Линклар

Афғонистонда бир ҳафта ичида 60дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлгани айтилмоқда


Душанбага ўтар кечаси Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида НАТО ҳаво ҳужумида бир оиладан олти киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу воқеа Афғонистон ҳукумати НАТО қўшинларини сўнгги беш кун ичида Кунар вилоятида 64 нафр тинч аҳоли вакилини ўлдирганликда айблаётган пайтга тўғри келди.


НАТО етакчилигидаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида бир оиладан олти киши ҳалок бўлганига оид иддаолар юзасидан тергов олиб бораётганини маълум қилди.

Афғонистон расмийлари эр-хотин ва уларнинг тўрт нафар фарзанди якшанба кечаси НАТО кучларининг ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганини айтмоқда.

Нангарҳор вилояти ҳокимлиги вакили Аҳмад Зиё Абдулзаи “ҳаво ҳужуми аслида йўл четига мина ўрнатаётган уч жанггарига қарши қилинган эди”, деди Франс Пресс агентлигига берган интервьюсида.

- Бу воқеада миналарни кўмаётган уч киши ҳалок бўлди. Афсуски, воқеа яқинидаги ҳовлида олти киши ҳам нобуд бўлди, деди Нангарҳор расмийси.

Бу воқеа қўшни Кунар вилояти расмийлари НАТО қўшинларини кейинги беш кун ичида амалга оширган ҳужумларида 64 фуқарони ўлдирганликда айблаётган пайтга тўғри келди.

НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар пайтида тинч аҳоли орасида талафотлар бўлиши Афғонистон ҳукумати ва Ғарб давлатлари ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабаби бўлиб келган. Сўнгги ҳодисалар бу тарангликни янада ошириши мумкин.

Якшанба куни Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Кунар вилоятида 50 фуқарони нобуд қилган ҳарбий амалиётларни кескин қоралади.

Озодлик билан суҳбатда Кунар вилояти ҳокими Файзулло Воҳидий кейинги кунларда амалга оширилган рейдлар ва ҳаво ҳужумларида вилоятнинг Ғози Обод туманида 64 киши ҳалок бўлганини таъкидлади.

- Ҳалок бўлганлар орасида 13 жанггари бўлган. Қолганлари етти ёшдан йигирма ёшгача бўлган 20 нафар аёл ва 29 нафар эркаклардан иборат бўлган. Ўлганлар шахси тегишли тарзда аниқланмади, лекин ёшларнинг аксари бегуноҳ бўлгани бўлиши керак, деди кунар ҳокими.

Ўтган ҳафта охирида ҳарбий амалиёт пайтида жароҳатланганларнинг кўпчилиги Кунар вилояти маркази Асадобод шаҳридаги шифохонага олиб келинди. Ғози Обод тумани Айлгал қишлоғидан бўлган Муҳаммад Иброҳим касалхонага жароҳатланган яқинларидан бирини олиб келди. Унинг айтишича, ҳужумлар қурбонлари орасида аёллар ва болалар бўлган.

- Кеча кечқурун соат ўнларда НАТО кучлари бомбардимон қилди ва камида 52 кишини ўлдирди. Улардан 12 нафари эркак эди. Ўлган ва жароҳатланганлар орасида ўттиз нафар бола ва ўнта аёл бор эди,- деди ғози-ободлик Муҳаммад Иброҳим.

Айлгал қишлоғидан бўлган Фарҳод исмли яна бир йигит Озодлик радиоси билан суҳбатда қурбонлар сони 62 киши, жароҳатланганлар эса 17 киши бўлганини гапириб берди.

НАТО қўшинлари матбуот котиби контр-адмирал Грег Смит Кунар вилоятида 18 феврал куни амалга оширилган операция пайтида тинч аҳоли орасида талафотлар бўлганига оид иддаолар юзасидан тергов ўтказилаётганини баён қилди. Унинг айтишича, халқаро кучлар ихтиёрида 18 феврал кечаси Толибон етакчилари бу минтақада мажлис ўтказишни режелаганига оид “аниқ разведка маълумотлари” бўлган. Назорат камералари ёрдамида туширилган тасвирларда минтақада тинч аҳоли вакиллари ёҳуд аҳоли яшаш пунктлари бўлганини кўрсатмаган, дея таъкидлади НАТО расмийси.

Кейинги икки йил ичида НАТО кучларининг ҳаво ҳужумлари ва тунги рейдларни ўтказишларига доир қоидалар кескин тарзда ўзгартирилган ва бу тинч аҳоли орасида талафотларнинг камайишига олиб келган.

БМТ эълон қилган сўнгги ҳисоботлардан бирига кўра, 2010 йилнинг дастлабки ўн ойи давомида Афғонистонда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 2009 йилнинг шу даврига солиштирганда 20 фоизга ошган. Уларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи жанггарилар ҳужумлари оқибатида нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG