Линклар

Шимолий Кавказ минтақасида жойлашган Қабардин-Болқор Республикасининг Налчик, Чегем ва Черек туманларида 27 феврал куни эрталабдан аксилтеррорчилик амалиёт (АТА) тартиби кучайтирилди.

Бунга 25 феврал куни бир гуруҳ жанггари пойтахт Налчик шаҳрида гранатомётлардан Республика Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) биносини ўққа тутиши, ФХХга қарашли шифохона биносига граната отиши ва шаҳардаги иккита милиция постига ҳужум қилиши сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, 12 нафар жанггари иштирок этгани айтилаётган ҳужум оқибатида битта йўл-патрул хизмати ходими яраланган.

Аксилтеррорчилик тартиби 20 февралдан буён республиканинг Элбрус ва Баксан туманларида ҳам амал қилиб келмоқда.

АТА режими 18 феврал куни Россиянинг энг баланд чўққиси бўлмиш Элбрус тоғи ёнбағрида камуфляждаги номаълус шахслар томонидан 3 нафар москвалик сайёҳлар отиб кетилгани ва 2 нафари яралангани туфайли жорий қилинган.

Ҳарбийларнинг тахминларига кўра, туристларни отиб кетган шахслар ҳалок бўлганлардан бири Ирина Патрушевани Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг қизи, деб ўйлаган.

Бироз вақтдан кейин тоғ чўққисига эскалатор вагончаларини ташувчи мослама суянчиғларидан бири портлатилди, маҳаллий меҳмонхоналаридан бири ёнида эса миналаштирилган автомобил топилди.

Россия Бош вазири муовини, президентнинг Шимолий Кавказдаги мухтор вакили Александр Хлопонин Аксилтеррорчилик амалиёт якунига қадар Элбрусга сайёҳлик турларини бекор қилиб туришни талаб қилди.

- Айниқса туризм билан шуғулланаётган ширкат раҳбарлари диққатига: амалиёт тугагунга қадар бу минтақага янги сайёҳлар гуруҳларини олиб келишни тўхтатинг. Мен шахсан ўзим назорат қиламан. Бу ерда яшаётган ва курортларга келаётганлар хавфсизлиги муҳимроқдир, - деди Александр Хлопонин.

Маълум бўлишича, жанггарилар ўз ҳужумларини асосан жума кунлари уюштирмоқда.

Террорчиликка қарши амалиёт давомида барча кўрсатилган ҳудудларда ҳужжат ва шахсий буюмлар, автотранспорт ва фуқароларнинг уй-жойлари текширилади, электрон почта, телефон алоқалари кузатиб борилади, шубҳали шахслар назорат остига олинади.

Шимолий Кавказ бўйича эксперт Аслан Бештоев қуролланган жанггари гуруҳлари куч ишлатар тизимларга қарши янги хуружлар тайёрланаётганини истисно қилмайди.

- Биринчидан, бу жанггариларнинг улкан ташвиқотчилик ютуғи. Ҳарбий хизматлар кучайтирилган шаҳарга бемалол кириб бориш ва бу акцияни уюштиришни ўзи бўладими?! Менимча, Россия куч ишлатар тизимлари аллақандай махсус амалиётини ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги маълумот жанггариларга етиб борган. Ва бу ҳужумлари орқали улар бу тайёргарликни йўққа чиқаришга уриниб кўрганга ўхшайди, - дея ўз фикрини билдирди сиёсий шарҳловчи Аслан Бештоев.

Унинг фикрича, эришилган “ютуқлар” жанггариларни янада фаолроқ ҳаракатларга илҳомлантиради.

Налчиклик бошқа бир эксперт Иброҳим Янагов мулаҳазасича, аслида бу Россия махсус кучларининг мутлақо лаёқатсизлигидан даракдир”.

- Афсуски, ҳукумат ва федерал хизмат раҳбарлари мутлақо лаёқатсизлиги ва қуролланган ноқонуний гуруҳларга қарши жўяли қаршилик кўрсата олмаётганини намойиш этмоқда. Минтақада жиноятчилик ва бандитизм кенг қулоч ёймоқда. Маҳаллий аҳоли орасида Чеченистонга ўхшаш вазият юзага келиши мумкинлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар юрибди. Айни пайтда республикада Чеченистондаги каби диктатура ўрнатилиши ҳам мумкин, - деди Шимолий Кавказ бўйича сиёсий шарҳловчи Иброҳим Янагов Озодлик билан суҳбатда.

Қабардин-Болқор Республикаси прокуратура бошқармаси хабарига кўра, Налчикдаги милиция постлари ва ФХХ бошқармаси биносига қилинган ҳужум юзасидан қатор жиноий ишлар қўзғатилган.

Мутахассислар Шимолий Кавказда бошланган жанггариларнинг террорчилик ҳужумлари оқибатида 2014 йилда Сочида ўтказилиши мўлжалланган Қишки Олимпия ўйинлари тақдири савол остида қолиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG