Линклар

logo-print

Қирғиз парламентида намозхона жанжали давом этмоқда


Қирғиз парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли парламентда намозхона очиш ташаббусини кўтарганлардан бири.

Қирғиз парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли парламентда намозхона очиш ташаббусини кўтарганлардан бири.

Қирғизистон парламентида намозхона очиш масаласи парламент, айрим ҳукумат идоралари ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги катта жанжалга айланиб бормоқда. Парламент биносида намозхона очилишига Дин ишлари бўйича ҳукумат қўмитаси ҳам қаршилик қилаяпти.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ўрмон Шаршенов парламентда қилган чиқишида депутатлар учун намозхона очиш масаласини кескин танқид қилди. Унинг айтишича, мамлакатда парламентдан ташқари икки ярим мингта ҳукумат идораси бор. Агар парламентда намозхона очиладиган бўлса, қолган барча ҳукумат ташкилотлари ҳам ўз идораларида намозхона очилишини талаб қила бошлайди. Бунинг оқибатида давлат бюджетидан бу иш учун жуда катта миқдорда маблағ ажратишга тўғри келади.

Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ўрмон Шаршеновнинг айтишича, ҳукумат идораларида намозхона очиш мамлакат қонунчилигига ҳам зид келади. Чунки Қирғизистон Конституциясида дин давлатдан ажратилгани эътироф этилган.

Ҳукумат расмийсининг бу баёнотини парламентда намозхона очилишига бир неча ойдан бери қарши чиқаётган маҳаллий нодавлат ташкилотлари қўлладилар.

- Нарги дунёда депутат деган тушунча йўқ. Шунинг учун депутатлар халқдан ажралиб, парламентда ўзларига алоҳида намозхона очмасдан, масжидга бора қолишсин. Қирғизистон бюджети унингсиз ҳам жуда қийин аҳволда. Намозхона очиш учун қўшимча маблағ талаб қилинади. Бу иш бюджет ҳисобидан амалга оширилмаслиги керак, -дейди нодавлат ташкилотлари вакили Алмаз Тожибой.

Бироқ Ўрмон Шаршеновнинг парламентдаги партиядошлари, жумладан, “Ота юрт” фракцияси лидери Қамчибек Ташиев Дин ишлари қўмитаси раисини номозхона очилишига қарши бўлгани учун ишдан олиш масаласини кун тартибига қўйишини билдирди. Ўрмон Шаршенов “Ота юрт” партияси таклифи билан Дин ишлари қўмитаси раислигига сайланган эди.

Депутатларнинг бундай баёнотлари ҳам нодавлат ташкилотлари вакиллари томонидан салбий қабул қилинди:

- Бу совет давридан қолган номенклатуранинг одати. Совет даврида амалдорлар учун махсус касалхона, махсус дўконлар, махсус ҳаммомлар бор эди. Бугунги кунда бизнинг депутатларимиз махсус намозхонага эга бўлишмоқчи. Агар бу иш амалга ошса, барча вазирликлар ва ҳукумат идораларида ҳам намозхона очишга тўғри келади. Бу намозхоналарни очиш учун эса пул яна оддий халқнинг чўнтагидан олинади, -дейди нодавлат ташкилотлари вакили Азамат Тинаев.

Айни пайтда депутатларнинг ўзлари парламентда намозхонанинг очилиши иш вақтидан унумли фойдаланиш имкониятини яратади, деб ҳисоблайди. Парламентдан олинган маълумотга кўра, 120 депутатдан 20дан ортиқроғи намоз ўқир экан.

- Намозхона масаласини катта жанжалга айлантирмай, ҳар бир раҳбар ўзи ҳал қилиб қўйса бўлади. Масалан, мен уч йил молия вазири, икки йил иқтисодиёт вазири бўлиб ишладим. Вазирликларда намоз ўқийдиган ходимлар жуда кўп. Улар беш маҳал масжидга борса ишга зарар етади. Шунинг учун ҳам вазирликда бир хонани ажратиб, жиҳозлаб намозхона қилиб берганмиз. Масала, махсус намозхона очиш устида эмас, депутатларнинг иш вақтидан унумли фойдаланиши учун шароит яратиб бериш устида кетаяпти, -дейди парламент депутати Ақилбек Жапаров.

Парламент биносида намохзхона очиш масаласи ўтган йилнинг декабр ойида Социал демократлар ва “Ор-номус” партияларидан сайланган депутатлар томонидан кўтарилган эди. Ўшандан бери нодавлат ташкилотлари қаршилиги туфайли парламентда намозхона очиш масаласи ҳал қилинмай қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG