Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

Сиëсатнинг тугаши ëки Темурнинг суяк пуллари


Ислом Каримов "август" ваъдасини берганида камзулидан ҳали СССР нишони тушмаган эди.
Ислом Каримов "август" ваъдасини берганида камзулидан ҳали СССР нишони тушмаган эди.

Амир Темур олис юртларда уруш қилаëтган пайтда қўли қисқа бўлиб, аскарларга тўлашга пули қолмади. Дарҳол пул келтиринг, деб Самарқандга чопар юборди. Сал ўтиб чопар пул ўрнига хат билан қайтиб келди. Хат Бибихонимдан эди.


Пулингиз тугаган бўлса, сиëсатингиз ҳам тугадими, деган қисқа ва аччиқ жумла бор эди мактубда.

Амир Темур бу мактубни мушоҳада қилиб, қўшинлар капа тиккан адирни айланди. Кўпминг кишилик қўшин тановвул қилган қўю йилқиларнинг суяклари тоғ бўлиб ëтар эди.

Амир Темир бу суяклардан танга шаклида кесдириб, устига сикка урдириб, пул зарб қилдирди.

Қўшин олдида чиқиш қилиб, хазина Самарқандда бўлгани боис маош суяк пул билан тўланишини билдирди.

Биринчи имконият туғилиши билан бу суяк пулларни дарҳол олтинга алмаштириб бераман, деди соҳибқирон.

Аскарлар Амир Темур ваъдасига ишонди.

Орадан сал ўтиб йирик жангда Амир Темур ғолиб чиқиб, катта ўлжаю ғаниматларни қўлга киритди. Аскарлар қўлидаги суяк пуллар олтинга алмаштириб берилди.

Амир Темур бир сиëсатчи каби ваъда берди ҳамда ваъдани бажарди.

Сиëсатчининг гапи билан иши бир бўлиши мумкинлигига тарихдан бир ўрнак эди бу.

Бугун Темур зарб қилган муваққат суяк пуллар унинг олтин тангаларидан кўра кўпроқ қадрланади.

Нумизматлар бу суяк пулларни сиëсатчига кредит олиб келган дунëдаги илк кредит карталари деб билишади.

Кейинги бир ой Европа ва АҚШ сиëсатчиларининг “аҳдга вафо” деб аталадиган эски қадриятдан аллақачон мосуво бўлганини фош қилди.

Араб кўчаларида халқ “Муборак кетсин” деб турганида, АҚШ президенти Барак Обаманинг каловланиб чайналгани унга шараф келтирмади.

Бундан сал олдин инсон ҳақлари ва ҳуррияти бош шиоримиз деб аҳд берган Европа Иттифоқи мулозимлари Брюсселда Ўзбекистоннинг қариб қолган мустабидини қабул қилиши шармандали манзара эди.

Ўзбекистон конституциясига кўра ҳам қонунсиз бўлган узурпатор Каримовнинг Андижонда намойишчилар қонини тўккани Европа мулозимлари хотирасидан фаромуш бўлди шекилли.

Аммо сал ўтмай Тунис ва Миср мустабидларига сичқон ини минг танга бўлгани Европа мулозимлари эсини жойига келтирди.

Кечагина Муборак товоғидан ош еб, ялтироқ тўн кийган француз мулозимлари типирчилаб қолишди.

“Биз сенинг сайловолди ваъдаларингга қараб овоз берган эдик. Тунис президенти чорбоғида текин қуëшга тобланиш ëки Муборак товоғидан текин ош ейиш учун эмас” дейишди фаранг сайловчилари ўз Ташқи ишлар вазирига.

Шу ўринда Барак Обаманинг сайлов арафасида мустабидлар билан мулоқот олиб бораман деган ажабтавур ваъдаи муборагини эсласак.

Бу ваъданинг Тунис ва Миср масаласида миси чиққани бугуннинг ҳақиқати.

АҚШ президентлигига республикачилардан номзод Жон МакКейн мустабидлар четлаб қўйилиши, мазлумлар курашига кўмак лозимлигини айтган эди.

Араб кўчаларидаги бугунги манзара фонида МакКейн гаплари нақадар ўринли экани аëн бўлди.

Қутурган итлар билан мулоқот қилинмаслигини ҳар бир мол духтури билади.

Оқ уй вакили Блейкнинг Оқсаройга бориб, ўзбек мустабидини ачомлашига ҳар қандай геосиëсий жубба кийгизилса-да, барибир чиройли кўринмади.

Сиëсатнинг тугаши эмасми бу?

Сиëсат Оқ уйу, Оқсаройларда эмас балки майдонларда таҳрир бўлишини яна араб кўчаларида кўрдик ва кўряпмиз.

Ҳар қандай исëн орқасида Америка ва Исроилни кўрадиган мутаассиблар ҳам бу гал гапиришга гап топишмади.

Бундан 40 йилча олдин, 1969 йил январида подшоҳга қарши исëн қилиб уни енган полковник Муаммар Қаддафий Ливия халқига фаровонлик, эрк ва саодат ваъда қилган эди.

Қирқ йил ўтиб, ваъдага вафо қани? деб сўрашмоқда ливияликлар Қаддафийдан.

Суяк пулларни олтинга алмаштиринг полковник, дейишмоқда майдонларга тўкилган ливияликлар.

Ҳар бир халқ ўз ҳукмдоридан буни сўраш ҳақига эга, фақат бунинг учун бир оз жасорат лозим.

Тошкентдаги Mустақиллик майдонига ўтган ҳафта Абдулла Тожибой ўғли чиқиб “Каримов кет. Сенинг давринг битди. Ваъдаларни бажара олмадинг. Эрк сўраганларни қамадинг” деб айтди.

30 миллион одамдан бир киши чиқди, шунга ҳам шукр.

Икки киши чиқса яна яхши бўлармиди? Битта ўтин печкада ҳам ëнмайди, икки ўтин эса далада ҳам гуриллаб ëнаверади, деган рус мақоли бор.

Каримов 1992 йилда парламентда чиқиш қилиб, августда мана бундай яшаймиз деб бош бармоғини кўрсатган эди.

Бу ваъдага вафо қани, бош бармоғимиз осмонга қараб қачон "во" бўлиб яшаймиз деб ҳар йили августда сўрадик, жами 20 марта сўрадик.

Жавоб ўрнига миршабнинг ўрта бармоғини кўряпмиз холос.

Сиëсат тугаган жойда уруш бошланади деган эди биринчи жаҳон уруши арафасида немис генерали Клаузевиц.

Наҳотки сиëсатнинг тугаши ғалаëнлар ва исëнлар бошланишига сабаб бўлса?

Агар буни истамасак, сиëсат тугашига йўл қўймайлик, суяк пуллар олтинга алмаштирилишини, берилган ваъдага вафо қилинишини талаб қилайлик.
XS
SM
MD
LG