Линклар

Баҳрайнда 100 нафар сиёсий маҳбус озод қилинди


Баҳрайн ҳукумати мамлкат қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳбуслардан 100 нафарини озод қилди. Улар орасида террорчиликда айбланиб қамалган шиа мухолифатчиларидан 23 нафар фаол ҳам бор.

Бу баҳрайнлик намойишчилар талабига қирол Ҳамад бин Иса ал-Халифанинг жавоби бўлди.

Ҳукумат истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган намойишларда етти киши ўлгани ва юзлаб одам жароҳатлангани айтилмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама, Британия ташқи ишлар вазири Уильям Хейг Баҳрайнда тинч намойишчиларга нисбатан куч қўлланилганини қоралади.

Баҳрайн ҳукумати аксилҳукумат намойишлари боис март ойига белгиланган "Формула-1" мусобоқаларини бекор қилди.

Мусобоқалар Баҳрайнда 13 март куни бошланиши режаланган эди.

1971 йили Британия мустамлакачилигидан мустақилликка эришган Баҳрайн ҳокимияти тепасидаги суннийлардан бўлган қирол оиласи ва аҳолининг аксариятини ташкил этган шиалар ўртасида таранглик тез-тез юзага келиб туради.

Қирол Ҳамад ўзининг вориси бўлган ўғлига барча сиёсий партиялар билан мулоқот ўтказиш, шунингдек, шиа мазҳаби фаолларини озод этиш ва бу билан боғлиқ айрим маҳкамаларни тўхтатишга буйруқ берди.
XS
SM
MD
LG