Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:32

Қирғиз ҳукумати нарх ошишининг олдини олишга уринмоқда


Бишкекдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналар шу йил 23 февралидан бошлаб ўз маҳсулотлари нархини бир неча сўмга кўтармоқчи.
Бишкекдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналар шу йил 23 февралидан бошлаб ўз маҳсулотлари нархини бир неча сўмга кўтармоқчи.

Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари нархини тушириш мақсадида юз мингдан ортиқ оилага давлат ҳисобидан ун тарқатадиган бўлди. Бироқ мутахассислар бундай чоралар билан нарх-навони кескин тушириш мумкин эмаслигини айтмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бир неча ой ичида 54 фоизга кўтарилган. Айни пайтда Қирғизистон шимолида ва Бишкекда бир кило сифатли гўштнинг нархи 10 доллар, энг паст сифатли гўшт нархи 7 долларни, 50 килоли бир қоп ун нархи эса 32 долларни ташкил қилмоқда. Қирғизистон жанубида, жумладан, Ўш шаҳрида шу кунда бир кило сифатсиз гўштнинг баҳоси 5 доллар, бир қоп уннинг нархи эса 32 долларни ташкил қилаяпти.

Бир неча ой олдин эса гўштнинг баҳоси сифатига қараб 3,5-5 доллар, ун нархи эса 15-16 доллар атрофида эди. Қирғизистонда нафақат гўшт ва ун, балки бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавотларнинг нархлари ҳам кескин кўтарилган.

Аммо ҳукумат расмийлари озиқ-овқат маҳсулотлари нархи йил охиригача яна кўтарилишини айтмоқдалар.

- Бизнинг ҳисобимизга кўра, йил охиригача нарх-наво яна ўрта ҳисобда 10-15 фоизга кўтарилади, - деди Қирғизистон иқтисодиёт вазири Учқун Ташбаев.

Қирғизистон ҳукумати нарх-наво кўтарилишининг олдини олиш учун ҳукумат қошидаги антимонополия қўмитасига қонун асосида баҳоларни назорат қилиш ваколатини бермоқчи. Аммо Қишлоқ хўжалик вазирлиги Қирғизистон ўзини буғдой билан 63 фоизга, шакар билан 13 фоизга, ўсимлик мойи билан 22 фоизга таъминлашини қайд этаркан, бундай шароитда нарх-навони назорат қилиш мамлакатда озиқ-овқат кризисини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик вазири Тўрўғул Беков нарх-наво 50 фоизга арзон бўлган пайтда ҳам қирғизистонликлар белгиланган меъёрда овқатлана олмаганларини, баҳоларнинг кўтарилиши билан қашшоқлар сони янада кўпайишини айтади:

- Масалан, нонни олиб кўрайлик. Минимал кўрсаткич бўйича йилига ҳар бир одам 89 кило, физиологик меъёр асосида 115 кило нон ейиши керак. Бироқ статистикага кўра, ҳар бир қирғизистонлик бир йилда 188 кило нон ер экан. Гўшт меъёр бўйича 61 кило ейилиши лозим. Аммо статистика ҳар бир қирғизистонлик йилига 38 килодан гўшт истеъмол қилишини кўрсатаяпти. Бу эса одамларимизнинг қашшоқлиги кўрсаткичидир, - дейди вазир.

Бундай шароитда Қирғизистон ҳукумати 2007 йил тажрибасини яна қўлламоқчи. 2007 йилда ун нархи 50 долларга яқинлаб қолган, мамлакат қимматчилик гирдобида қолган эди. Ўшанда Бош вазир лавозимида ишлаган Алмазбек Атамбаев давлат заҳирасидаги уннинг маълум қисми 1 миллион одамга бепул тарқатилиши ҳақида кўрсатма берган эди. Шундан сўнг бозорларда озиқ-овқат махсулотлари нархи кескин тушиб кетган эди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати 123 мингдан ортиқ оилага давлат ҳисобидан бекорга 50 килограммдан ун тарқатилиши ҳақида қарор қабул қилди. Бу ун бозорларга чиқиб кетмаслиги учун ҳар бир қопга “Қирғиз республикаси ҳукумати томонидан бепул тарқатилаётган ун” деб ёзиладиган бўлди.

Аснода Бишкекдаги нон ишлаб чиқарувчи корхоналар 23 февралдан бошлаб ўз маҳсулотлари нархини бир неча сўмга кўтаришларини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG