Линклар

"Қаддафий Африкада ислом ëйилишига хизмат қилди"


Фотиҳ Гарифуллин Қаддафий нутқ сўзлаган маросимда.

Фотиҳ Гарифуллин Қаддафий нутқ сўзлаган маросимда.

Ливиянинг 42 йиллик диктаторини халқ исëни бошланиб¸ мамлакат фуқаролар уруши домига тортилаëтган кунлар арафасида бевосита Триполида кузатган тюменлик қози Фотиҳ Гарифуллин Муаммар Қаддафий фаолиятининг айнан шу жиҳатига урғу беради.

Ливия ҳукмдори Муаммар Қаддафийни мамлакатда бошланиб кетган фуқаролар уруши олдидан кўрган россияликлардан бири Россиянинг Осиё қисми диний бошқармаси Тюмен қозияти раҳбари Фотиҳ Гарифуллиндир. Озодлик билан суҳбатда у Қаддафий ўзида жуда яхши таасурот қолдирганини айтади.

- Мен яқинда Ливияга тўртинчи маротаба сафар қилдим. Биринчи маротаба 1998 йилда бўлганман. Анчадан буён Ливия Жумҳурияти раҳбари пайғамбаримиз (с.а.в.) туғилган ойда Мавлуд ан-Наби маросимига оламнинг турли ўлкаларидан мусулмонларни жамлаб Африка мамлакатларидаги очарчиликка эътибор қаратиб келди. Бундан ташқари, полковник Қаддафий африкалик маҳаллий қабилалар орасида ислом динини тарғиб этиш билан фаол шуғулланади. Мавлудлар Африканинг турли камбағал мамлакатлари, жумладан Нигер, Мавритания, Чад, Уганда ва Мали давлатларида ўтказилиб келинган, дейди Фотиҳ ҳазрат.

Тюмен қозияти раҳбарига кўра, Ливия инқилобининг 42 йиллик “доҳийси” қолоқ Африка қабилаларини ислом байроғи остида бирлаштириш ғоясини илгари сурган. Қаддафий ҳатто ўзини АҚШ - Африка Қўшма Штатлари президенти деб атаган, дея давом эттиради Фотиҳ Гарифуллин.

Қаддафий Нигерда
- 2007 йилда Нигердаги маросимда Нигер раҳбари Муҳаммад Танжа менинг узоқ Россиядан келганимни билиб қўл бериб сўрашди, суҳбатлашдик. Шу ерда қизиқ бир воқеа рўй берди... Нигерда стадиондаги маросимда Муаммар Қаддафий сўзга чиқди ва оқшом намозини ўзи ўтказди. Стадионда ўтирган бир нечта қабила ўз бошлиқлари билан ўринларидан туриб “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ!”, дея исломни қабул қилганликларини билдирди ва бошқа мусулмон биродарларига қўшилди. Мен Муаммарнинг нотиқлик маҳоратига шунда тан бердим, дейди тюменлик қози Фотиҳ ҳазрат.

Маълум бўлишича, мазкур маросимда мусулмонликни қабул қилган қабилалар Гана ва Бениндан ташриф буюрган экан.

Фотиҳ Гарифуллин Ливияга охирги маротаба шу йил февралида сафар қилган. “Сўнгги сафарингиз давомида Ливияда бошланаётган халқ норозилиги аломатлари сезилмадими?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Ўша кунлари мен бундай фожиали воқеалар бўлишини хаёлимга ҳам келтирганим йўқ, бунга асос ҳам йўқдек кўринди. Лекин 13 феврал куни, кетишимиздан икки кун олдин, Бенгази шаҳрида шундай намойишлар бошланганини эшитдик.

Лекин Триполидаги стадионда бўлган Мавлуд тантаналарида бу сезилмаган эди. Биринчидан, стадион автоматчиклар ва машиналарда ўрнатилган пулемётлар билан жуда яхши қўриқланаётган эди. Иккинчидан, стадиондагилар Муаммарни кўриши ҳамоно уни ҳайқириқлар билан қизғин кутиб олди. Стадионда 30 мингдан зиёд одам йиғилганлигини ҳисобга олсак, қандай қилиб Қаддафийни бундай олқишлаётган одамлар эртаси куни унга қарши чиқиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаяпман, дея ҳайратланади Фотиҳ Гарифуллин.

Суҳбатдош¸ маросимнинг доимий бош ташкилотчиси Муҳаммад Шариф ёрдамида россиялик меҳмонларнинг Африка давлатлари раҳбарлари орқасида ўтиргани ва шу ерда Муаммар Қаддафийни кўрганини айтади.

- Мен ўтирган жойдан 5-6 метр нарида Муаммар Қаддафийнинг курсиси жойлашган эди. Биз уни бир соатча кутдик. У тўқ-сариқ кийимда ташриф буюрди. Кўринишидан тинч, ҳатто кўтаринки руҳда эди. Унинг бир ўзи ўқ ўтмайдиган ойна ортида ўтирган эди. Трибунага чиққанида уни тан соқчилари ўраб олди. Шунда мен унинг жуда яхши қўриқланаётганини сездим. Қизиғи, ҳар сафар у одамларга қўл кўтарганида бутун стадион қийқириб ўрнидан туриб кетарди. Бир қарашдан одамлар уни ҳурмат қилади, ҳатто севади, деган фикр пайдо бўлди, дейди 17 феврал куни Ливиядан Россияга қайтган Фотиҳ Гарифуллин.

Манзаранинг бундай сиртқи кўринишига қарамай¸ Қаддафийнинг ўқ ўтмас қутида ўтиришию¸ унинг атрофида қуроллиларнинг ҳаддан зиëд кўпайгани 42 йиллик ҳукмдор билан халқ ўртасида жарлик пайдо бўлгани аломати эканини англаш қийин эмас эди¸ дейди бундан икки ҳафтача аввал Триполидаги маросимда Қаддафийни бевосита кузатган россиялик қози.

- Биз мамлакатда нимадир бўлаётганини сезгандек эдик. Масалан, 1998 йилда бу тадбирда турли мамлакатлардан келган 3000 мингга яқин вакиллар иштирок этган бўлса, бу йилгида мингта ҳам йиғилмади. Одамлар шундай воқеалар бўлиши мумкинлигини олдиндан ҳис этган, ўхшайди. Миср, Тунис воқеаларидан кейин, менимча Ливияда ҳам шундай қирғинбарот бўлиши муқаррар эди. Менинг шахсий фикримча, буни ташқи кучларсиз амалга ошириш қийин, деди Фотиҳ ҳазрат.

Шунга қарамасдан, Гарифуллинга кўра, Ливия халқи Қаддафийсиз адолатли ва маданиятли давлат тузишга эришиши мумкин.

Суҳбатимиз якунида, яқингача Муаммар Қаддафийнинг Ливиядаги сиёсатини маъқуллаб келган Фотиҳ Гарифуллин тинч аҳолининг ўққа тутилишини ҳеч ким кечирмаслиги ва "Жумҳурият йўлбошчиси" ҳақида фикри ўзгариб бораётганини тан олди.

- Мен ўзим ҳам ҳозир иккиланиб турибман.. Нега бундай бўлаяпти экан? Албатта, одамларнинг ўлимини Қаддафийга ҳеч ким кечирмайди. Билишимча юзлаб одамлар, айрим маълумотларга кўра, мингдан зиёд одамларнинг ўлимига Қаддафий айбдор ва уни ҳеч ким кечирмайди, дейди Озодлик билан суҳбатда Россиянинг Осиё қисми диний бошқармаси Тюмен қозияти раҳбари Фотиҳ Гарифуллин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG