Линклар

“KEGOC”: Ўзбекистон Қозоғистонга аталган электр қувватини ўзлаштирмоқда

  • Замира Шукур

Қозоғистондаги “KEGOC” компанияси мутахассислари¸ Ўзбекистон айби билан¸ ўз эҳтиëжига етарли қувватсиз қолаëтганини айтмоқда.

Қозоғистондаги “KEGOC” компанияси мутахассислари¸ Ўзбекистон айби билан¸ ўз эҳтиëжига етарли қувватсиз қолаëтганини айтмоқда.

Қозоғистондаги электр тармоқларини бошқариш “KEGOC” компанияси Ўзбекистонни ҳаво совуб кетган қиш ойларида Қозоғистон Қирғизистондан сотиб олаëтган элект қувватини шартномада кўзда тутилмаган тарзда ўзлаштираëтганликда айбламоқда.


Ўғирликми ëхуд ўзлаштириш?

Қозоқ нашрларида пайдо бўлган “Қозоғистон Ўзбекистонни ўз электр қувватини ўғирлаëтганликда айбламоқда” деган сарлавҳа ортидан боғланганимиз Қозоғистондаги “KEGOC” акционерлик компанияси матбуот хизмати раҳбари Марат Мухамедсалиев бу гапдаги “ўғирлик” ва “айбламоқда” деган икки сўзга таҳрир киритади.

- Биз Ўзбекистонни айблаëтганимиз йўқ¸ балки бу нарсанинг факт экани ва доимий суратда қайд этилаëтганини айтмоқдамиз. Буни ўғирлик деб бўлмайди¸ чунки ҳар ой охирида ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилади. Буни “шартномада кўзда тутилмаган ўзлаштириш” ва “ўрнатилган диспетчерлик жадвалига риоя қилмаслик” деб аташ тўғри бўлади. Содда қилиб айтганда¸ Ўзбекистон томони умумий тармоқдан ўзлари айтаëтгандан кўра кўпроқ электр қуввати олмоқда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Қозоғистондаги “KEGOC” акционерлик компанияси матбуот хизмати раҳбари Марат Мухамедсалиев.

Ўзлаштириш ëхуд ўғирлик қандай амалга оширилади?

Бу жараëннинг техник жиҳатдан қандай амалга ошишини “Қирғизистон Миллий электр тармоқлари” акционерлик компанияси собиқ раҳбари Раимбек Мамиров тушунтириб беради.

- Қирғизистон¸ Ўзбекистон ва Қозоғистонни бир-бирига уловчи 550 киловольтлик ток ўтувчи симлар тармоғини тасаввур қилинг. Бу симларнинг қаерида электр қуввати бўлмаса¸ худди сув чуқур жойга оққан каби¸ ток ҳам ўша жойга қараб кетади. Ўзбекистондаги генераторлар ўз симларини тўлдириш учун лозим қувватни ишлаб чиқарамаганидан кейин¸ Қирғизистондан Қозоғистонга Ўзбекистон орқали бориши лозим электр қуввати ўзбек симларига тортилади. Бу жараëн электр қувватига нисбатан эҳтиëж энг кучайган эрталаб ва кечқурун юз беради. Ўзбекистон томони бу қувватни кейинроқ¸ унга эҳтиëж пасайган пайтда қайтариши мумкин¸ аммо бундай ўзлаштириш ва қайтариш шартномада кўзда тутилмаган ишдир¸ дейди “Қирғизистон Миллий электр тармоқлари” ширкатининг яқинда истеъфога чиққан раҳбари Раимбек Мамиров Озодлик билан суҳбатда.

Газ ва мазут тақчиллиги Тошкентни “ўзлаштириш”га мажбурламоқда

“Ягона энерготизимга оид 2010 йилнинг октябрида уч давлат ўртасида тузилган шартномага кўра¸ Қирғизистон¸ Ўзбекистон ва Қозоғистон бу йилги қиш мавсумида ўз эҳтиëжи учун лозим қувватни ўзи ишлаб чиқариш маъсулиятини ҳам зиммасига олган”¸ деб қўшимча қилади Мамиров.

Қирғиз ва қозоқ томони эътирозига кўра¸ Ўзбекистон нафақат Қозоғистонга аталган қувватни шартномада кўзда тутилмаган тарзда ўзлаштирмоқда¸ балки асосий шартнома қоидасини ҳам бузмоқда. Хўш¸ нега?

- Ўзбекистон ўз эҳтиëжи учун зарур миқдорда электр қуввати ишлаб чиқара олмаëтгани учун биздан ўғирламоқда¸ аниқроғи шартномада кўзда тутилмаган тарзда ўзлаштирмоқда. Феврал ойи минтақада совуқ келди. Совуқ кучайиши билан турар-жой биноларини иситиши лозим маиший корхоналар табиий газни имкон қадар тўплашга тушади ва трубалардаги босим пасайиб кетади.

Иккинчи сабаб¸ бизнинг тушунишимизча¸ Ўзбекистонда мазут заҳирасининг етарли эмаслигидадир. Мазут қиммат ëқилғи ва афтидан Ўзбекистон мазут сотиб олиш учун маблағ сарфлашни истамаëтир¸ бунинг ўрнига бизнинг газни ўзлаштиришни маъқул кўрмоқда¸ дейди Қозоғистондаги “KEGOC” акционерлик компанияси матбуот хизмати раҳбари Марат Мухамедсалиев.

Айни пайтда¸ “Қирғизистон Миллий электр тармоқлари” акционерлик компанияси собиқ раҳбари Раимбек Мамиров Ўзбекистоннинг Сирдарë¸ Таллимаржон ва Ангрен каби йирик гидроиншоотларида юз берган авариялар ҳам бу муаммони кескинлаштираëтганини айтади ва аксари совет замонида қурилган бу иншоотларни тўкилиб бораëтгани ҳам муаммони кескинлаштираëтган сабаблардан бири эканини қайд этади.

Ўзбекистон билан музокара бормоқда

Қозоғистондаги электр тармоқларини бошқариш “KEGOC” компаниясиси матбуот хизмати раҳбарининг айтишича¸ ҳозирда Ўзбекистон томонига расмий эътироз билдирилган ва “KEGOC” ширкатида шартномада кўзда тутилмаган тарзда қанча газ ўзлаштирилаëтганига оид аниқ фактлар бор. “Биз уларни Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизга юбордик ва улардан бу зарарнинг электр қуввати ëки молия шаклида қопланишини кутаëтирмиз¸ дейди “KEGOC” расмийси.

- Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз шундай иш бўлаëтганини тан олмоқда ва ўзлаштирилган қувватни қайтаришга ваъда беришмоқда. Аммо 23 феврал куни ҳам бундай ўзлаштириш қайд этилди¸ дейди “KEGOC” расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон томони тегишли жавоб ҳозирламоқда

Озодлик Қозоғистон томони эътирозларига муносабат олиш мақсадида “Ўзбекэнерго” давлат-ҳиссадорлик компанияси матбуот химзати билан ҳам боғланди. Хизмат расмийси Озодликка бу эътирознинг ҳозирда жиддий ўрганилаëтгани ва унга тез орада расмий жавоб қайтарилишини билдирди.

“Бизда ҳозир шу масала бўйича ўрганиб чиқаяпмиз. Ўша кўтарилган нарсалар бўйича жавоб тайëрлаяпмиз. Жавоб тайëрлангандан кейин оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинади. Бизни жиддий нарсада¸ ўғирликда айблашаяпти интернетда. Бугундан шуғулланаяпмиз. Ҳал бўлиши билан, ҳозир ҳамма хизматларимиз, бу нарса билан бир нечта хизматларимиз, бошқармаларимиз шуғулланади. Улардан маълумотлар йиғилади кўтарилган масалалар бўйича. Топшириқ берилган бизларга. Жавоб тайëрлаймиз, ўз вақтида етказамиз. Нима асосда бунақа дейилган, асос борми бу нарсада¸ ўшанга яраша бизлар кейин¸ керакли шаклда тўлиқ маълумот берамиз”¸ деди жумладан “Ўзбекэнерго” ширкати матбуот хизмати расмийси.


Марказий Осиë Ягона энерготизими: Кеча¸ бугун эрта

Мустақилликдан сўнг советлардан қолган Марказий Осиëдаги ягона энергетик тизимни сақлаб қолишга қарор қилган бўлса-да¸ йиллар ўтиб минтақа ҳукуматлари бу масалада имкон қадар бир-бировига қарам бўлмаслик йўлларини қидиришга киришдилар. 2003 йилда Туркманистон бу тизимдан чиққанини билдирди¸ 2009 йил охирига келиб Ўзбекистон ҳам айни шундай қарорга келганини эълон қилди.

"Аммо узоқ сўзлашувлардан сўнг¸ Ўзбекистон бу тизимда қолди¸ унинг ўрнига Ўзбекистон электр қувватини “шартномада кўзда тутилмаган тарзда ўзлаштириб келган” Тожикистон ягона энерготизимдан чиқарилди"¸ дейди “Қирғизистон Миллий электр тармоқлари” ширкатининг яқинда истеъфога чиққан раҳбари Раимбек Мамиров Озодлик билан суҳбатда.

- 2010 йилда Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Қозоғистон ягона тизимни сақлаб қолиш¸ айни пайтда параллел режимда ишлаш ҳақида келишиб олди. Бу дегани¸ учала давлат ўз эҳтиëжини ўзи қоплайди¸ аммо катта авариялар ëхуд етишмовчиликлар рўй берганда ягона тизимдан фойдаланади¸ деганидир. Бундай ягона тизим нафақат Марказий Осиë¸ балки аксар дунëда қўлланиладиган тажрибадир¸ дейди Мамиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG