Линклар

logo-print

Бишкек мафияга қарши уруш очди


Қирғизистонлик таҳлилчилар президент Роза Ўтунбаеванинг жиноятчиликка қарши кураш авж олдирилиши ҳақидаги гапларига ишонқирамай қарамоқдалар.

Қирғизистонлик таҳлилчилар президент Роза Ўтунбаеванинг жиноятчиликка қарши кураш авж олдирилиши ҳақидаги гапларига ишонқирамай қарамоқдалар.

Қирғизистон ҳукумати уюшган жиноий гуруҳларга қарши кескин кураш бошлади. Бу ҳақда 24 феврал куни Бишкекда ўтган йиғилишда президент Роза Ўтунбаева расман баёнот берди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 24 феврал куни жиноятчиликка қарши кураш юзасидан ўтказилган анжуманда сўзлар экан, “Биз шундай ҳаракат қилишимиз лозимки, бунинг оқибатида жиноят олами вакиллари мамлакатда жиноятчилар қонунлари эмас, фақат ягона қонун – Конституция амал қилишини тушуниб етишсин”, деб билдирди.

Президент, шунингдек, қирғиз ҳукумати жиноятчиликка қарши жиддий уруш очганлигини ва бир ой ичида жиноий гуруҳларнинг 80 вакили қўлга олинганини айтиб ўтди.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаевга кўра, мамлакатда тўртта уюшган жиноий гуруҳ ва бу гуруҳларнинг 300 аъзоси мавжуд. Айни пайтда жиноий гуруҳлар аъзолари ва уларнинг бир қатор раҳбарларини қўлга олиш жараёни кечмоқда. Келгусида эса навбат жиноят оламининг ҳукуматдаги вакилларига ҳам етади:

- Милиция, прокуратура, суд тузилмаларида ҳам жиноят олами вакиллари бор. Ҳозир биз жиноий гуруҳлардаги ижрочилар ва ўрта тоифадаги раҳбарларни қўлга олаяпмиз. Кейинги навбатда жиноий гуруҳлар раҳбарлари қамоққа олинади. Шундан сўнг ҳукумат тузилмаларида жиноят олами билан боғланган шахслар жавобгарликка тортилади, - деди Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турганбоев.

Қирғизистонда бир ой ичида жиноий гуруҳ вакилларидан 80 нафарининг қамоққа олингани ҳозирча тахминий рақамдир. Чунки қирғиз матбуоти ҳар куни жиноий гуруҳларнинг камида учтадан аъзоси жиноят устида қўлга олинаётганни маълум қилмоқда. Шу боисдан ҳам мазкур кўрсаткич яна ўзгариши мумкин.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, айни пайтда жиноят олами вакиллари саросимага тушиб қолган ва уларнинг кўпчилиги, жумладан, “қонундаги ўғри” деб айтиладиган Қамчи Кўлбоев ҳам Қирғизистонни тарк этган.

Аммо парламент депутати Туратбек Мадилбеков уюшган жиноятчиликка қарши кураш бир томонлама олиб борилмоқда ва мантиқий якунига етмай қолиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, жиноят оламининг ҳукумат тузилмаларидаги вакилларига қарши кураш жараёни бошланмасидан туриб поёнига етиши мумкин.

- Жиноят оламининг ҳукуматдаги вакиллари ҳам ҳозир кўринмас урушни бошлаган бўлишлари керак. Ҳукуматда жиноятчилик билан чамбарчас боғланган амалдорлар бор. Улар бу уруш тўла ғалаба билан якунланишига йўл қўймайдилар, - деди депутат.

Собиқ Ички ишлар вазири Ўмурбек Субаналиев эса қирғиз ҳукумати айни пайтда қўллаётган услуб билан уюшган жиноятчиликни енгиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, уюшган жиноятчиликка қарши курашнинг энг самарали усули жиноят оламига алоқадор бўлган яширин иқтисод манбаларини аниқлаш ва уни очиққа чиқаришдир.

- Ҳукумат Грузияда бўлгани каби жиноятчиликка қарши курашамиз, деб иддао қилмоқда. Бироқ Грузияда “қонундаги ўғрилар” кўп эди. Грузияда “қонундаги ўғри” бўлгани учунгина одамни қамаш мумкинлиги тўғрисида қонун қабул қилинган. Қирғизистонда эса фақат битта “қонундаги ўғри” бор. У ҳам бўлса Қамчи Кўлбоев. У жиноятчиликка қарши уруш очилгач, хорижга қочиб кетган. Уюшган жиноий гуруҳларнинг қолган аъзоларининг асосий қисмини эса ҳозир майда жиноятларда айблаб қамоққа олишмоқда. Улар бу жиноятлари учун енгилгина жазо олишади ва қамоқдан чиқишади. Бу йўл билан уюшган жиноятчиликни енгиб бўлмайди, - дейди генерал Ўмурбек Субаналиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG