Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:26

Ўзбекистонда на дунëвий, на диний билимга йўл қолди...


Андижонлик 19 яшар Абдувоҳид қамоққа ташланган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг дастурлари маърифатга бўлган эҳтиёжни қондирган саноқли манбалардан бири эди, дейди.
Андижонлик 19 яшар Абдувоҳид қамоққа ташланган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг дастурлари маърифатга бўлган эҳтиёжни қондирган саноқли манбалардан бири эди, дейди.

Бу гапни 23 феврал куни бири Бухородан, бошқаси Андижондан сим қоққан, бири ўқитувчи, бошқаси толиб бўлган икки ўзбекистонлик бир-биридан бехабар ҳолда айтдилар. Улар "Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошларидир.


Бозорлардаги босди-босдилар кучайиб кетди....

Озодликка SMS йўллаган учқўрғонлик Қодирбек, гапни чироқ йўқлигидан бошлади. Аммо йиллардан бери халқнинг доимий норозилигига қарамай Ўзбекистон вилоятларида айни ҳолда қолаëтган электр таъминотидаги кескин узилишлар навбатчи шикоятга айлангани боис, ўзини кичик тадбиркор, аниқроғи савдогар эканини айтган суҳбатдошимиз билан мулоқот бозорлардаги вазият борасида давом этди..

Озодлик: Учқўрғонда нима гап? Бозорларда нима гап?

- Тинчлик. Бозорларда ҳам текшир-текшир.

Озодлик: Нимани текширади? Солиқчиларми?

- Ҳа.

Озодлик: Хитой моли мумкинмас шунақами?

- Ҳа. Биз ҳам ўзи Хитой товари билан шуғулланамизда.

Озодлик: Қаердан оласизлар уни?

- Олдин Қорасувдан олиб ўтишарди. Аëллар олиб ўтиб берарди. Ҳозир ўтказмаяпти экан. Тошкентдан олиб келамиз.

Озодлик: Қоғоз берадими Тошкентдан?

- Йўқ. Абу Саҳийдан оламиз. Қоғоз бермайди ҳеч қанақа.

Озодлик: Солиқчи “молни қаердан олдинг” деса, нима кўрсатасизлар?

- Муроса қиламизда йўлини қилиб, пулини бериб.

Озодлик: Савдо қилганинглар учун нечта жойга тўлайсизлар? Яна кимга тўлайсизлар? Солиқчига, бозорқўмга, милицияга тўғрими?

- Ҳа.

Озодлик: Шундан насибага яраша бир нарса қоладими?

- Қолишга қоладию, лекин бир марта босишганда ҳаммасини ўпириб чиқиб кетишади. Масалан бозорга битта келса, ҳамма дўконни босмайди. Белгиланган иккита-учта дўконни, кераклигини босади. Шунақа қилиб давом этаверади йилнинг охиригача.

Озодлик: Бошқалар “менга тегмади” деб ўтираверадида-а?

- Ҳа. Вақт ўтказиб, бир ҳафта, икки ҳафтанинг ичида битта-биттадан дўконни босиб чиқиб кетаверади.

Озодлик: Дўкони босилган одам нима бўлади? Касодга учрайдими ëки бир амаллаб яна давом эттираверадими?

- Хоҳласа бекитиб қўяди. Ëки бўлмаса мусодара қилинган нарсани мусодара бўлган жойдан ўзининг нархига сотиб олади ва яна давом эттираверади. Умуман бозордан чиқиб кетганлар ҳам бор.

Озодлик: Босди-босдилар тез бўлаяптими?

- Кўп бўлаяпти ҳозир. Тошкентда ҳам бўлаяпти деб эшитдим. Олдингидан фарқи бор.

Озодлик: Нима фарқи бор?

- Олдин бунчалик эмас эди. Ҳозир текшир-текшир кўп бўлаяпти.

Озодлик: Маҳаллийлар қилаяптими ëки Тошкентдан келганларми?

- Тошкентдан келмаган. Намангандан келгҳан солиқчилар.

Озодлик: Нима талаб қилади улар?

- Касса аппарат дейди, касса план сўрайди.

Озодлик: Касса аппарат ўзи ўрнатилганми? Фойдаланасизларми?

- Йўқ, ўрнатилмаган. Иложи йўқку ўрнатишнинг.

Озодлик: Нимага?

- Касса аппарат ўрнатгандан кейин оладиган товарни ҳам давлатнинг ўзидан олишимиз керак. Буларда бунақа нарса йўқку. Хитойдан келаëтган товарлар, бошқа нарсалар.

Озодлик: Мана Абу Саҳийдан оламиз деяпсиз. Абу Саҳий катта фирма бўлса, лицензияси бўлса.

- Абу Саҳий ҳам қоғоз қилиб бермайдида.

Озодлик: Нимага қилиб бермайди? Сўраганмисизлар?

- Иложи йўқ, олдин Абу Саҳийда ҳам ишлаганмиз. Абу Саҳийга ҳам Қорасувдан олиб ўтишадида кўпроқ. Ҳозир олдинги сингаримас. Ҳозир асосан адашмасам Тожикистон томонлардан ўтаяпти шекилли. Абу Саҳий расмий деганингиз билан биротасининг документи йўқ.

Озодлик: Аксарият қанақа мол олади бозорда халқ?

- Иложи борича арзонини оладида. Лекин яхши моллари ҳам бор. Икки-уч йилнинг ичида билинди. Одамлар ўрганаяпти секин-секин. Хитойники бўлса ҳам яхшилари, сифатлилари бор. Шундайларни олишга одамлар ўрганиб қолди ҳозир.

Озодлик: Хитойдан бошқа жойдан келган молни олиш имконияти борми бозорда? Ë ҳаммаси Хитойникими?

- Ҳаммаси Хитой. Иложи йўқ. Россиядан ëки бошқа жойдан келадиган сифатли моллар йўқку.

Озодлик: Олдин Туркия, Жанубий Корея, Малайзиядан бўларди. Йўқми унақалар ҳозир?

- Йўқ, ҳаммаси Хитой.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзиникичи? Ўзбекистоннинг моли билан ҳеч савдо қилганмисизлар?

- Биз савдо қиладиган нарсанинг ичида Ўзбекистоннинг бирорта нарсаси йўқ. Оддий ип, ҳатто телефонга осадиган брилоклар ҳам Хитойдан келади, дейди суҳбатдошимиз учқўрғонлик Қодирбек.


Ўзбекистон таълим мутасаддилари экстремистларга сотилган!

Бу гапни Бухоронинг Қоракўлидаги Нефт ва газ коллежи ўқитувчиси, Озодликка тез-тез сим қоқиб турадиган Илҳом Жўраев айтади. 23 феврал куни Озодлик телефонига “Импичмент!” дея SMS йўллаган коллеж ўқитувчиси ўзи ишлайдиган коллеж мисолида Ўзбекистон маориф ва таълим тизимининг ëшлар ҳаëтида ниҳоятда катта ва таҳликали бўғлиқ яратишга хизмат қилаëтганидан огоҳлантиради.

- Мен олдин кўп телефон қилганман. Бухоронинг Қоракўлидан. Ўқитувчи Илҳом Жўраевман. Ўтган йил чизмачиликдан дарс берган эдим. Бу йил меҳнат муҳофазасидан.

Озодлик: Нимага “импичмент” деб ëзиб юбордингиз? Кимга импичмент сўраяпсиз?

- Директорга, таълим вазирлигига, барчасига.

Озодлик: Нимага?

- Қоракўл нефт-газ коллежида педсовет чақирилган эди. Мен шунга давомат олиб чиқдим. Биринчи парада 30 фоиз ўқувчи бор. Педсовет чақиришди. Мен бунга қаршилик қилдим.

Озодлик: Нимага?

- Мен айтдим “30 фоиз бола билан ҳам педсовет бўладими?”. Мардикор бозорига айлантириб юборилди коллеж. 16 ўқувчи шу йил ишлаб келди Россияда. Номига туради, директор ҳақини олади. Жами 50та ўқувчи директор ҳисобида. Келмайди. Қаерлардадир юради ишлаб. Лекин директорнинг ҳисобида. Энди менинг масаламни тепадагилар кўради.

Озодлик: Ким у тепадагилар?

- Ҳокимиятда айтган нима ички ишларга чиқса, ўшалар кўриши мумкин. Мен шу ўринда яна баëнот бермоқчиман. Ҳизбут-Таҳрир, яна бошқа оқимлар борку. Диний экстремистик ҳар хил оқимлар. Булар чалғитувчи кучлар. Чет эл интернетларининг чалғитувчи кучлари. Асосий кучлар таълим системасига ташланган.

Озодлик: Ким улар?

- Министрликдаги амалдорларнинг барчаси хоинлар, сотқинлар.

Озодлик: Кимга нимага сотилган?

- Ҳизбут-Таҳрирга ҳам сотилган, ваҳҳобийга ҳам сотилган, террористларга ҳам сотилган.

Озодлик: Нимага унақа деяпсиз?

- Мана бу ўқувчиларни йўлдан ураяпти. Айнан ўқитилмаяпти улар. Уюштирилиб ўқитилмаяпти. Маориф министрлигининг амалдорлари сотиб олинган. Ўқувчиларни ўқитмаслик учун, уларда бўш жой ҳосил қилиш учун. Ўқувчи бирор нарса билан шушғулланиши керакми? Мадрасага ўтиб ўқийдими диндорликка? Мана бу ердаги бўшлиқ борку, мана бизнинг коллежга кунига 200-300та ўқувчи келса, бўш юради. Таълим вазирлиги амалдорлари ўқитувчиларга шундай топшириқ бериб қўйган “ўқувчиларга қарамийсанлар, ишламайсанлар, қоғоз тўлдирасан”. Кун бўйи қоғоз олдида ўтирамиз. Дарс ўтилмайди. Журнал тўлдирилади холос. Бизнинг коллеж ҳар ой давлат хазинасидан 22 миллион сўм ўпириб ëтибди. Таълимдаги амалдорлар террористларга сотилган. Ўқувчи бўш юриши керак, ўқитилмаслиги керак. Бўш бўлгандан кейин бир ëққа урадими ўзини? Безделничий солдат приступник деган ўрис. “Ўтказмийсанлар, ҳаром сенларнинг еган нонларинг” дедим, дейди Бухоронинг Қоракўлидаги Нефт ва газ коллежи ўқитувчиси Илҳом Жўраев.


Ўзбекистонда диний маърифат тақиқланган, дунëвийси йўқ....

Андижондан сим қоққан 19 яшар Абдувоҳид қоракўллик коллеж ўқитувчиси айтган таҳдид манзарасига, аввалги суҳбатдан бехабар ҳолда, янги чизгилар чизади.

Ўзини диний-экстремистик ғояларни тарғиб қилганликда айбланиб, 6 йилга қамалган Хайрулла Ҳамидовнинг ашаддий мухлиси деб таништирган бу ëш йигит, ўз тенгдошларининг маърифат майдонида йўлчисиз қолганини айтади.

- Дунëвий илм, ҳа тўғри айтасиз, лекин бизнинг бу ерда талабалар, ëшлар ўқишга бориб бир нарса ўрганай деса, ўзи хоҳлагандай ўргана олмайдида.

Озодлик: Нимага?

- Бизга дунëвий илмни ҳам ўргатишмаяптида. Ҳамма ëқ порахўрлўик, ниҳоятда алкаш-чалкаш бемаъни бўлиб кетган. Масалан менинг қанчадан қанча ошналарим ўқишди. Ҳаммаси ўқиб бўлиб мана Россияга қараб кетган ҳаммаси. Иш йўқ.

Озодлик: Ëшлар ўқийман, дунëвий билим оламан деса ҳам имкон йўқлигидан динга уриб кетаяпти.

- Имкон йўқ.

Озодлик: Мана шу бўшлиқни сиз яхши кўрадиган Хайрулла акангизнинг дисклари тўлдираяптими?

- Хайрулла акамнинг диний маърузаларида яхши томонлари одамларни яхшилика, самимийликка, одамийликка чақиради. Ўзбекистонда ҳозир телевизорни қўясиз, ундан одамлар ўзига яхши нарсани олмайдида. Ëмон нарса бор у ерда.

Озодлик: Нима ëмон нарсани оласизлар? Ҳамма ëқ чирйли бўлса, ривожланаяпти деса.

- Ëлғон, ҳаммаси ëлғон. Рост нарсанинг ўзи йўқ.

Озодлик: Хайрулланинг дискларида сизлар топмаган нима бор?

- Хайрулла акам чекишдан, ичишдан, нос чекишдан, ҳар хил ëмон нарсалардан қайтаради ëшларни. Зинодан, фаҳш, бузуқ ишлардан ëшлар қайтган. Мен шахсан гувоҳи бўлганман. Кўп дўстларим намозхон бўлиб яхши бола бўлиб, яхши томонга ўзгарган.

Озодлик: Хайруллани эшитиб.

- Ҳа. Одамларни қамаб тургандан кейин, телевизорда шайтонларни чиқариб тургандан кейин ким айтади булар яхши бўлади деб? Ëшлар яхши бўлади, яхши томонга ўзгаради, яхши ўқимишли болалар бўлади деб ким айтади? Ўзбекистон мустақил давлат шундайми? Ким айтади мустақил давлат деб? Мустақил давлатми шу? Ҳамманинг гапиргани тили йўқ. Қўрқувда. Шу мустақил давлатми? Мем ҳақиқий мустақил давлат бўлишини хоҳлайман, дейди Андижондан сим қоққан 19 яшар Абдувоҳид.


Мен учун СССР ва совет армияси ҳамон тирик!

дер экан асли риштонлик, аммо тақдир тақозоси билан кўпдан Сирдарëда яшаëтган Аъзамжон ака, ўз собиқ армиядошларини бугунга келиб янги авлод учун ҳеч нарса англатмай қўйган 23 феврал – Совет армияси куни билан қутлаш ниятини билдирди.

- 1971-1973 йилларда бўлганман. Ҳозир 59да. Ўзим Фарғоналикман. Сирдарëда яшайман. Хоразмлик Қадамбойни, бирга хизмат қилган қуролдошларни чин қалбимдан табриклайман. Бизнинг ватанимизни қўриқлаб инвалид бўлиб келган, ғалаба қозониб келган дўстларимизни, боболаримизнинг ҳаммасини 23 феврал билан, Совет армияси куни билан табриклайман.

Озодлик: Аъзам ака, совет иттфиоқи ҳам тарқаб кетди, совет армияси ҳам қолмади.

- Мен совет армиясида хизмат қилганманми, совет армиясини тан оламанда. Менинг болаларим Ўзбекистонни тан олиши мумкин. Менн ҳам тан оламан. Яшашимиз Ўзбекистонда ëмонмас. Аъло даражада. Ҳар ойда ойлигимни оламан. Қорним тўқ, устим бутун, болаларим тинч. Ўзим яхши яшаяпман. Лекин барибир хизмат қилган одамларни эслаб, Хоразмдан Қадамбой, Фарғона Риштондан дўстларимиз бор, Ангренда бор. Шуларни мана шу байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Сизларга ҳам соғлиқ-саломатлик, бахт-саодат тилайман. Ҳар доим осмонимиз мусаффо бўлсин, президентимиз ҳам устундай турсин. Унга ҳам раҳмат, дейди суҳбатдошимиз Аъзамжон ака.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG