Линклар

"Уй дафтари" - чақимчилик дафтари

  • Садриддин Ашур

"Уй дафтарлари" ҳақида келажакда "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчиларимиздан ҳали кўп эшитамиз шекилли.

"Уй дафтарлари" ҳақида келажакда "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчиларимиздан ҳали кўп эшитамиз шекилли.

"Эркин микрофон"га Сурходнарёдан қўнғироқ қилган 82 яшар отахон кейинги уч-тўрт йилнинг муаммоси - нақд пул тақчиллиги ва пенсиянинг вақтида берилмаётганидан шикоят қилди. Айни пайтда Самарқанд вилоятида "уй дафтарлари" халқ орасида чақимичилик дафтари деган ном олгани ҳақида гапиради ургутлик тингловчимиз.


“Биз ногиронларга кун беришмаяпти”

дейди Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан қўнғироқ қилган биринчи гуруҳ ногирони Жўрақул Соҳибназаров.

- Мен Сурхондарë вилояти, Сариосиë Мирзо Улуғбек 2-уйдан. Кўзи ожизлар жамиятидан биринчи гуруҳ ногирони Соҳибназаров Жўрақулман. Қарийб икки йилдирки бир муаммо бор ҳеч ечиб бўлмаяпти. Сизларга мурожаат қилиб ҳал қилмасам ҳеч иложини топа олмадим. Мана бизда 1997 йил кўзи ожизлар учун икки қаватли уй берилган эди. 20 хўжаликка. Усти шифер қилинмаган эди. Кейин уни директоримиз Ҳожиев Шамсиддин дегани бор, зўравон, айтдики “Ўртоқлар, уч хоналикка ҳар ойда 30 мингдан, икки хоналикка 20 мингдан берасизлар” деди.

Озодлик: Ҳар ойдами?

- Ҳа. Ҳар ойда уч йил муддатда уч хоналилар 30 мингдан, икки хонали 20 мингдан деди. “Ким бермаса, жамиятдан йўқ қилиб ташлайман” деди. 2009 йил 10 апрел куни воқеа бўлаяпти. Кейин 2009 йил май ойидан бошлаб олди. Иккинчи ой беролмадим. Май ойиникини берган эдим. Июн ойиникини бера олганим йўқ эди. Мен ўзим Денов шаҳрида эдим. Бир пайт телефон келди. Уйимнинг олдида икки сотих ерим бор. Ичида экин бор эди. Сеткани бузиб Камазни ҳайдаб ичига тош тўкибди. Тош тўкиб у ерни болаларга ўйингоҳ қилиб берди. 2009 йил 16 июн куни молхона бор эди, сомонхона бор эди, ҳаммом бор эди, ҳаммаси бетондан эди, уни трактор олиб келиб бузди. Кейин “бу президентнинг қарори” деди. “Бошқаларникичи?” десам, “ишингиз бўлмасин” деди. “Сеникини бузаман. Сен пул бермадинг” деди. Икки йилдан бери менга кун бермаяпти. Бирор ташкилот “Ҳой сен нима қилаяпсан? Нимага ногиронга кун бермаяпсан?” демаяпти, дейди Сариосиё туманидан қўнғироқ қилган биринчи гуруҳ ногирони Жўрақул Соҳибназаров.

“Уй дафтари уй қамоғими?”

дейди Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан қўнғироқ қилган тингловчи Жасур:

- Мана яқинда радиойинглардан эшитиб қолдим. Самарқандда оилалар дафтар тутаëтган экан. Шунга ўз фикримни билдирмоқчи эдим. Одамларнинг айтиши бўйича буни чақимчилик дафтари десак бўладими, шунақа гаплар юрибди. Мана юртдошларимиз билади. Одам бошига биттадан, иккитадан мол бўлиши керак экан. Бу кўпларнинг норозиличигига сабаб бўлаяпти. Шунга ўз фикримни билдирмоқчи эдим.

Озодлик: Уй дафтарлари сизларда ҳам ташкил қилинаяптими?

- Бизда албатта борда. Дафтарни раисларнинг ëрдамчилари олиб келаяптида. 3000дан пул, паспортларни ëзиб олиб, уйингизга ким келаяпти, ўртоқларингиз келадими, қариндошларингиз келадими ўшаларнинг номини қайд қилиб қўйиш керак эмиш. Моллар жон бошига иккитадан зиëд бўлмаслиги керак эмиш, деган гаплар ҳам бор.

Озодлик: Жон бошига иккитадан мол бўлиши керак деб ким айтди? Дафтарда йўқку бу.

- Маҳалла ëрдамчилари шунақа деб айтишди. Молни кўп қилмаслик керак эмиш, шунақа қонун чиқаëтган эмиш деб айтишди.

Озодлик: Ўзбек сифатида шунақа ишларга нима дейсиз?

- Бунақа ишларга нима дейди, одамларнинг бой бўлмаслигими ëки ривожланишига қўйишмайдими, шунақа деб ўйлайманда. Эркинлиги 100 фоиз чекланаяпти деб ўйлайманда, дейди самарқандлик суҳбатдош.

“Нақд пулни ёстиқ қилишяптими булар?”

дейди Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан қўнғироқ қилган 82 ёшли отахон, бугунги ҳаёт манзараларига ўз чизгиларини тортар экан.

- Одамлар ҳам энди ғўзапоя қилади, тезак қилади. Кунини кўриб ўтирибдида бир бало қилиб. Нима қилсин бечоралар энди? Қаëққа борсин? Жамиятнинг тузилиши шундай бўлса. Кеча айтдингизларку қайсидир бир районнинг ҳокими қамалибди. Ўзбекистон бўйича 185тами, 200га яқин туман бор. Ҳаммасининг ҳокимлари порахўрда. Ўзларини биладида улар. Колхозчи бечоралар билан иши нима уларнинг. Улар ўзларининг чўнтагини тўлдирса, бой бўлса, қўша-қўша машина олса, қўша-қўша иморат қилса, халқ билан иши йўқ, халқнинг тарафини оладиган раҳбарнинг ўзи йўқ. Тўрт-беш кундан бери газ деган нарса йўқ, свет ҳам йўқ. Болалар на дарс тайëрлайди, на телевизор кўради. Ўчоқ ëқиб сув қиздириб баклашкага солиб ўрнимизга қўйиб қиздириб ўтирибмизда.

Озодлик: Неча ëшдасиз бобо?

- 82да.

Озодлик: Шунақа замонларни ëшлигингизда кўрганмисиз?

- Бундай змаонларни мен 41-45 йилларда ҳам кўрмаганман. Қор бўлганда ҳам кўмир деган нарсалар бўлиб турарди. Мустақил бўлганимизга 20 йил бўлди. 20 йилдан бери хароб бўлди Ўзбекистон. Ленин билан Сталиннинг давридан қолган нарсаларни еб тамом қилди, ўзлари ўтириб қолди. Энди Ленин билан Сталин қайта туғилса эди, столни қучоқлаб ўтирганларни отнинг думига боғлаб Сибирга жўнатармиди. Чақалоқ туғилгудай бўлса, уни ўзингизнинг пулингизга сотиб олсангиз. Бир килограмм қўй гўшти бозорда 14-15 минг бўладими энди? Уни ҳам тарозига қўйсангиз, 850-900 грамм келади. Тарозидан ҳам уриб ëтибдида.

Озодлик: Пенсиялар карточкадами ëки нақд бераяптими?

- Карточкада. Нима қиламиз энди. Қозоқнинг уни магазинда 80 минг турибди. Карточкага олсангиз, 88 минг. Ўзбекистон Шўрчининг унини 70 мингдан оласиз. Нақд пул деган нарсанинг ўзи йўқ. Билмайман пулни ҳам нима қилаяпти булар. Катталарнинг ўзи ҳаммаси пулни ëстиқ қилиб бошига қўйиб ëки кўрпа қилиб ëтибдими дейман, дейди ангорлик отахон.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG