Линклар

logo-print


“Емаган сомсага болалар ва қариялар пул тўлаяпти”

дейди Каттақўрғон шаҳридан қўнғироқ қилган Нафас ака. Унга кўра, бир кунда электр чироғи 4-5 соат ёнади, газ ё бўлади ёки йўқ, бироқ газ ва светнинг пули ортиғи билан болалар нафақасидан, қариялар пенсиясидан босиб қолинмоқда:

- Кўп ëқса, тўрт-беш соат ëқадида бир суткада. Мана ҳозир ҳам ўчик. Болаларнинг пособиесидан олаяпти, қариялоарнинг пенсиясидан олаяпти. Мажбурлаб олаяпти. Булар .ëлғондан “Биз пул бермагани учун ўчираяпмиз” деб айтаверади. Пулни ортиқча олаяпти. Ўзлари қарз, шунга қарамасдан сон-саноқсиз ўчиради, суткада тўрт-беш соатга етмайди ëқадигани. Қоронғида ташқарига чиқиб бўлмаса, бир жойга думалаб кетиш мумкин, соғлиқ керак одамга. Газни қаранг. Одамларнинг бўйнига 500 минглаб пул босган. Ҳар ой болаларнинг пулидан олишади. Газ идорасига борсам, ур-тўполон, очеред бўлаяпти. Иккита қизимизнинг боласи бор. Ўғлимнинг бноласи бор. Шуларнинг пособиесидан олиб қолаяпти, дейди Нафас ака.


“Жарроҳликдан бошқа давоси йўқми”

Шаҳрисабз шаҳридан қўнғироқ қилган Феруза аёллар орасида миома-бачадон касаллиги кўпайиб кетаётганлиги ва докторлар аксарият ҳолларда бачадонни олиб ташлаётганликларини айтади:

- Ҳозир аëлларда битта касаллик ëмон авж олиб кетдида. Ўсимта, миома деган касаллик чиқибдида. Ҳозир ҳамма докторлар “бу касални даволамаймиз” дейдида. Операцияга буюраяпти. Тошкентларга ҳам бордим, ўзимизга ҳам бордим. 70-80 фоиз аëл, ҳаммасини операцияга буюраяптида. Аëлларнинг аëллиги йўқолиб кетадику дейманда. Шуни даволаб бўлмайдими ëки бу юқтирадиган касалликмикан? Ҳеч шунга тушуна олмайманда. Қандайдир шамоллашдан, стрессдан, гармонал ўзгаришдан келиб чиқадиган касаллик. Ҳозир ҳамма аëллар бачадонидан айрилаяпти. Булар зарармасмикан деяпманда. 70-80 фоиз аëллар ИЖК қилинаяпти, бачадони олдириб ташланаяпти. Мен тушунмайманда бунақа касалликларга. Нимага даволаш мумкин эмас? Раккача даволанган касаллик, оддий миома дейилаяпти бу ерда. Шифокорлар мана шундай касаллик ҳақида гапирмайдида. Кейин сизларга айтсам деб ўйладим. Мана докторлар билан учрашасизлар Москва томонларда, мана ўзларингиз Прагадан чиқасизлар, ўша томонларда шундай касалликлар бормикан ëки фақат Ўзбекистонда эканми деб сўрамоқчи эдим. Миома касаллиги жуда кўпайиб кетган. Фақат ҳаммаси операцияда. Ҳар учта ëки тўртта аëлнинг биттаси шундай касал деса бўлади. Операция қилиниб бачадони олиб ташланаяпти. Аëллар иккита-учтадан кейин туғмайди майли. Туғиш мумкин эмас. Бора-бора таъсир қилмас эканми дейманда, дейди шаҳрисаблик Феруза.

Шаҳрисабзлик Феруза бу касалликни даволашнинг Ўзбекистондан ташқарида бошқа усуллари бор-йўқлиги ҳақида сўради. Биз Новосибирск шаҳридаги Михалкин клиникасида ишлаётган ўзбекистонлик шифокор-жарроҳ Сардор Раҳмоновга қўнғироқ қилиб Ферузанинг илтимосини эшиттирдик:

