Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик Ҳилола Килиманжаро чўққисини забт этди


Хилола Килиманжаро чўққисига ўзи билан Ўзбекистон байроғини олиб чиқди.

Хилола Килиманжаро чўққисига ўзи билан Ўзбекистон байроғини олиб чиқди.

Тошкентлик Ҳилола Шукурованинг касби иқтисодчи. Ёшлигидан Чимён тоғларида чўққиларга чиқиш унинг хоббиси бўлган. Яқинда 31 ёшли Ҳилола Африканинг энг баланд чўққиси Килиманжарони забт этиб, у ерга Ўзбекистон байроғини тикди.


Ҳилола Шукурова асли тошкентлик, бир неча йилдан буён Данияда яшайди.

- Тошкентдан деярли 100 км нарироқда бизнинг ажойиб тоғларимиз бор. Шунинг учун мен тоғларда катта бўлганман дейишим мумкин. Чунки ёзда оиламиз билан доим тоққа чиқар эдик. Чимён одамни ҳайратда қолдирадиган даражада чиройли жойдир. Биласизми, мен қаерда бўлмай, ўша соғинч мени тоғларга тортади. Танзанияга бориш, Килиманжаро чўққисига кўтарилиш имконияти пайдо бўлганида мен дарров рози бўлдим,- дейди Ҳилола Шукурова.

Хилола Шукурова маҳаллий йўлбошчиси билан.
Ҳилола даниялик бир неча танишлари билан 19 феврал куни Танзания вақти билан эрталаб соат 8:30да Килиманжаро чўққисини забт этди.

- У ерда ҳаммаси қайд этилади. Ким соат нечада тоққа чиққани, шунинг учун аниқ соат 8:30да эканлигини биламан. Бир неча йўлбошчи берилади. Ўта хавфли чўққига кўтарилиш бўлгани боис паспорт маълумотларигача қайд этилади,- дея давом этади суҳбатдошимиз.

Килиманжаро дунёнинг энг баланд чўққиларидан бири ва Африка қитъасининг энг юқори нуқтасидир. У Эверест, Эльбрус, Аконкагуа ва Мак-Кинли тоғлари каби альпинистларни ўзига тортади. Килиманжаро чўққиси денгиз сатҳидан 5895 метр баланликда жйолашган. Ҳилола чўққига кўтарилиш учун 5 кун вақт сарфлади.

Килиманжаро тоғи, Хилола Шукурова олган сурат.
- Чунки банландлиги 5895 м бўлганидан кейин кислород баллонлари бўлиши керак. Биз эса баллонларсиз чиқишга келишган эдик. Шунинг учун секин-аста иқлимга мослашиб кўтарилдик. Мен ёшлигимдан спорт билан шуғулланаман-югураман, сузаман. Шу боисдан жисмоний тайёргарлигим ёрдам берди деб ўйлайман. Кислородсиз лекин жуда қийин бўлди,- дейди Ҳилола.

У феврал ойида Африканинг энг баланд чўққисига кўтарилганлар орасида ягона ўзбекистонлик бўлди. Ундан олдин ўзбекистонликлар бу чўққини забт этганми, йўқми, аниқ эмас.

- Гап шундаки, кислород етишмайдиган пайтда бирор нарсани кўтариб, тепаликка чиқиш жуда оғир. У ярим кило бўлса ҳам қийин. У ерда доим ёмғир ёғади, доим қор. Мен шуни билганим боис, Ўзбекистон байроғини принтердан чиқариб, ламинация қилдириб олдим. Биласизми, бу ватанпарварлик туйғуси. Ўзбекистон байроғи билан ўша ерда расмга тушиш. Мен Килиманжаро тоғига кўтарилган ватандошларимиз сони қанча эканлигини билишга ҳаракат қилдим. Афсуски, буни аниқлай олмадим. Мен миллий ғурурга тўламан. Мана ўзбекистонликлар ҳам тоғ чўққиларини забт этаяпти деган маънода. Бу бизнинг ичимиздаги туйғу,- дейди Ҳилола Шукурова.

Ҳилоланинг ўзи иқтисодчи. У дастлаб Москвадаги Плеханов академиясининг иқтисод йўналишида таълим олган. Сўнгра Копенгагендаги ихтисослаштирилган таълим муассасида ушбу йўналишда ўқишни давом эттирган.

Ўзининг айтишича, Ҳилола тошкентлик оддий зиёлилар оиласининг фарзанди. Унинг тоғ чўққисига чиқишини Ҳилоланинг яқинлари хавотир билан кузатишган.

- Тўғрисини айтсам, менинг ота-онам бошидан тоққа чиқишимга қарши эдилар. Чунки мен илгари бундай иш профессионал тарзда шуғулланмаганман. Мен оддий ҳаваскорман. Бироқ менинг феъл-атворимни, ўжарлигимни билишганлари учун рози бўлишди. Чўққига кўтарилаётганимизнинг иккинчи кунида мобил алоқасиз қолдик. Чунки у ерда бундай баландликда мобил алоқа ишламайди. Ўша пайтда хавотир олишган. Чўққидан тушиб, телефонлашдим, расмларни узатдим,- дейди ўзбекистонлик альпинист.

Ҳилола Килиманжаро чўққисини забт этиш ҳаяжонли бўлди, дейди:

- Мен йиғладим. Қувонганимдан, бахтли эканлигимдан. Тоққа кўтарилишнинг ўзига 10 соат вақт кетди. Баъзи жойида юришдан чарчаб, эмаклаган вақтим ҳам бўлди. Шу боисдан чўққига етиб олганимдан кейин Худога шукр раҳмат дедим холос. Етказганига, омон қолганимга,- дейди Хилола.

Африканинг юқори нуқтасига чиққан Ҳилола Шукурова яна Данияга қайтган. Facebook саҳифасида Килиманжаро тоғида Ўзбекистон байроғи билан тушган расмини кўриб Ҳилоланинг дўстлари у билан фаҳрланишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG