Линклар

logo-print

Владивостокдан Туркиягача

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон жанубидаги ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур қилинган ўзбеклар бугун маширқу мағрибда сарсон.

Қирғизистон жанубидаги ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур қилинган ўзбеклар бугун маширқу мағрибда сарсон.

Шу кунда қирғизистонлик ўзбекни Яқин Шарқда ҳам, Узоқ Шарқда ҳам учратиш мумкин. Июн воқеаларидан кейин Ўшнинг ўзидан 60 минг киши чиқиб кетганини Ўш вилоят миграция хизмати ўтган ҳафтада эълон қилди. Норасмий маълумотларга қараганда, 60 минг кишининг мутлақ кўпчилиги ўзбеклардир.


Агар биргина Ўшдан 60 мингга яқин ўзбек чиқиб кетганидан келиб чиқсак, умуман республикадан чиқиб кетган ўзбеклар 100 минг нафар атрофида эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Ватанига қайтолмай юрган баъзи ўзбеклар билан суҳбатлашдик.

Россия. Владивосток.

Ўзини Абдуҳошим, деб таништирган ўшлик июн қирғинигача Ўшдан бир қадам ҳам нарига чиқмаган.

Қирғиндан кейин Ўшда яшашнинг иложи қолмади, дейди Абдуҳошим.

- “Нима бўпти? Уни қилган бўлса, бутун қирғизлар қилибдими? Қирғизлардан ëру-биродар дўстларимиз борку. Ëмон одамлар қилди” десак, кўчада ҳам юришнинг ўзи бўлмай қолди. Униси у ëқда масхара қилиб туртиб, буниси бу ëқдан ҳар хил гап-сўз қилиб, маҳаллама маҳалла юришиб, гувоҳ бўлганим 15 ëшдан тепа болаларни ҳам тиқиб ташлади. Мамлакатга қирғизлардан кўра кўпроқ фойдаси тегаëтган ўртоқларимиз, йигитларни тиқиб ташлади, дейди Абдуҳошим.

Бир умр мусиқа билан шуғулланган Абдуҳошим бўйига етиб қолган икки ўғли билан бир неча ойдирки Владивостокда. Қандолатчилик цехида ишлаяпти.

- Иккала фарзандимни ҳам олиб келганман. Уларнинг ҳам орқасидан милиция қувлаб юрган экан. Ҳозир мен шу кунда кондитер билан шуғулланаяпман. Ҳозир бир иш топиб олдим. Танишимиз менга бир иш топиб берди. Хамир қилаяпман, кекс пишираяпман. Шунга ўхшаган ишлар. Бунинг орасида мардикорчилик ҳам қилаяпман, дейди Владивостокдан Абдуҳошим.


Туркия.

Ўзини Мамиржон, деб таништирган йигитнинг Ўшда катта дўкони бор эди. Қирғин кунлари босқинчилар дўконни талаб, ёндириб юборган. Мамиржонни Туркиядан, иш жойидан топдик.

- Фабрикада ишлаяпман. Лекин у ҳам қочоқ бўлиб. Бизга бу ерда ишлаш мумкин эмасда.

Озодлик: Нолегал ишлаяпсиз.

- Ҳа, мажбурмиз. 5-10 сўм емоқ-ичмоқ, яшагани.

Озодлик: Оладиган иш ҳақингиз тирикчилик учун етаяптими?

- Ортмайдию, еб-ичиб, еб-ичиб шун кунларда.

Озодлик: Умуман Туркияда сизга ўхшаганлардан кўпми?

- 200 оила бўлса керак, дейди Туркиядан ўшлик Мамиржон.


Россия. Санкт Петербург.

Ўшлик кинооператор ва режиссёр Тоҳиржон Россия фуқаролигига ўтмоқчи.

- Ҳозирги пайтда ҳеч қанақа иш қилаëтганим йўқ. Паспорт орқасидан югуриб юрибман.

Озодлик: Россиянинг паспортини олмоқчисиз-а?

- Энди иложим йўқ. Мен у ердан учëтдан чиқартириб келиб олдим. Гражданство олмасам, у ерда келажакка кўзим етмаяпти.

Озодлик: Оилангиз қаерда?

- Оилам ўзим билан шу ерда. Хуллас оилам билан келганман. Бор мол-мулкимни писта пулига сотиб келиб олганман. Энди у ҳам тугади. У ëқдан, бу ëқдан қарз олиб эплаб паспорт олиб олсам, ишлар кўп экан, ишлар бор экан. Менга ўхшаб бу ерда юрганларнинг кўпчилиги, мен энди русчани биламан, жуда сарсон бўлиб кетди, дейди Санкт Петербургдан Тоҳиржон.


Украина. Киев.

Жалолободлик тадбиркор Шаҳобиддин Юсупов Украинадаги ўзбеклар миллий маркази раиси.

Унинг айтишича, июн қирғинигача Украинада 1000 нафарга етмаган қирғизистонлик ўзбек бўлган. Шу кунда, уларнинг сони 15 минг кишидан ортган.

- Бунинг ичида 75-80га кирган чоллар, кампирлар ҳам бор. Олий маълумотли, ўзининг иши бор, бизнеси бор, ўшалари ëниб кетган, куйиб кетган. Шахсан ўзимни айтадиган бўлсам, мен ўзим 43та қариндошларимни олиб келдим. Битта чевар келинимизнинг ательеси бор эди. Ўшани ҳам ëндириб юборишди. Кўпчилиги энди безор бўлганидан келаяптида.

Озодлик: Украинадаги қирғизистонликларнинг тирикчилиги қандай бўлаяпти? Иш борми, шароитлари қандай?

- Ҳозирги кунда биринчи муаммомиз шу. Украина расман қочқинлик мақоми бермаяпти. Қочқинлик мақоми бўлмагандан кейин ишлашга ҳаққинг йўқ. Гостевой приглашениеда келинган. Украинанинг закони бўйича ишлашга ҳаққинг йўқ. Шунга биз ўз диаспорамиздан вазирликка хат ëзганмиз, ҳар битта нималар билан гаплашиб тушунтираяпмиз. Хуллас аҳвол чатоқ. Одамлар қиш кунларида ë қорнини тўйғиза олмайди, ë квартирасига тўлай олмайди. Ҳаммаси сарсон бўлиб, аҳвол қийин, дейди Украинадаги ўзбеклар миллий маркази раиси жалолободлик Шаҳобиддин Юсупов.

Хуллас, июн қирғинидан сўнг қирғизистонлик ўзбек сочилиб кетди – Шарқ билан Ғарб ўртасида сарсону саргардон.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Россияда ҳам Украинадагига ўхшаш қирғизистонлик ўзбекларнинг бир неча жамоат ташкилоти тузилганини, улардан бирининг таъсисчилари орасида космонавт Солижон Шарипов борлигини билдик.

Кейинги эшиттиришларимизда ўша ташкилотлар тўғрисида алоҳида ҳикоя қиламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG