Линклар

Ўзбекистон конституциясига тузатиш ва қўшимчалар киритилди


Ўзбекистон парламентининг Қуйи палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги хабар қилди.

Ушбу тузатишларга мувофиқ, Бош вазирни тайинлашда мамлакатда илк бор демократик тамойилларга жавоб берадиган конституцион тартиб жорий қилинади.

Янги тартибга кўра, парламент қуйи палатасига ўтказилган сайловда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган ёки тенг ўрин эгаллаган сиёсий партиялар вакиллари Бош вазир лавозимига номзод кўрсатади.

Ҳокимиятнинг юқори тизимида жорий қилинган янги тартибдан яна бири Олий мажлис депутатлари Бош вазирга ишончсизлик овози бериш ҳуқуқига эга бўлганидир.

Агар парламентдаги иккила палата депутатларининг камида учдан икки қисми Бош вазирга ишончсизлик билдирса, таклиф қабул қилинади ва мамлакат президенти Бош вазирни лавозимидан бўшатиш ёки бўшатмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Ўтган йил 12 ноябр куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов парламентда энг кўп ўринни эгаллаган партиялар Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиши лозимлигини айтган эди.

Айни мажлисда Каримов, тиббий комиссия президент ўз вазифасини бажаришга нолойиқ¸ деган хулосага келган тақдирда, президентлик ваколатининг Сенат раисига топширилишига оид Конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилган эди.
XS
SM
MD
LG