Линклар

Қамоқхона Қизил Хоч ташкилотидан сиёсий маҳбусларни яширмоқда


Норбой Холжигитов алдов йўли билан Қизил Хоч ташкилоти вакиллари билан учраштирилмади.

Норбой Холжигитов алдов йўли билан Қизил Хоч ташкилоти вакиллари билан учраштирилмади.


20 феврал куни ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг ўғли Ҳаётилло отасини Қаршидаги қамоқхонага бориб кўрди ва отасининг аҳволи ҳақида жиззахлик ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроевга гапириб берди.

- Ўғлининг айтиши бўйича, отаси базўр, секин юрган ҳолда учрашувга чиққан. Ранглари оқарган, жуда озиб кетган ҳолда. Ўғлининг айтиши бўйича, икки кўзи ҳам бирданига шамоллаб, икки кўзидан тинимсиз кўз ёш оқаяпти экан,- дейди Баҳтиёр Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Норбой Холжигитов бир неча бор колония докторига соғлиги борасида мурожаат қилган.

- Норбой Холжигитовнинг айтиши бўйича, колониянинг бош врачига мурожаат қилган. Сангородга юборишларини, соғлиги ёмонлашаётганини айтиб мурожаат қилган. Бош врач рухсат берган. Аммо колониянинг бошлиғи Тўхтаев бунга рухсат бермаган. “Бизда тиш дўхтири йўқ” деб юбормаган. Юбормаганидан кейин 24 январ куни бирданига “сизни биз сангородга жўнатамиз. У ерда сизни даволаймиз. Нарсаларингизни йиғинг” дейишган. Норбой Холжигитов хурсанд бўлган. Ундан ташқари иккита махбус билан олиб кетишган. Афсуски, Тошкентга эмас, Қашқадарё вилоятига қарашли Косон туманининг ички ишлар бўлимининг ертўласига олиб бориб ташлашган,- дейди яна Баҳтиёр Ҳамроев.

Унга кўра, Косон туман ички ишлар бўлимида Норбой Холжигитов 28 январга қадар ушлаб турилган.

- Норбой Холжигитов қайтиб келиб маҳбуслардан сўраса, 24-27 январ кунлари орасида Қизил Хоч ташкилотидан текширишга келган экан. Кўплаб ўша ердаги маҳбуслар рус тилида хор билан “бизда хаммаси яхши, озиқ-овқат билан таъминлаяпти” деб айтган. Биз Норбой Холжигитовни айнан Қизил Хоч ташкилотидан яширишган деб ҳисоблаймиз. Чунки бу нарса биринчи марта бўлаётгани йўқ. Аъзамжон Фармонов билан ҳам шундай бўлди. Юсуф Жума билан ҳам шундай бўлди. Масалан, Аъзамжон Фармонов ва Юсуф Жумани Қизил Хоч ташкилотидан уч марта борганида ҳам Жаслиқ колониясидан Нукус тергов изоляторига олиб бориб ўн кунлаб, саккиз кунлаб олиб бориб яширишган,- дея гапириб берди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроев.

Бир пайтлар Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холжигитов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги "Бирлик" ҳаракати аъзоси бўлган. 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йили эса “Озод деҳқонлар" партиясига аъзо бўлган.

Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг тўрт моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG