҳозир Қозоғистонда чиқарилмоқда, лекин унинг таъми бошқача.
Тошкентдаги "Ўртоқ" фабрикаси чиқарган "Қорақум" шоколоди ҳозир Қозоғистонда чиқарилмоқда, лекин унинг таъми бошқача.

Тошкентдаги "Ўртоқ "қандолат фабрикасининг биноcи бузилди. Фабрикадан эса фақат ширин хотиралар қолди. Ўзбекистондаги заводлар ҳақидаги ҳикояларимизни сизга тақдим қилишда давом этамиз. Бундан олдин Тошкентдаги Чкалов номли авиазавод ва Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводи тарихини ҳикоя қилган эдик.


Бугун эса "Қорақум" шоколади билан совет иттифоқи аҳолиси оғзини ширин қилган бу фабриканинг шонли ўтмиши ва таназзули ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тошкентдаги Олой бозори ëнида жойлашган "Ўртоқ" қандолат фабрикаси бузила бошланди. Фабриканинг олислардан кўриниб турадиган минораси 15 феврал куни қулатилди.

Ўтган уч йил мобайнида фабрика биноси бўм-бўш ҳувиллаб турди. "Ўртоқ" қандолат фабрикаси, уни сотиб олган сармоядорлар қўлидан маҳаллий ҳокимият тарафидан тортиб олинган эди.

Фабрикани қайта тиклашга Қозоғистондаги СП ТОО “KEI Invest” ширкати директори Ерлан Иембердиев уриниб кўрган эди. 2005 йилда СП ТОО “KEI Invest” корхонага тегишли акцияларнинг 85,2 фозини сотиб олиб банкрот бўлган қандолат фабрикасини қайта жонлантирмоқчи бўлди, аммо ўхшамади.

Ширкат бошқарувчиларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, 2005 йилда СП ТОО “KEI Invest” корхонанинг 85 фоиз акциясини 6,5 миллион АҚШ долларига сотиб олган. Бунинг баробарида улар "Ўртоқ" фабрикасининг ҳамма қарзларини тўлаган. 18,5 миллион АҚШ долларилик янги техника олиб келишни режалаштириб корхонани таъмирлаган.

Ширкат вакилига кўра 2008 йилда тўқилган ясама айблар билан инвесторлар ҳайдалган, “Ўртоқ” фабрикаси банкрот деб эълон қилинган, Эски совет давридан қолган техника талон-тарож қилинган.

Ëшлиги қандолат фабрикаси ëнидаги маҳаллада кечган Илгиз Муносибов фабрика ҳақидаги хотираларини ўз блогида ëзади.

“3 йил олдин бузилади деган гап чиққанида мен ачиниб кетдим. Ҳар ҳолда болалигим бу фабрика билан боғлиқ. Фабрика деразаси олдига туриб олиб ирис конфетларни тиланиб олардик. Мактабдан фабрикага экскурсияга борганмиз. 21 автобусда фабрика ëнидан ўтиб кетаëтганда одамни маст қиладиган ëқимли муаттар ҳидлар анқир эди. Аммо, афсус, бу бинони бузишмоқда”.

1926 йил қурилган бу қандолат фабрикаси шаҳарнинг мулозимлар яшайдиган қисмида жойлашган эди, деб эслайди тошкентлик Қаҳрамон ака.

- Бу ерда фақат энг катта давлат арбоблари, биринчи даражали шахслар турарди. Мана шу ердаги кўчалардам биттасининг оти, бир ëқ томондан бу Ирригация институти билан чегараланган, иккинчи томондан Олой бозори билан чегараланган, учинчи томондан Амир Темур кўчаси билан чегараланган. Қадимги замонда бу жойларнинг номини Оққўрғон ҳам дейилган. Одамларнинг айтишига қараганда бир вақтлар Оқ пошшо администрацияси раҳбарлари ҳам шу ерда уй-жой қилиб туришган. Революциядан кейин Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарларининг турадиган жойи шу кўчаларда бўлган, дея эслайди Қаҳрамон ака.

Қаҳрамон акага кўра бу фабрика чиқарган маҳсулотлар бутун советлар иттифоқида тансиқ бўлган.

- Бу конфет фабрикаси Ўзбекистоннинг деярли, Тошкентни яхши, сифатли конфетлар билан таъминлаган. Ўз вақида унинг маҳсулотлари Ўрта Осиë территориясидаги бошқа республикаларга ҳам олиб бориб сотилган. Чиқарган конфетлари етарлича сифатли, яхши конфетлар бўлган. Масалан Қорақум деган машҳур конфети бўлган. У ëнғоқнинг майдалари аралашганлиги билан ажралиб турарди. Совет иттифоқининг бошқа ҳудудларидаги конфет фабрикалари кўпроқ шоколад, шоколаднинг начинкаси билан тўлдириладиган бўлса, бу ерда шоколадларнинг ичига ëнғоқ ҳам аралаштирилиб чиқарилардики, у конфетларга алоҳида хусусият бағишлар эди. Кондитер фабрикасининг олдидан ўтаëтганингизда ҳамма ердан шоколаднинг ҳиди келиб турарди. Бир-икки ўтган одамларга ҳавоси жуда мазадай ҳам кўринарди, дейди Қаҳрамон ака.

Қахрамон ака айтган "Қорақум" шоколади , “Учрашув” комедияси қаҳрамони Эргаш Каримовнинг асабини қақшатгани кинотомошабинлар ëдида.

Бу фабрика шаънига қўшиқлар бағишланган, шеърлар армуғон қилинган. Ана шундай шеърлардан бири рус шоири Александр Гринбалтга тегишли.

Қандолат фабрикасининг номи "Ўртоқ",
Унинг иши ундоқ-бундоқ,
Аммо халқ ерди бўлиб ўртоқ ўртоқ,
Ширинликлар бизга шифо бўлди
Стресс ва калла оғриққа даво бўлди.

Бу фабрикада бир пайтлар ишлаган Татяна ҳозир Россияга кетиб қолган, у ўзи ишлаган дамларни ширин хотира каби эслайди.

- Мен ҳозиргача энди қолипдан чиққан, ҳали шакар сепилмаган мармелад таъмини бармоқларимда сезаман. Менинг бармоқларим карамел ўрайдиган ускуна мурувватини ҳануз хотирлайди. Мен энди чиққан карамелларни ўша ускуна воситасида қоғозга ўрар эдим. Конвейердан чиқаëтган шоколад дарëси, гувиллаб ëниб турган ўчоқлар устидаги қозонларда ерëнғоқ ва бодом қовурилар эди. Ускуна барабанларидан бир бир тушиб келаëтган конфетлар паради. Бу менинг ëшлигим эди. Фабрика менинг қадрдон уйим эди. Бугун мени бу уйдан маҳрум қилишди. Мен маънавий БОМЖга айландим.

“Ўртоқ” қандолат фабрикаси ўрнида “яшил майдон” бўлиши айтилмоқда. Ўтган асрнинг 70 йилларида мана шу фабрика маҳсулотларини сотиб тирикчилик қилган тошкентлик Абдуқаҳҳор ака эскини бузиб янгини қурмаëтган раҳбарлардан ранжиб гапиради.

- Бузишдан олдин қурсин одамларни иш билан таъминлаб. Бузиб ташлаб, ўзингизнинг хабарингиз бору миллионлаб одамлар ишсиз юрибди. Президентнинг ўзи нима деган эди: олдин қуриб, кейин бузларинг деган эди. Ҳозир тескариси бўлаяпти. Оддий мана ëнимдаги заводни олинг. 70 минг одам ишларди. Ҳозир 1800 нафар одам қолди. Ана расвосини чиқарди.

Озодлик: Ўртоқ конфет заводи банкрот бўлган экан.

- Биламан. 1970 йилларда ўша конфетларини Самарқандларга таширдик. Бизларда махсус банкрот ҳам қилаверади.

Озодлик: Балки иқтисодий кризис бўлиб одамлар конфет сотиб олиб емай қўйгандир.

- Энди сифати бўлмаса ўзингиз ҳам олмайсизку. Бу ëқда нарх ҳам баланд. Даже 1 килоси 48 минггача. Энди ким олиб беради ўзингиз ўйлаб кўринг. Яхши конфетнинг бир килоси магазинда 48 минг. 24 минг, 12 мингликлар бор. Бу ëқда ойлик бермаса, ҳаммаси карточкада бўлса, конфетни фақат ўша додахўжалар ейди.

Озодлик: Бу заводнинг конфетлари олдин Қозоғистон, Украина, Россияга кетган экан. Энди тескариси бўлаяпти. Олой бозори ëнидаги завод ëпилди. Энди Қозоғистондан, Украинадан, Россиядан келган конфетларни еяпмиз. Нима учун “Ўртоқ” фабрикасининг моллари ўша тарафларга кетиб ривожланмади?

- Биринчидан, бизларда иш системаси умуман нотўғри. 99таси келиб ҳадеб проверка қилаверса, улар бекорга келмайдию. Масалан бизларники ҳам зўр ишлаб турарди. Бу ëқдан прокурор келса, бу ëқдан налог келса бер деб. Булар ноилож бериши керак. Буларга ундан кўра заводни бузиб ташлаб Қозоғистондан олиб келган яхши. Нимага десангиз, молни олиб келиш учун у ëқ билан договор қилиб булар шапкасини олиб олади. Бу ëғини оладими, чиқиб ëтадими иши йўқ. Тушса, сотувчи тушади, дейди Абдуқаҳҳор ака.

Абдуқаҳҳор аканинг айтишига кўра корхона рентабелли ва истиқболли фабрика бўлган.

- Қанча одамни иш билан таъминлаб турган бу. Ҳозир бундай олсангиз, шаҳарда ишлайдиган жойнинг ўзи қолмаяпти. Ҳамма ëқни буз-буз. Энг зўр завод шу бўлган ўзи шаҳарда. Қорақумни чиқарарди. Зўр-зўр конфетлар чиқарди. Энг яхши конфетлар фақат ўша ердан чиқарди. Биласизми, бунинг орқасида яна ўша пул қилиш турибди. Бизларнинг давлатда ўтирганларнинг ҳаммасининг нияти битта: қаердан қанақа қилиб пул қилиш. Кейин яна ўзимизда чиқадиган конфетларнинг умуман нимаси йўқ деса ҳам бўлади.

Озодлик: Олдин яхшимиди?

- Мақташмасу олдингиларга етмайди. Даже оддий печенени олинг макарон билан. Нафақат конфет ҳаммаси зўр эди. Ҳозир Тошкентда конфет олмоқчи бўлсангиз, мана Россиядан олиб келишади ҳар хил йўл билан, бизларники билан уларникининг орасида ер билан осмонча фарқ бор, дейди Абдуқаҳҳор ака.

Аммо нега бу корхона бундай таназзулга юз тутди? Фабрика тарихини ўрганган тошкентлик Қаҳрамон ака назарида бу Ўзбекистондаги 20 йиллик нотўғри иқтисодий сиëсат меваси.

- Тизим бузила бошлагандан кейин бу ердаги фабрика касодга учради. Яхши маҳсулотларни олишга уларнинг ҳуқуқи бўлган эмас. Давлат томонидан шу вақтда чиқарилаëтган маргарин, шу билан конфетларнинг сифатлари тушиб кетиб, қиммати қимматлашиб кетган. Чунки 1990 йилларда шундай шароит эдики, кондитернинг тўртдан бири, бешдан бирида иш юритилгани билан қолганидан қутулиш имконияти йўқ эди. Уларнинг ҳаммасига солиқ солинаверар эди. Бу заводга нисбатан 1990 йилларга тўғри келди. Ҳали давлат тепасида ўтирганлар давлатни қанақа қилиб бошқаришни билмайди. Муаммолар ниҳоятда кўп. Иттифоқ бўйича бутун алоқалар узилаëтган пайтлар. Бу фабрикани ўша вақтда давлат томонидан “Тиклаларинг” дейдиганлар бўлмади. Иккинчи томондан корхонанинг раҳбарлари сиëсатга аралашадиган, давлатдан бир нарса талаб қиладиган одамлар бўлмаган бўлса керак. Кўпроқ “Вақтдан фойдаланиб қол. Чўнтагингни тўлдир. Ўзингнинг тирикчилигингни қил. Бошқа билан ишинг бўлмасин” ва ҳоказо, дейди Қаҳрамон ака.
XS
SM
MD
LG