Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

С. Шерматова: Усмонов масаласида Ўш милицияси фантазияси қўзиб кетган


Қирғизистон расмийлари Алишер Усмоновнинг июн воқеаларига алоқаси борлигини бир неча ой аввал иддао қилган эди.
Қирғизистон расмийлари Алишер Усмоновнинг июн воқеаларига алоқаси борлигини бир неча ой аввал иддао қилган эди.

Қирғизистонда чиқадиган газеталардан бирининг 25 феврал куни ёзишича, "россиялик миллиардер Алишер Усмонов қирғизистонлик ўзбек йигитларни чет элда ҳарбий тайёргарликдан ўтказмоқда".


Алишер Усмонов қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлганидан кейин Озодлик мухбири Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Вазирлик матбуот хизмати инспектори Эрнис Османбаев бундай деди:

- Қирғиз республикаси томонидан қидирилаётган шахслар рўйхатида Россия Федерацияси фуқароси, 1953 йилда Наманган вилояти Чуст шаҳрида туғилган Усмонов Алишер Бурҳонович йўқ, деди Эрнис Османбаев.

Озодлик мухбири Алишер Усмонов етакчилик қилаётган "Газпром-инвест холдинг" билан ҳам боғланди.

Холдингнинг ўзини Алла, деб таништирган вакили ҳам Алишер Усмоновнинг қидирувда эмаслигини айтди.

- Усмоновнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар "куракда турмайдиган гап", деди "Газпром-инвест холдинг" вакили.

Бундан қарийб уч ой олдин – 1 декабрда Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси "ориентировка"си суратини олганида Озодлик радиоси ҳам уни "куракда турмайдиган гап" сифатида қабул қилган, лекин ҳар эҳтимолга қарши бу информацияни Алишер Усмоновники эканлиги айтиладиган "Коммерсантъ" (Россия) газетасига жўнатган эди.

Афтидан "Коммерсантъ"дагилар ҳам бу информацияни "куракда турмайдиган гап", деб қабул қилган шекилли, ҳеч қандай реакция бўлмади.

Лекин Озодлик информацияни "Коммерсантъ"га жўнатиб қўйиш билан чекланмади.

Ўшдаги бир ишончли манбамиз илтимосимизга жавобан Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидаги ўз манбасига "ориентировка"ни кўрсатганди.

Ички ишлар бошқармаси вакили бизнинг манба саволига "Бу ички информация, сизга қандай тушиб қолди?" деб савол билан жавоб берган.

Яъни Алишер Усмоновнинг қидирувга берилганини инкор этмаган эди.

Бироқ ўша пайтда ҳар қандай информациядан манбамизнинг хавфсизлигини қимматроқ билиб, янги тафсилотлар пайдо бўлгунича индамасликка қарор қилган эдик.

Мана энди бугунга келиб, Усмоновнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар ошкор бўлди, бу хабар ҳар иккала томондан рад этилди ҳам.

Бир қарашда масала ҳал бўлгандай. Лекин бир қарашда холос.

Агар Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Ақун ўз вақтида Алишер Усмоновни Ўш воқеалари бўйича китоб чиқаришни молиялаштираётганликда айблаган бўлса, "Gezitter.org" сайти "Алиби" газетаси 25 феврал кунги сонида эълон қилинган мақолани кўчириб босди.

"Алиби"га кўра, "Россиялик миллиардер Алишер Усмонов қирғизистонлик ўзбек йигитларни чет элда ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётган" эмиш.

Газетанинг бу хабари "Айтишларича", деган писанда билан бошланганига қарамай, ундан ҳосил бўладиган эффект камайиб қолмайди.

Айтилган гаплардан келиб чиқадиган саволларимизни куни кеча Бишкекдан қайтган москвалик марказийосиёшунос таҳлилчи Санобар Шерматовага бердик.

Озодлик: Алишер Усмонов қидирувга берилганига, ориентировка чиқарилганига ишонасизми?

- Шундай ориентировка чиндан ҳам бўлганига ишонишга ундайдиган аломатлар жуда кўп. Бишкекда жойлашган вазирлик хабарни инкор қилишини ҳам тушуниш мумкин. Вазирликдагилар россиялик таниқли тадбиркор ва меценатга нисбатан бундай бемаъниликни қилмаган бўлардилар. Бу Ўшдагиларнинг иши.

Озодлик: Нима учун Ўш милицияси айнан Усмоновни танлаган, деб ўйлайсиз?

- Бир нарса дейиш қийин. Балки ҳаммадан ва ҳар бир одамдан гумон қилиш оқибатидир. Балки қирғизистонлик қочқинларга инсонпарварлик ёрдами жўнатмоқчи бўлгани тўғрисидаги хабар таъсир қилгандир. Шундан кейин Алишер Усмоновнинг миқёсини тасаввур ҳам қилишолмаганларми, ҳар ҳолда фантазиялари қўзиб кетган бўлса керакда...

Озодлик: "Алиби"даги бугунги гапниям ўқигандирсиз?

- Ўқидим. "Алиби" газетаси ёзганидек, Усмонов ҳеч қандай ўзбек йигитларни ташқарига олиб чиққани йўқ. Мендаги маълумотларга қараганда, унинг қирғизистонлик ўзбеклар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳатто, Турсунбек Ақуннинг гапларида ҳам асос йўқ. Ўш воқеалари юзасидан ҳеч қандай китобни молиялаштирган эмас.

Озодлик: Алишер Усмонов тўғрисида бу қадар қатъий ишонч билан гапиришга қандай асосингиз бор?

- Биласизми, Алишер Усмоновнинг Россия учун, Марказий Осиё ва ватани Ўзбекистон учун аҳамиятини тушуниш лозим. Усмонов Россиянинг сиёсий-иқтисодий тизимига омухта бўлиб кетишга улгурган арбобдир. У тизимнинг бир қисмидир. Усмоновнинг бирон бир фитнага аралашганига шу кунгача биронта ҳам ишора пайдо бўлган эмас. У сиёсатга аралашишга ҳаракат қилмайдиган жуда йирик бизнесмендир, деди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG