Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Аёлларнинг хорижга чиқиши қийинлашди


Хорижда танасини сотаётган ўзбек аёллари армияси мингларни ташкил қилади.
Хорижда танасини сотаётган ўзбек аёллари армияси мингларни ташкил қилади.

Хорижга чиқаётган ўзбекистонлик аёллардан фоҳишалик билан шуғулланмаслик ҳақида тилхат олинмоқда. Энди 18 ёшдан 35 ёшга бўлган аёллар чиқиш визаси олишдан аввал ана шундай тилхатга қўл қўйиши шарт бўлади. Шунингдек, хорижга кетаётган аёл учун унинг эри ёки ота-онаси кафолат хати ёзиб беришлари ҳам лозим бўлади.


Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи 22 ёшли Наргиза феврал ойининг бошида чиқиш визаси олган.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатга рози бўлган Наргиза Туркияда яшовчи акасиникига меҳмонга кетаётганини айтади. Чиқиш визаси учун ҳужжатларини топширган пайти, қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари у билан суҳбат ўтказиб, хорижда фоҳишалик билан шуғулланмаслик ҳақида уни огоҳлантиришган.

Наргиза акаси жўнатган таклифномани кўрсатиб, Туркияда фоҳишалик қилмаслик ҳақида ваъда бергачгина, Қишлоқ фуқаролар йиғини вакиллари унинг ҳужжатларига имзо ва муҳр қўйиб беришган.

Наргиза икки йил аввал Туркияга бориш учун чиқиш визаси олган пайтида бу каби суҳбат бўлмаганини, эндиликда чиқиш визаси олаётган аёллар шу каби суҳбатлардан ўтаётгани ҳақида гапирди.

Фарғона.ру сайти Ўзбекистонда чиқиш визаси олиш жараёнида аёлларга нисбатан жорий қилинган янги тартибга ойдинлик киритади.

Сайт эълон қилинган мақолага кўра, “расмийлар чет элга чиқмоқчи бўлаётган 18-35 ёш оралиғидаги аёллардан чет элда фоҳишалик билан шуғулланмаслик ва ўзини қулликка сотмаслик тўғрисида тилхат ёздириб олаяптилар”.

Шунингдек, “аёлнинг чет элга чиқиши учун унинг маҳрам қариндошлари (эри, ота-онаси) чет элга олиб чиқиш ва уни ватанига қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олаётганини ҳамда чет эл сафари давомида унинг хулқ одоби борасида кафолат бераётгани ҳақидаги махсус маълумотнома бериш”лари лозимлиги ҳақида ёзади Фарғона.ру.

Агар чиқиш визаси учун топшириладиган ҳужжатларни қишлоқ фуқаролар йиғинлари тасдиқлаб бермагунча ҳақиқий ҳисобланмаслиги инобатга олинса, ўртачирчиқлик Наргиза билан бўлган ҳолат ҳам ойдинлашади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бошқармаси ходими чиқиш визаси учун аёлларга нисбатан ушбу кўринишдаги янги тартиб жорий қилингани ҳақида бирор бир расмий ҳужжат йўқлигини айтди. Бироқ у бошқарманинг жойлардаги бўлимлари бирор бир расмий кўрсатмасиз ҳам бу каби тартибларни қўллашлари мумкинлигини инкор қилмади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда одам савдосига қарши кураш кучайгани ҳисобга олинса, жойлардаги мутасадди ташкилотлар қўллаётган бу каби тадбирлар фоҳишаликнинг олдини олиш мақсадида эканлигини англаш қийин эмас.

Ўзбекистондаги турмуш қийинчиликлари боис Хитойга келиб, фоҳишалик қилаëтган тошкентлик Раънога кўра, бу каби тадбирлар билан фоҳишаликнинг олдини олиш мушкул.

- Ҳеч ким бу нарсани қилса ҳам, қиламан деб айтмайди. Мен ўзим ҳам “ëзиб бер” деса, бунақа ëзиб бера оламан. Ëзиб берганим билан менга биринчи ўринда виза бермайди. Иккинчидан, менинг уйимдагиларга, оиламдагиларга шармандалик. Уларга ҳам гап тегади. Барибир чақиртириб уларни ҳам савол-жавоб қилади. Шу ишни қилмайман, дейман. Қилмайман, деб ëзиб бераман. Бошқа иложи йўқ. Чунки чиқишим керак. Мен учун бошқа йўл йўқ. Чет элга чиқишим керак. Болам учун, уйимдагиларни боқиш учун, нон учун шу йўлга кирдимми, шунга чиқиб топиб олиб келишим керак,- дейди Хитойда фоҳишалик қилаётган Раъно.

Хорижга чиқаётган ўзбек аёлларидан фоҳишалик қилмаслик ҳақида тилхат олинаётган бир пайтда, Дубайда қўшмачилик билан шуғулланган ўзбекистонлик 38 ёшли аёл маҳкамага тортилгани хабар қилинди.

Бизнеси Дубай билан боғлик ўзбекистонлик савдогар Нигорхон опа, Бирлашган Араб Амирлигида ўзбекистонлик фоҳишалар ва қўшмачилар кўпчиликни ташкил қилади дейди.

- Бу ерда учга бўлинганда Фаржай¸ Дубай ва Абу Даби. Ўшаларнинг ўзини йиғиб келганда, ўзбекистонлик фоҳишалар сони, менинг тахминимча 2000ча бўлса керак. Асосан 20-25-30-35 ëш атрофида кўп. Йиллаб фоҳишалик қилаётганлар бор у ерда. Бошида алданиб бориб қолганлар бўлган. Йўқчиликдан, ишсизликдан, пул йўқликдан фоҳишалик қилиш учун келганлар бор. Уларга катта пул ваъда беришгани учун борганлар бор. Кейин Мама Роза дейишади, қўшмачи. Ўшалар ҳам ўзбекистонлик бўлади. Яъни ўзбек фоҳишаларининг қўшмачилари ҳам ўзбеклар,- дейди Нигорхон опа.

Нигорхон опа чиқиш визаси олиш пайти 35 ёшгача бўлган аёлларга нисбатан тартибнинг кучайгани ҳақида эшитганини айтар экан, қўшмачилар бунинг ҳам йўлини топишгани - энди 35-45 ёшлар оралиғидаги аёлларни фоҳишаликка жалб қилаётганини айтади.

- Жуда бориш у ерга қийин бўлиб қолибди. Милиция назорати кучли бўлгани учун 35нинг тепароғи ҳозир боришаяпти. 35 ëшдан катталарининг Дубайга кириши осонроқ бўлаяпти. Шунинг учун ҳозир кўпроқ шунақалар кираяпти экан. 35 ёшдан юқори 45 ёшдагилар ҳам фоҳишалик қилаяпти, дейди Нигорхон опа.

Иқтисодий етишмовчилик боис фоҳишалик кўчасига кириб, Хитойда ўз танини сотиш орқали пул топаётган тошкентлик Раънога кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ўнгланмас экан, фоҳишалар сони ҳам камаймаслиги аниқ.

- Бошқа йўли йўқ. Минг қораласа ҳам майли, бизлар энг оғир гуноҳни қилаяпмиз деган тақдирда ҳам бошқа йўл йўқ. Мен уже давлатдан ҳеч нарса кутмайман. Масалан бошқа йўлини топа олмагандан кейин нима иложини топиб бўлса ҳам четга чиқиб, онасинингми, эринингми кафолатини олиб бўлса ҳам чиқади, чиқаман деган, дейди Раъно.

Ўзбек қизлари, асосан, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Малайзия ва Индонезияда фоҳишалик қилиши аниқланган.

Маълум бўлишича, айни давлатларга чиқаётган ўзбек аёллари чиқиш визаси олиш пайти жиддий текширувдан ўтаяптилар.
XS
SM
MD
LG