Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:13

"Сен қайдан биласан?"


Собиқ иттифоқ республикаларининг баъзиларида рок концертлар фуаровий жамиятни тарғиб қилиш воситасига айланган.
Собиқ иттифоқ республикаларининг баъзиларида рок концертлар фуаровий жамиятни тарғиб қилиш воситасига айланган.

Ўзбекистон телевидениеси “Ëшлар” телеканалида душанба куни берилган махсус эшиттиришда рок-н-ролл ва рэп мусиқалари танқид қилинди. “Оҳанг ва офат” номли ҳужжатли дастурда рок-н-ролл ва рэп мусиқаларини “қора кучлар томонидан яратилган шайтоний мусиқа” деб қораланди.


Ўзбекистон телевидениесида берилган “Оҳанг ва офат” дастури муаллифлари фикрича, “рок мусиқаси Африканинг ов расм-русмларидан келиб чиққан”, рэп мусиқасини эса “қамоқхонадаги маҳбуслар яратган.” Дастурда “Ғарбнинг рок ва рэп мусиқасининг зарарли таъсири ва унинг ўзбек ёшлари бошига қора булут янглиғ яқинлашаётгани хусусида ташвиш билдирилган.

Ўзбекистонлик таниқли рок-мусиқачи, ўтган асрнинг 80 йилларида "Оригинал" номли гуруҳга асос солган таниқли ашулачи Даврон Ғойипов Озодлик билан суҳбатда "Ёшлар" телеканалида янграган фикрларга қўшилмаслигини таъкидлади.

- Биз классик рок музикантлар учун у нотлўғри нарса. Классик рок музика, музика билан олиши керак, кўриниш билан олиши керак эмас. “Рок-н-Ролл сен Қашқадарëдан баралла” деб айтганманда. рок-н-ролл, рэп, шашмақом – ҳар қайсинисининг ўзининг йўналиши бор. Одамзотга боғлиқ. Айрим одамларнинг ўқимишсизлиги натижасида келиб чиқадида. Ҳар бир инсон яхшироқ китоб ўқиса, ўшанда бунақа тушунмовчиликлар бўлмайди. Ҳар ким ўзининг ишини қилиши керак. Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин дейдию. Четдан четга ўзини урмаслиги керакда одам. Бу айрим ўқимаган шахсларнинг найранги бўлса керак,- дейди Даврон Ғойипов.

Ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев ўзбек миллати ўзлигини сақлаб қолиш учун ўз миллий мусиқа анъаналарига содиқ қолиш керак, деган фикрда собит.

- Бу энди санъатмаску. Ўзининг тингловчиларини девоналикка етаклайдиган, девона ҳолатга соладиган санъат санъат эмаску. Одам қўшиқ эшитганда чарчаб ўтирган бўлса, руҳи ëзилиб, энергия қувват оладиган, одамнинг танаси, маънавий дунëси яйрайдиган бир нима бўлиши керакда. Мана ўзимизнинг классик қўшиқларимиз. Очиқ гап жуда юрагимизда. Одам шодлик пайтида ҳамма қўшиқни ҳам ҳазм қилиб кетаверади. Бошингизда озроқ дардингиз бўлса қаранг, Навоий қўшиқлари, Фузулий қўшиқлари, классик қўшиқлар, Маҳтумқули қўшиқлари - ўшалар юрагингиздаги дардингизни бўшатади. Ўшаларнинг куйи ҳам бир бошқача, сўзи ҳам бир бошқача. Бизнинг маданиятимиз, бизнинг қадриятимиз мана шуларда. Тўғри, Ғарбнинг ҳам маълум бир қисми секин-секин кириб келаверади. Лекин сиз айтгандай рок, поп-моплари бизга сингмаяптида. Опералар 70 йил сингмагандай булар ҳам сингмаяптида. Ғарбнинг қўшиқчиларига қўшилиб, минглаб одам майдонда тентак бўлиб қолади. Санъатмас-да энди булар,- дейди кекса журналист Шароф Убайдуллаев.

Ўзбекистон давлат телевидениеси намойиш қилган “Оҳанг ва офат” номли ҳужжатли дастурда “рок мусиқаси Африканинг ов расм-русмларидан келиб чиққани”, рэп мусиқасини эса “қамоқхонадаги маҳбуслар яратгани” айтилади. Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси, таниқли мусиқа арбоби, бастакор Рустам Абдуллаев мутахассис сифатида бу фикрга қўшилмайди.

- Гап шундаки, ҳеч нарсани инкор қилиб бўлмайди ҳаëтда. Рокнинг ҳам энди ҳар хил кўринишлар борку. Оғир рок, енгил рок дейилади,- дейди Рустам Абдуллаев.

Абдуллаевга кўра, рэп ва рок-н-ролл анъаналари ўзбек мусиқаси тийнатида бор.

- Рэп дейсизми? Рэп мусиқалари ўзимизда ҳам борку. Масалан “Қовун қовунлор дадим, мозоли қовунлор дадим”, дейди Рустам Абдуллаев.

Рок қўшиқларини айтган таниқли ашулачи Даврон Ғойипов рок-н-ролл мусиқасида Марказий Осиё оҳангларини ҳам эшитиш мумкин эканига ҳақида Рустам Абдуллаев билан фикрдош.

- Агар рок мусиқанинг тагига етадиган бўлсак, бизларнинг ўзларимизда дуторда ўйналадигани борку, улар биздан олган бўлиши мумкин. Чунки кварта, квинталарда асосан бизларникилар ўйнаган. Бизларнинг дуторчилар кварта, квинтада ўйнайди. Рок мусиқа ҳам худди шунақа йўлда. Ким кимдан олганлиги ҳали ҳеч кимга маълум эмас,- дейди Даврон Ғойипов.

Даврон Ғойиповнинг “Бу нима бу”, “Сен қайдан биласан?” каби қўшиқлари ҳозирги борлиқда аччиқ савол каби янграйди. Даврон Ғойиповнинг “Мен ишонмайман одамларга, мен Худога ишонаман” деган қўшиғи бугунги Ўзбекистондаги ишончсизлик муҳитининг мусиқий сувратига менгзайди.

Ўзбекистонлик таниқли рэп ашулачиси Акромнинг 2011 йилда айтган қўшиғи эса Тошкентни чирмовуқдай қоплаган милиция ходимларига бағишланади.

Аммо ҳамма рэпперлар ҳам Ўзбекистон сиëсатига киноя билан қарамаяпти. Шоҳруҳ рэппернинг қўшиқлари ҳозирги ўзбек расмий мафкурасининг овозли иллюстрациясига ўхшайди.

Россиядаги таниқли "Звуки Му" гуруҳи асосчиси, рок машшоқ Александр Лепницкий Озодлик билан суҳбатда мустабидларнинг доимо рок-н-ролл душмани бўлганини айтади.

- Ўз тахтида ўмарган пулларини тагига босиб маҳкам ўтириш истагидаги мустабид ўз халқини эски қолипларнинг асири сифатида кўришни истайди. Ўтган асрларнинг асири бўлганлар эса эртани ўйламайди. Аҳоли қанча жоҳил бўлса, улар замонавий илм ва янгликлардан узоқ бўлса, бундай халқни бошқариш осон бўлади. Эркин одамларни тизгинда ушлаб бўлмайди, сайловларни сохталаштириш ҳам мушкул бўлади. Бу ўринда Каримовнинг Брежневдан, Муборакдан, Қаддафийдан, Фидел Кастродан фарқи йўқ. Дарвоқе Фидел Кастро рок-н-ролл ашаддий душмани бўлган ва рок садоларини шайтоний деб атаган ҳам у,- дейди Россиядаги таниқли "Звуки Му" гуруҳи асосчиси, рок машшоқ Александр Лепницкий.

Эслатиб ўтамиз¸ Ўзбекистон давлат телевидениеси рок-н-ролл ва рэп мусиқаларини “қора кучлар томонидан яратилган шайтоний мусиқа”, деб қоралади. Ўзбекистонлик рок-н-ролл ветерани Даврон Ғойипов одамларнинг мусиқасиз ҳам шайтонга дўнаëтганини айтади.

- Ҳар қайсинисининг ўзининг публикаси бор.

Озодлик: Бу шайтоний мусиқа деган гаплар айтилаяпти-да.

Даврон Ғойипов одамларнинг шайтонга қўл беришига рок ёки рэпнинг алоқаси йўқ, дейди.
- (кулиб) Шайтоний мусиқа? Чиқиб “уни шайтоний, буни шайтоний” деб одамларни йўлдан уриш керак эмас. У нотўғри нарса. Агар ўзи шайтон йўлида бўлмаса, у ҳеч қачон бўлмайди. Мусиқасиз ҳам шайтон йўлида юрган одамлар бор. Умуман мусиқа эшитмайди, лекин шайтон йўлида юради. Мусиқанинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ унга. Мусиқа аксинча одамларга ëрдам беради. Олдин болалар кўчада хулиганлик қилмасин деб мусиқа мактабларига бериб пианино, скрипка ўргатишган,- дейди Даврон Ғойипов.

Ҳолландияда истиқомат қиладиган бастакор Герман Попов рэп ва рок бугунги глобализм меваси сифатида Марказий Осиë ëшлари шуурини қоплаганини айтар экан, бунга қарши курашиш жанубга қараб эсаëтган шамолга сен шимолга эс дейиш билан баробар деб ҳисоблайди.

- Ғарбдан эсаëтган мусиқий шамоллар очиқ деразалардан кириб, эски моғор босган шууримизни тозаламоқда. Орқага ëпиқ деразалар даврига қайтиш имкони йўқ,- дейди бастакор Герман Попов.
XS
SM
MD
LG