- Бачадон миомаси бу яхши, сифатли ўсма ҳисобланади. Бу дегани ҳали рак эмас дегани. Бирданига бу бачадон ампутацияси ëки бачадон экстрепацияси билан даволаш керак дегани эмас. Сиз айтаяпсизки, вилоятдаги барча врачлар фақат бачадонни олиб ташлаш йўли билан деяпти тўғрими? Бу тўғри даволаш йўли ҳисобланмайди. Авваламбор диагноз қўйилгандан кейин уни динамикада кузатиш керак. Ойдан ойга шу ëмонлашаяптими ëки йўқми. Операцияга бевосита сабаб нима бўлиши мумкин? Биринчиси, миоманинг тезлик билан катталашиб кетиши, иккинчиси миомадан қон кетиши. Ана шу иккита фактор операция қилишга тўғри кўрсатма ҳисобланади. Миоманинг ëмон сифатли ўсмага ўтиб кетиш эҳтимоли катта жуда ҳам. Шундан кейин орқадан тўғри ичак, олдиндан сийдик пуфагига ўтиб қўшма аъзоларда рак чақириш эҳтимоли бўлиши мумкин. Ўша пайтда миомани операция қилиб бачадонни олиб ташлаш мумкин. Бошқа ҳолатларда даволаш йўли кўп. Авваламбор организмга қайси гармон етишмаяпти, қайси гармон нормадан ошиб кетди, шунга қараб туриб гармонал терапия олиб бориш керак. Иккинчиси, инфекциясининг турини аниқлаб шунга қаратилган лечение қилишимиз керак. Миома диагнозини қўйиш учун авваламбор яхши диагностика бўлиши керак. Оддий УЗИ билан бирор-бир бачадоннинг тугунини кўриб миома диагнозини қўйиш керак эмас. Бачадонни олиб ташлаш давоси энг охирги чора,- дейди Новосибирск шаҳридаги Михалкин клиникасида ишлаётган ўзбекистонлик шифокор-жарроҳ Сардор Раҳмонов.

“Халқ мулкин ўмарган жиноятчи шоҳ, тахтидан воз кечмас берса ҳамки жон”

дейди ўзбекистонлик адабиёт ўқитувчиси Ҳаққул, Ливиядаги воқеаларга муносабат билдирар экан:

- Қаддафийнинг ўғлининг гапларини эшитдик. Триполини ҳимоя қиламиз дебди. Самолëтдан бомба ташлаганларини кўрсатишди. Бу ўта ваҳшийлик бўлиб туюлдида менга. Қандай қилиб тинч аҳолига бомба ташлаш мумкин? Мен бунга умуман тушуна олмай қолдим. Шунинг учун мен битта шеър ëздим. Рухсат берсангиз, ўқиб бераман.

Қузғунни шоҳ қилди қушлар адашиб,
Сургун бўлди бургут, лочин, дарғалар,
Булбул сайрамай қолди бўшашиб,
Ҳукмдор бор бугун қора қарғалар.

Чақимчи чумчуқнинг кўпайди иши,
Қарқуноқлар эмиш олди сухандон,
Фуқаронинг ҳаққи шоҳнинг емиши,
Ким ўғри ҳаммадан бўлар бадгумон.

Мирзалар устига қурилмиш тахти,
Мақтаб турар бойқуш унинг маддоҳи,
Қора қарғадан ҳам қораяр бахти,
Қора қузғун бўлгач ватаннинг шоҳи.

Иккинчи шеъримни ҳам ўқиб бераман.

Бир хум қонга ботирилганида ҳам,
Қонга тўймайди ҳеч Кайхусрав боши,
Тўймас қонсираган Қаддафийлар ҳам,
Тўлса ҳам Триполнинг ичи ва таши.

Кимники қалбига иблис ҳукмрон,
У кимсада бўлмас инсофу иймон,
Халқ мулкин ўмарган жиноятчи шоҳ,
Тахтидан воз кечмас берса ҳамки жон.

Ҳеч кимга насиб қилмас ўзганинг моли,
Ошкор бўлар бир кун барча жиноят,
Ботирлардан қолар шону иқболи,
Нафрату лаънатга қолар хиëнат.

“Қувғинликда ҳам тинч қўймайсиз, Ислом ака”

дейди Эрондан бошпана олган ўзбекистонлик Ҳазрат. У Россияда Дилмурод Салимовнинг Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинганлигига норозилик билдиради:

- Ўзбекистон ҳукумати Дилмурод Салимовни қидирувга эълон қилган экан. Менинг Каримов режимига, МХХга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига саволим бор эдики, Ўзбекистондаги инсонлар уларга нима ëмонлик қилган? Улар ўз юртида ибодатини қилолмаса, ўзининг тинчи, амнияти, ибодати учун четга чиқиб кетса, четга чиққанда ҳам ибодат қилгани қўймасдан кетидан қидирув эълон қилиб уларни чақиртириб, қамоққа ташлаб “ақидангдан қайт, динингдан қайт” деб. Ўзбекистоннинг одамлари бу режимнинг қулимаску. Оллоҳнинг қулию ҳамма. Оллоҳ таоло инсонни озод қилиб яратган. Ҳатто Оллоҳ инсонларни мажбур қилмаган. Динда зўрлаш йўқ. Каримовнинг қилаëтган иши, сиëсати, ўзини Оллоҳ таолодан ҳам катта ҳисоблаяпти. Шунинг учун менинг айтмоқчи бўлган гапим бироз инсоф билан иш қилишсин. Мусулмонлар ўз юртида ибодат қила олмаса, чет элга чиқиб кетса Интерполга бериб кетидан қидирув эълон қилса, нима мусулмонлар уларнинг қулими ëки сотиб олганми? Шу нарсани айтмоқчи эдим. Оллоҳдан уялсин. Ҳаққи йўқ бунақа қилишга. Бир кун келиб бу ишларга жавоб бериш бор. Улар бизни кечирмаяптими, биз ҳам уларни бир кун кечирмаймиз, дейди Эрондан бошпана олган ўзбекистонлик Ҳазрат.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG