Линклар

logo-print

"Сарансклик қотил"нинг ўзбекистонлик экани айтилмоқда


Саранскда уч кишини ўлдирганликда гумон қилинаётган Раҳимбой Ҳасанов.

Саранскда уч кишини ўлдирганликда гумон қилинаётган Раҳимбой Ҳасанов.

Россиянинг Мордовия Республикаси пойтахти Саранскда 19 феврал куни 3 киши ўлдириб кетилди. Воқеадан кўп ўтмай Мордовия ва қўшни вилоятларда бу қотилликларни содир этганликда гумонланаётган ўзбекистонлик Раҳимбой Ҳасанов қидирувга берилди. Айрим хабарларга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.


19 феврал куни бутун Мордовия ва унинг пойтахти Саранск шаҳрида катта шов-шувга сабаб бўлган қотиллик оқибатида 3 нафар саранскликлар нобуд бўлди. Кечки соат еттиларда 25 яшар Любовь Тенкина ўз квартирасида пичоқлаб ўлдирилгани тўғрисида милиция бўлимига хабар келди.

3 соат ўтар-ўтмас шаҳарнинг Зеленая Рошча мавзесидаги уйлардан бирида болта билан чопиб ўлдирилган 54 ёшли Любовь Карасева ва 77 ёшли нафақахўр Александр Гусаровларнинг мурдалари топилди.

Бу қотилликларнинг барчасини 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ҳасанов Раҳимбой содир этгани ҳақидаги маълумот Любовь Тенкина ўлдирилаётган пайтда ванна хонасида яшириниб олган Яна Карасевадан олинди, дейди дастлабки терговни олиб борган ва ўз исмини ошкор этишни истамаган Саранск жиноят қидирув бўлимининг оператив ходимларидан бири.

- Ҳозирча унга 3 киши – икки аёл ва бир эркакни ўлдирганлик айби қўйилмоқда. У аслида маҳаллий эмас, у Подмосковьенинг Можайск шаҳрида яшаб келган. Ҳасанов бировга оғир жароҳат етказганликда айбланиб қамоқда ҳам ўтириб чиққан. Яна Карасева билан эса уларнинг қандайдир муносабатлари бўлган. У турмадан чиққан куниёқ “Мен озодликка чиқдим”, деб Янага қўнғироқ қилган ва Саранск шаҳрига келган,- дейди ички ишлар ходими.

Ҳодисанинг давомини Озодликка Мордовия Республикаси Прокуратураси тергов қўмитаси ходими, адлия капитани Наталья Афанасьева гапириб берди. Маълум бўлишича, Ҳасанов Раҳимбой 2010 йилнинг октябрида озодликка чиққан ва Саранск шаҳрига 19 феврал куни етиб келган.

- Улар хат орқали бир-бирлари билан танишиб олишган. У қамоқда муддат ўтаётган бўлган, қизимиз эса Саранск шаҳрида истиқомат қилиб келган. Улар Яна Карасеванинг турмада ўтирган отаси ёрдамида танишиб қолишган. Улар бир неча бор учрашишган. Яна ҳатто уни кўргани турмага борган. Хат орқали қизғин ёзишма бўлганлиги аниқланди,- дейди прокуратура ходими Наталья Афанасьева.

Унинг сўзларига кўра, 19 феврал куни кечки пайт Яна Карасева ўз дугонаси Любовь Тенкинаникига меҳмонга келади. Шу уйда яшовчиларга кўра, бироз ўтиб Тенкина яшаётган уй ёнида Ҳасанов пайдо бўлади ва уй атрофида узоқ вақт кимнидир пойлайди.

Кечки соат етти яримларда у қизлар ўтирган уйга бостириб киради ва йўлида учраган Любанинг юрагига икки марта пичоқ санчийди. Яна Карасева ваннахонага яширинади. Дод-войни эшитиб квартира эшигини тақиллатишни бошлаган қўшнилар Янанинг ҳам чавақланишидан қутқариб қолади. Ҳасанов иккинчи қаватнинг деразасидан сакраб чиқиб кетади, дея давом этади прокурор Наталья Афанасьева.

- У келганидан кейин улар орасида қандайдир можаро юзага келганга ўшайди. Нима учун у бундай мудҳиш қотилликка қўл урганини ҳозирча сизга айта олмайман, чунки тергов давом этяпти. Тахминимизга кўра, Яна Раҳимбойга бошқа йигит билан учрашаётгани айтган. Тенкина квартирасига келишдан олдин эса у Яна Карасеванинг онаси Любовь Карасева ва ўгай отаси 77 ёшли Александр Гусаровлар уйига бориб, уларни болта билан чопиб кетган,- дейди Мордовия Республикаси Прокуратураси тергов қўмитаси ходимаси, адлия капитани Наталья Афанасьева Озодлик Радиосига.

Мордовия прокуратураси тарқатган хабарга кўра, 32 ёшли Раҳимбой Хўжаназарович Ҳасанов Ўзбекистон Республикасининг Урганч шаҳрида туғилган ва кўп йиллардан буён Москва вилоятида ишлаб юрган ва шу ерда содир этилган жинояти учун Мордовияда қамоқ жазосини ўтаган.

Мақола эфирга тайёрланаётган пайтда ўз исмини айтишни истамаган жиноят қидирув бўлими ходимидан яна бир муҳим хабар олинди. Маълум бўлишича, 22 феврал куни Саранск атрофидаги қишлоқлардан бирида Ҳасанов Раҳимбойнинг мурдаси топилган.

- Ҳа, унинг қаерда эканлигини аниқланди. Фақат у Кривозерье деган татарлар қишлоғида ўлик ҳолатда топилди: ўзини осиб ўлдирган, чамаси. Чунки содир этилган қотилликлар ва унинг куни кеча қамоқдан чиққанини ҳисобга оладиган бўлсак, умрбод қамоқ жазоси берилиши аниқ эканлигини ўзи ҳам тушунган бўлиши керак,- дея хабар берди милиция ходими.

Мордовиянинг Лямбир тумани Кривозерье қишлоғи маъмурияти ходимаси Роза Бейшутова Озодликка уларнинг қишлоқларидаги ташландиқ уйлардан бирида ҳақиқатан ўлик топилганини маълум қилди.

- Аслида у қишлоғимизда яшамайди. Биз уни танимаймиз ҳам. Бундай одам яшамаслиги аниқ. Шунчаки қишлоғимиз темир йўл ёқасида жойлашган: поездлар, электричкалар, ҳатто юк вагонлари тўхтаб ўтади. У шу поездларнинг биридан Кривозереда тушиб қолган, менимча,- деди “сарансклик қотил” номини олган Раҳимбой Ҳасанов мурдаси топилгани айтилаётган қишлоқ маъмурияти расмийси Роза Бейшутова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG