Линклар

Қулликми мардикорлик?


Россияга мардикорликка борган ўзбекларнинг қул қилиб сотиб юборилиши ёки ҳақсиз ишлатилиши одатий ҳолга айланган.

Россияга мардикорликка борган ўзбекларнинг қул қилиб сотиб юборилиши ёки ҳақсиз ишлатилиши одатий ҳолга айланган.

Россия Императори Александр II крепостнойлик тузуми ва қулликнинг барча кўринишларини бекор қилганига шу кунларда 150 йил тўлди. Орадан шунча вақт ўтгач Россияда “кўнгилли қуллик” тушунчасининг пайдо бўлганини ҳақида гапирмоқда мутахассислар.


“Новосибирск вилоятида ўзбекистонлик қуллар чучвара тайёрлашмоқда”, “Амур вилоятида Ўзбекистондан келган қуллар озод этилди”, “Коливанда ўзбекистонлик қуллар аниқланди”, “Серпухово туманида 130 нафар Ўзбекистон фуқаролари қуллик плантацияларида ишлаётгани аниқланди”... Бу Россия оммавий ахборот воситаларида сўнгги пайтларда эълон қилинган хабарлар сарлавҳаларидир.

21 асрда, Россияда қулликнинг барча кўринишлари бекор қилинганига 150 йил тўлган бир даврда қуллик, крепостной қарамлик тушунчалари яна тикланмоқдами?

Германиянинг Die Welt газетаси Россиядаги марказий осиёликлар меҳнатини “қонунлаштирилган қуллик”, дея таърифлади.

Хўш, ўзга мамлакатда меҳнат қилиш “қулликми” ёки “мардикорликми”?

Бу саволга Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар жавоб берсин.
Биринчи суҳбатдошимиз – қирғизистонлик Акмалжон Ярославл вилоятида қурилишда ишлайди. Унинг фикрича, бугунги кунги мардикорликни мутлақо қулликка тенглаштириб бўлмайди.

- Менинг шахсий фикрим, қуллик бекор қилинган. Тўғри, крепостнойлик бўлган, масалан биз яшаётган жойда, деревняда “Мана шу крепостнойлик уйи эди”, деб эслашади. Ман Россиянинг 12-13 шаҳарларда бўлганман, унақаси йўқ. Мардикорлар ўз ҳуқуқини билса, бундай бўлмайди. Масалан, биз икки тарафлама шартнома тузамиз. Ўшанга асосланиб ишлаймиз. Бундай ҳолатлар бўлса ҳам меҳнат муҳожирларимизнинг айби билан бўлади, нимагаки ўзининг ҳақ-ҳуқуқини билмагани учун бўлади. Бунинг учун эса Россия ҳукуматини, элини айбдор деб бўлмайди,- дейди қурувчи Акмалжон.

Хоразмлик Муроджон эса қуллик ва қарамлик тушунчаларини Россияга ўзимизнинг мардикорлар олиб кирган, деб ҳисоблайди.

- Қулликни ҳам тури бўлади. Қуллик билан қулликнинг фарқи бўлади. Мошина билан мошинанинг фарқи борку... Масалан, боллар келиб ишлашади. Ишлаб пулини ололмаганлар кўп, лекин Россиянинг ўзида Россия халқи бериб турибди пулни. Пул ололмаганлар ҳам ўзларида бўлади. Ўртадаги ишга жойлаштирувчи одам, посредник дейишадику, шулар кўпини олиб қолади. Шунинг учун кўп боллар пул ишлай олмайди. Ана шу ўртада турганлар пулини бермайди, уларга жалоб қилишга ҳам илож йўқ, чунки документлар унда. Паспортларини йўқотганлар, олдириб қўйганлар бор... Ана буларни кўзига қул бўлиб кўринади,- дейди Москва вилоятида мардикорлик қилаётган Муроджон.

Фарғоналик Ғанижон ака Москвада фаррошлик қилади. У Россияга ўз хоҳиши билан келганини, шу боис буни на қуллик, на қарамлик деб ҳисоблашини айтади.

- Қуллик десак, қулликка ҳам ўхшамайди бу... Ҳамма нарса бойларнинг қўлига ўтяпти-ку, аммо у-бу жойларда ўзи ишлаяпти-да. Ўз хоҳишимиз билан келиб ишлаяпмизда. Ўзб юртимизда иш йўқлигидан иш ахтариб шу ерларга чиқиб келганмиз. Оқ Пошшо даврларида одамларни поездларга солиб олиб келиб ишлатган- ана шу ҳақиқий қуллик бўлган. Ҳозир мажбурлаб ҳеч ким олиб келгани йўқ. “Йўқол! Кет!”, дейдиган одамлар чиқиб турибди-ку. Уришиб қолади, ёмон кўриб қоляпти. “Нимага келгансан? Арзон ишлаяпсан,кетмайсанми юртингга?!”, деб қолади. Шу томонидан олиб қараганда, биз ўзимиз мажбурий келганмиз,- дея ўз фикрини билдирди фарғоналик Ғанижон ака.

“Россиядаги мардикорлик ҳақиқий қўлликдан ҳеч нима билан фарқ қилмайди”, дея фикр билдиради яна бир тингловчимиз - хўжандлик Гавҳар опа. У Тюмендаги бадавлат рус оилаларидан бирида хизматкорлик қилади.

- Ман Россияда қуллик бор деб ўйлайман. Чунки аавалги даврдагидек “бой-камбағаллар”га ажралиб кетяпти. Мана ҳозир домработница, энагалар бор. Илож йўқлигидан шундай ишга кириб ишламоқда.

Озодлик: Сиз нима иш қиласиз? Сизнинг тўлиқ иш кунингиз қандай ўтади?

- Эрталаб тураман-да кучукларига овқат бераман. Хозяйкага нонушта тайёрлайман. У ёғ-бу ёғини йиғиштираман, бирор жойига кетадиган бўлса заправка қилиб жойларини чиройли қилиб қўйиш керак. Бир ҳафтада бир-икки маротаба уйини генерални уборка қиламан. Ёзда огородда ишлайман... Ўйимдан узоқдаман, болаларимдан узоқдаман. Менинг Совет давридагидек ишлаб келиб кечқурун оиламга болаларимга қатгим келади. Мана қизим бўйи етиб қолди, она аслида тарбия бериш керак. Қанча гапларим бор унга айтадиган, ёнида эмасман... Ўзи усяпти, қанақа бўлади-қанақа йўқ. Тарбия бера олмаяпман етарли даражада. Мен аёл кишиман! Уйда ўтириб уйда ишимни қилишим керак. Кўчада топганим эркакларникига тенг келмайди барибир. Кўчага чиқмасам – болаларимни боқишим керак,- дейди икки нафар фарзандини бир ўзи боқаётган хўжандлик Гавҳар опа.

Россия Федерал Миграция хизмати директори Константин Ромодановскийга кўра, бир йилда Россияга 20 миллион меҳнат муҳожири кириб келади. БМТнинг Халқаро жиноятларга қарши кураш Маркази қуллик билан боғлиқ жиноятларни содир этувчи мамлакатлар рўйхатини Россия бошқариб бораётганини билдирган. Сўнгги бир неча йил ичида Россияда қулликка сотиш ҳолатлари 6 баробарга ошганлиги айтилмоқда.

Маълум бўлишича, рус императорнинг 1861 йилги крепостнойлик тузумини бекор қилиш тўғрисидаги қарори туфайли Россияда 25 миллиондан зиёд одам озодликка эришган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG