Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:57

КХШТ: Афғон наркотраффиги инсоният учун таҳдид


Бордюжанинг айтишича, КХШТнинг мурожаатномаси остига аъзо давлатлар раҳбарлари имзо қўйган.
Бордюжанинг айтишича, КХШТнинг мурожаатномаси остига аъзо давлатлар раҳбарлари имзо қўйган.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга мурожаат қилди. Унда Афғонистонда наркотик моддаларнинг етишитирилиши “халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид” деб таърифланишини сўраган.


КХШТ Афғонистонда кўлами ошиб бораётган наркотик моддалар ишлаб чиқарилишига “инсониятга глобал таҳдид” мақоми берилишини сўраб, БМТ Котибиятига мурожаат қилди. Бу ҳақда хабар қилган КХШТ бош котиби Николай Бордюжага кўра, хужжат ташкилотга аъзо Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан имзоланган.

- Мазкур мурожаатнома БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинса, дунёнинг барча давлатлари афғон наркотраффигига қарши фаол курашишлари зарур бўлишини англатади. Шунингдек, бу хужжатда афғон наркотраффигига қарши курашда барча халқаро тузилмалар фаолиятини жадаллаштириш таклифи илгари сурилди,- деди Николай Бордюжа.

КХШТ раҳбарининг матбуот анжуманида маълум қилишича, мурожаатномада Афғонистонда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида “БМТ миссиясининг мамлакатдаги ваколатларини кенгайтириш” масаласи ҳам кўтарилган.

Николай Бордюжа хужжат асосида қабул қилинажак чора-тадбирлар Афғонистондаги Халқаро тинчлик сақловчи кучларни наркотик ишлаб чиқаришга қарши курашда мажбуриятларини қатъий белгилаб беришига ишонишини айтди.

Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати (ФСКН) раҳбари Виктор Иванов Афғонистондаги тинчликни сақлаш бўйича Халқаро кучлар фаолиятини самарасизлиги борасида шундай фикр билдирди.

- Афғонистон ҳудуди Халқаро тинчлик сақловчи кучлар масъулияти доирасида бўлишига қарамасдан, шу йиллар давомида мисли кўрилмаган миқдорда, яъни умумий ҳажми 1 триллион доллардан зиёд наркотик ишлаб чиқарди. Бошқача қилиб айтсак, коалицияга кирувчи давлатлар солиқ тўловчилари Афғонистонга 300 миллиард доллар ҳажмида маблағ сарфлаб, ўрнига 5 минг тонна соф героин қабул қилди, халқаро наркомафия ва террорчилик тармоқлари эса минг миллиард доллар даромад олди, деди ФСКН директори Виктор Иванов.

У бундай ҳолатнинг вужудга келганини биринчи навбатда Афғонистондаги НАТО кучлари ҳарбийлари томонидан олиб борилаётган сиёсат натижалари ўлароқ қабул қилиниши кераклигини билдирди.

Айтиб ўтиш жойиз, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши томонидан афғон наркотраффигига таҳдид мақомининг берилиши халқаро шартномаларга кўра “иқтисодий санкцияларни жорий қилиш” ёки “қуролли кучларни” қўллаш мумкинлигини ҳам назарда тутган.

Айни пайтда, МДҲ давлатлари Россия бошчилигида Афғонистондан наркотик моддаларининг экспорти ва транзитига қарши бошқа сиёсий ва ҳарбий бирлашмалар доирасида ҳам курашни жадаллаштирмоқда, ўхшайди.

Ўтган сешанба, 22 февралда Давлат Думаси Россия ва МДҲнинг айрим давлатлари ўртасида имзоланган Наркотик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш Маркази тузилиши ҳақидаги шартномани ратификация қилди.
Бу шартнома Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида 2009 йилнинг сентябрида имзоланган, дейди Марказий Осиёдаги наркотикларга қарши кураш Марказининг Ахборот-аналитика бўлими бошлиғи, полковник Аманжол Ўразбаев Озодлик билан суҳбатда.

- Аслида бу Марказ тажриба шаклида 2007 йилнинг 1 ноябридан фаолият юритиб келмоқда ва уни барча еттита давлат раҳбарлари 2009 йилда имзолашган. Энди мана давлатлар парламентлари ратификация қилмоқда. Шартномани фақатгина Россия ва Ўзбекистон имзоламаган эди, эндиликда Ўзбекистон парламенти имзолашини кутамиз, деди Аманжол Ўразбаев.

Марказ расмийсининг маълумотига кўра, Марказий Осиёдаги наркотикларга қарши кураш Маркази Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг фаолияти Буюк Британия, Италия,Канада, Люксембург, АҚШ, Туркия ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ёрдами асосида фаолият юритади.
Марказнинг дастлабки ялпи бюджети 15,4 миллион долларни ташкил этилиши кўзда тутилган.

“Сизнингча, нима сабабдан Ўзбекистон Наркотикларга қарши кураш Маркази ҳақидаги шартномани ҳанузгача ратификация қилгани йўқ?”, саволимизга Марказ расмийси Аманжол Ўразбаев бундай жавоб берди.
- Ўзбекистоннинг бу масалага доир ўзининг қандайдир бошқа фикр-мулоҳазалари бўлиши мумкин. Балким қандайдир шахсий сиёсий дивидендлари бордир, бу масалада бирор нима дейишга ҳам қийналаман. Гап шундаки, аслини олганда бизнинг тузилмамиз КХШТ ва бошқа ташкилотлардан фарқли ўлароқ сиёсатдан мутлақо ҳоли. Унинг фаолияти МДҲ доирасида тўлиқ наркобизнесга қарши курашга йўналтирилган. Шу сабабли Ўзбекистон парламенти ҳам уни расмийлаштиради, деган умиддамиз, деди Марказий Осиёдаги наркотикларга қарши кураш Марказининг Ахборот-аналитика бўлими бошлиғи, полковник Аманжол Ўразбаев.

Маълумотларга кўра, Марказий Осиёдаги наркотикларга қарши кураш Маркази 2010 йил давомида 150 кг зиёд турли банг моддаларини мусодара қилган.
XS
SM
MD
LG