Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:44

Тожикистонликлар ҳарбий хизматга боришга ошиқмаяпти


Тожикистон расмийлари 18 ёшга тўлган йигитларни ҳарбий хизматга жалб қилишга ҳарчанд уринмасин, бу ҳаракат кўп ҳолларда самара бермаяпти. Бугунги кунда тожикистонлик йигитларнинг хизматдан бош тортаётганига нима сабаб бўлаяпти?

Ашт туман ички ишлар бўлими вакиллари яқинда Жарбулоқ қишлоғида облава уюштириб, 10-синф ўқувчиси Абдурауф Абдуматовни ушлаб олиб кетишган.

- Милиция ва ҳарбий кийимдаги кишилар келишганда мен кўчада турган эдим. Улар олдин мактаб томон юришди. Кейин кўчанинг у томонида кетаётган Абдурауфни кўриб қолишди. Ҳарбийлар ва милиция вакиллари шу заҳоти унинг олдига бориб, ҳеч нимани суриштирмай, машинага солиб олиб кетишди. Ота-онаси хабар топгунча Хўжандга жўнатишибди. Бола бечора туғилганидан кар-соқов. Ота-онаси медицина хужжатларини кўтариб, Хўжандга боришган. Ҳарбий комиссариат вакиллари ўшанда ҳам ишонишмаган, - дейди шу қишлоқда истиқомат қилувчи Жалол Холмирзаев.

Ҳуқуқ ҳимоячилари республикада бундай воқеалар тез-тез юз бериб туришини айтишади.

- Вилоятда болаларни ҳарбий хизматга чақириш режаси доимий тўлмай қолаяпти. Шунинг учун ҳам, гарчи болаларнинг жисмоний қусурлари бўлса-да, улар мажбуран ҳарбий хизматга олиб кетилмокда. Масалан, Бобожон Ғафуров туманида ҳам худди шундай воқеа бўлган эди. Салоҳиддин Рахмоновни тиббий комиссияда тортиб кўришса, 42 килограмм чиққан. “Ҳеч гап эмас, армияда 45 килога етасан” деб, “ҳарбий хизматга яроқли” дея хулоса чиқаришган. Ваҳоланки, бу қонуннинг қўпол равишда бузилишидир, - дейди Хўжанддаги инсон хуқуқларини химоя қилиш маркази вакили Татьяна Хотюхина.

Айни пайтда 60-70 ёшга бориб қолган одамларнинг айтишларича, илгари қиз узатадиган одам қуда томоннинг етти пуштини ўрганарди. Бунақа суриштирувлар чоғида эса “Йигит ҳарбий хизматга бориб келганми?” деган савол албатта бериларди. Чунки, одамларнинг айтишларича, аввал фақат жисмоний қусури бўлган йигитларгина ҳарбий хизматга юборилмаган. Бугунги кунга келиб эса одамларнинг бу борадаги фикрлари тамоман ўзгарган.

- Ҳарбий хизматга бориб келган болалар ўртоқлари билан учрашганда, суҳбатлашганда, “армияга борманглар, азоб чекасизлар, касал бўласизлар. Турли йўлларини изланглар, иложини топинглару хизматга борманглар”, дейишмоқда, - дейди Чкалов шаҳрида истиқомат қилувчи Муҳиддин Аҳмедов.

Ёшларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлашларига нима сабаб бўлаяпти? Бу саволни ёшларнинг ўзларига бердик.

- Биринчидан, ҳарбий хизматдаги шароитлар яхши эмас. Хизматга бориб келган йигитларнинг айтишларича, у ерда уларнинг қорни овқатга тўймайди. Мана, кўча-куйда ҳарбийларни кўрамиз. Кийим-бошлари кўримсиз. Ниҳоят, дедовшина жуда авж олган, бирғикки йил олдин хизмат килган аскарлар томонидан турли хил зўравонликлар бўлиб туради, - дейди Спитамен туманида истиқомат қилувчи Абдужаббор.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган чегара қўшинлари зобити Аҳмад Касировнинг сўзларига кўра, ҳарбий кисмларда конунларга амал қилинмайди.

- Инсон ҳуқуқлари бузилаяпти. Аскарлар учун етарли шароит яратилмаган. Моддий таъминот масаласи ҳам кўнгилдагидек эмас. Шу боис командирлар аскарларни мажбуран кўчага чикаришади. Нима учун денг - пул топиш учун, - дейди зобит.

Ҳарбий қисмлардаги шароит аскарлар орасида жиноятчиликнинг кучайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, 22 феврал куни Хўжанд ички ишлар бўлими вакиллари уч ой давомида шаҳарда қароқчилик қилган йигитни қўлга олдилар. Тергов материалларида айтилишича, қўлга олинган шахс Хўжанд шаҳридаги 3501-ҳарбий қисмда хизмат қилган оддий аскар Идибеки Муроджондир. Маълум бўлишича, Идибек бевосита командирининг рухсати билан қароқчиликка чиққан. Ўтган муддат ичида Идибек 20 дан ортиқ аёлни талаб, улардан 100 минг сомонийга тенг мол-мулкини тортиб олган. Қароқчи солдатнинг қўлидан жабр кўрган охирги хўжандлик аёл Саломат Ҳайдарова эса ҳалок бўлган.

“Бу гапларни эшитган қайси ёш ўзини азоб гирдобига ташлайди, қайси ота- она фарзандини ҳарбий хизматга жўнатади?” дея савол ташлайди Ҳалимжон исмли суҳбатдошимиз.

Ҳарбий хизматдан қайтиб келган йигитларнинг айтишларича, кўп уришаркан, кейин маҳаллийчилик жуда авж олган. Тоққа ўтинга жўнатишаркан. Кўтаролмаса, устига яна қўшишаркан. Бир танишимнинг ўғли мана шундай азоб-уқубатлардан майиб бўлиб қайтди, - дейди сўғдлик Ҳалимжон.
XS
SM
MD
LG