Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Тожик расмийлари Қуръон ва Конституция китобларини тарқатмоқда


Тожикистонда ҳар бир оилага Қуръони Каримнинг тожик тилидаги таржимаси ва Конституция китоблари тақдим этила бошланди. Айни пайтда, мамлакат парламенти қабул қилиши кутилаётган янги Қонунга кўра, 18 ёшга тўлмаган болалар масжидга қўйилмайди.

Тожикистон ҳукумати кўрсатмаси асосида амалга оширилаётган мазкур тадбир мамлакатнинг Хатлон вилоятидан бошланди.

Вилоят раиси Ғайбулло Афзаловнинг сўзларига кўра, оилаларга бериладиган Конституция ва Қуръон китоблари ҳукумат маблағи ҳисобидан чоп этилган. Мазкур тадбир жараёнининг биринчи босқичида 400 дан ортиқ оила китоблар билан таъминланади.

- Бугунги кунда республикадаги ҳар бир оила Тожикистон қонунларини билмоғи шарт. Чунки мамлакат ёшларнинг аксари қонунлардан бехабарлиги сабаб турли диний-экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетмоқда. Инчунин, Қуръонни ҳам аксарият фуқароларимиз яхши билишмайди, - дейди Ғайбулло Афзалов.

Аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон республика Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида бугунги кунда мамлакат хавфсизлигига ноқонуний наркотик моддалар савдоси эмас, балки республиканинг айрим ҳудудларида жонланаётган экстремистик гуруҳлар катта хавф туғдираётганини айтганди.

- Бугун жамиятимиз ва умуман давлатимизга келтирилаётган бадбахтлик героин, наша ва бошқа ноқонуний наркотик моддалар эмас, буни, сизлар - куч ишлатар тизимлари вакиллари, яхши англаб олинглар. Республиканинг айрим ҳудудларида жонланаётган экстремистик гуруҳлар мамлакат ҳавфсизлигига катта хатар туғдирмоқда. Боз устига, республикада фаолият юритаётган экстремистик гуруҳлар ўз хорижлик раҳнамолари томонидан сармояланмоқда, - деди Тожикистон президенти.

Республика раҳбари, шунингдек, ҳозирда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ўрганилаётган Рашт водийси ва Сўғд вилоятларидаги ҳодисалар бирор гуруҳ томонидан сармояланган-сармояланмаганини аниқлашни топширди.

Аснода Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Азимжон Ваҳобов мамлакатда қонунлар ва Қуръонни бирга тарқатилишидан муддао нима эканини англай олмаётганини айтади.

- Қуръони Каримни ўқиб тушуниб етган ҳар бир мусулмонга бошқа қонунлар даркор эмас. Чунки Қуръонда одоб-эҳтиром, жамиятда мавжуд тартиб-интизомларга амал қилиш каби барча қонун-қоидалар ёзиб қўйилган. Айтмоқчиманки, ҳақиқий Исломни тушуниб етган одам ҳеч қачон турли экстремистик партия ва оқимларга қўшилмайди, аксинча, ҳақиқий Исломни, ўз ватанини улардан ҳимоя қилади, - дейди Азимжон Ваҳобов.

Тожикистонда сўнгги йилларда масжидларда радиокарнайлар воситасида азон айтиш, болаларнинг масжидга бориб намоз ўқиши тақиқланди, ҳижоб кийган аёлларга қарши амалиётлар бошланган, соқолли эркаклар қўлга олинмоқда, Тожикистон мактаблари программасидан эса “Ислом маърифати” дарси олиб ташланди. Республика хукумати томонидан амалга оширилаётган бу тадбирлар динга бўлган босимнинг янгича кўриниши сифатида баҳоланмоқда.

- Бир нарсани англай олмаяпман. Биз ҳозир қайси давлатда яшаяпмиз, демократик давлатни ташкил этяпмизми ёки юқоридан берилаётган буйруқ асосида яшайдиган давлатними? Бизга масжид ёки дискоклубга бориш борасида буйруқ бериш керак эмас. Бу нарсаларни карор асосида амалга ошириш мумкин эмас. Чунки айни пайтда ватанимизда Куръони Карим бўлмаган хонадонни топиш мушкил бўлса керак - ҳаммада бор. Назаримда, бепул Қуръон китоби ва республика қонунларини тарқатиш баҳонасида ҳукумат яна бирор-бир ўйинни бошлаган шекилли, - дейди Холмурод исмли тожикистонлик йигит.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги етти ойда Тожикистонда диний-экстремизмга қарши қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилди. Жумладан, Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан 16 феврал куни тасдиқланган қонуннинг асосий мақсади республика банкларида ноқонуний пул айланмаларини назорат қилиш ва бундай маблағларнинг террорчилар фаолиятини сармоялашига қарши қаратилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил ва жорий йилнинг икки ойи давомида мамлакатда юзга яқин тожикистонлик террорчилик, Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Ҳизбут-Таҳрир, Таблиғ жамоати, Ал-Қоида каби диний- экстремистик ташкилотларига аъзоликда айбланиб, қўлга олинди. Уларнинг аксарияти узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG