Линклар

Ўзбекистондаги немис ширкатлари: Ўйин қоидаларини ким белгилайди?

  • Озодлик

Ўзбекистон ва Туркманистон расмийларига пора берганликда айбланган Daimler ширкати бу жанжалдан 185 миллион доллар жарима тўлаб қутулган эди.

Ўзбекистон ва Туркманистон расмийларига пора берганликда айбланган Daimler ширкати бу жанжалдан 185 миллион доллар жарима тўлаб қутулган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими¸ шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва ўндан ошиқ бошқа юқори лавозимли пойтахт расмийларининг коррупция билан боғлиқ айблар билан ишдан олиниши ортидан¸ улар билан ҳамкорлик қилган айрим немис ширкатларининг мунтазам “откат” тўлаб келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.


Uzmetronom.com интернет газетасининг ëзишича¸ Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги амалдорлар пойтахтдаги қурилишлар жараëнида Германиянинг Arthur Konrad e.k. ширкати билан¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли Йўл ҳаракати хавфсизлиги шаҳар бошқармаси (ГУБДД) эса¸ Германиянинг яна бошқа ширкатлари - Traffic Signs ва DC consulting and Marketing GmbH. билан йўл ҳаракати белгиларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиб келган. Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ 2003 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ички ишлар бошқармаси билан яқиндан ишлаб келган бу ширкатлар мазкур “ҳамкорлик” учун камида 1¸5 миллион евро миқдорида “откат” тўлаган ва бу пуллар амалдорлар учун махсус очилган офшор банк ҳисобларига қўйилган. Афтидан¸ Uzmetronom.com орқали жамоатчиликка сиздирилган бу маълумот Тошкент собиқ расмийлари устидан бошланган жиноий ишларда қайд қилинган ва бу маълумотдан қай тарзда фойдаланиш эндиликда терговчилардан ҳам кўра¸ Тошкентдаги сиëсатчиларга қолган.

Озодлик ҳозирча бу маълумотни на тасдиқлаш ва на инкор қилиш имконига эга эмас. Аммо кейинги йилларда немис ширкатларининг хорижда бизнес шартномаларини қўлга киритиш учун маҳаллий расмийларга “откат” тўлагани ва турли шаклдаги “хайрия”ларда қатнашганига оид катта жанжаллар юзага чиққани инобатга олинса¸ бундай амалиëтнинг мавжудлиги эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

Хусусан¸ ўтган йили АҚШ Адлия вазирлиги Германиянинг Daimler AG ширкатини Ўзбекистон ва Туркманистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш ва сўнгра сақлаб қолиш учун маҳаллий расмийларга қимматбаҳо совғалар берганликда айблаган ва немис ширкати бу жанжалнинг катталашиб кетиши олдини олиш учун 185 миллион доллар жарима тўлаб¸ ишни босди-босди қилишга муваффақ бўлган эди.

Кўп ўтмай¸ Германиянинг яна бир йирик ширкати Siemensнинг хорижда бизнес шартномаларини қўлга киритиш учун пора тўлагани фактлари аниқланди ва бу “сир”нинг очилиши ширкатга 1 миллиард долларга тушди¸ айни пайтда компания бошқарувчилари ишдан ҳайдалди.

Гарчи Тошкент амалдорлари билан бизнес келишувлари тузиш ва уларни сақлаб қолиш учун немис ширкатлари тўлагани айтилаëтган маблағ унча катта бўлмаса-да¸ Arthur Konrad e.k.¸Traffic Sings ва DC consulting and Marketing GmbH. нинг бундай ноқонуний “ҳамкорлик”ка алоқадорлиги ўз тасдиғини топса¸ бу ширкатлар Германия қонунчилиги олдида жавоб беришга мажбур бўлиши мумкин.

Мазкур хабар муносабати билан Озодлик суҳбатлашган Ташқи алоқалар бўйича Германия кенгашининг Россия ва МДҲ билан муносабатлар бўйича директори Alexander Rahr айнан шундай фикрда.

- Хорижда фаолият юрғизаëтган немис ширкатлари ҳам қай шаклда бўлмасин коррупцион схемаларга қўшилиш¸ ўз фаолиятини бошлаш ëки сақлаб қолиш учун пора олиш ва беришни қатъян тақиқловчи қонунларга бўйсунишга мажбур. Бу қонунни бузиш оқибатлари ширкат учун ниҳоятда оғир ва бунинг учун нафақат ширкатнинг коррупцияга бевосита алоқадор вакили¸ балки унинг раҳбарияти ҳам жазога тортилади. Шу боис¸ одатда немис ширкатлари коррупция илдиз отган давлатлар билан бизнес қилишда ниҳоятда эҳтиëткор бўлишади.

Озодлик: Жаноб Рау¸ немис қонунларининг хорижда бизнес қилиш учун коррупцион схемаларга аралашувни кескин жазолашига қарамай¸ биргина ўтган йилнинг ўзида халқаро майдонда айнан немис ширкатлари билан боғлиқ қатор жанжаллар юзага чиқди. Siemens ва Daimler жанжали ортидан Volkswagen AG, Duetusche Telecom AG, Duetsche Bahn AG, and Deutche Post AG каби йирик немис ширкатларининг ҳам айнан шундай ноқонуний амалиëтларга аралашгани ошкор бўлди. Мана энди¸ Ўзбекистондаги норасмий манбалар яна икки немис ширкатининг маҳаллий расмийларга мунтазам “откат” тўлаб келганини даъво қилмоқда. Нега қонунчиликнинг¸ Сиз айтаëтган каби кескинлигига қарамай¸ немис ширкатлари бундай ноқонуний¸ ҳатто жиноий бизнес алоқаларига бемалол киришмоқда ва ҳатто буни бизнес қилишнинг “маҳаллий йўли” сифатида оқлашмоқда ҳам?

- Аввало¸ сиз тилга олган жанжалларда немис ширкатларнинг коррупция эканини исбот қилиш ниҳоятда қийин бўлган амалиëтларга тортилгани аниқланди ва шундай бўлса-да¸ ширкатларнинг юқори лавозимли амалдорлари ўз лавозимидан кетди¸ яъни бундай қилмиш жазосиз қолмади. Эътибор берган бўлсангиз¸ агар немис ширкатларининг хорижда ноқонуний олди-бердига тортилгани аниқланса¸ у ҳамиша катта жанжалга сабаб бўлади. Шу боис мен¸ бундай бизнес қилиш немис ширкатларига хос умумий бир сиëсат¸ дейиш борасида эҳтиëт бўлишга чақираман.

Айни пайтда¸ дунëнинг айрим мамлакатларида амалдорларга пора бермасдан бирор иш қилиш мумкин эмаслигини ҳам яхши биламиз. Улар бизнес қилиш учун “откат” беришлари ëки сиртдан қараганда порага ўхшамайдиган бошқа совғаларни қилиши лозим. Масалан¸ айрим давлатларда хориж ширкатларидан муайян лойиҳаларга¸ масалан болалар жамғармаси¸ ëхуд ибодатхона қуришга “хайрия” қилиш сўралади. “Хайрия” қилинмаса¸ бошқа рақобатчилар бу ишни қилади ва мўмайгина даромад калитини қўлга киритади¸ бу ширкат фаолияти эса савол остида қолади. Бундай “хайрия”ларнинг¸ одатда маҳаллий амалдорлар учун ўз чўнтагини тўлдириш учун ўйлаб топган ярим расмий пора экани бор гап. Ширкатлар ҳам буни билади¸ аммо ўзлари фаолият юрғизаëтган мамлакатда каттагина бозор борлиги ва келажакда катта лойиҳалар¸ демакки катта фойда учун имкон борлигини билгани учун¸ бундай ноқонуний олди-бердиларга қўшилишга мажбур бўлади.

Озодлик: Жаноб Рау¸ маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилоти хулосасига кўра¸ Ўзбекистон дунëдаги энг кўп коррупциялашган давлатлардан бири ва бу мамлакатда пора бермасдан бизнес қилишнинг имкони деярли йўқ. Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес қилиш учун Германия қонунларини бузишга тўғри келишини билган ҳолда немис ширкатлари бу мамлакатда бизнес қилишга нега бунчалик ошиқишади?

- Сиз масалага соф ўзбекча нуқтаи назардан ëндашаяпсиз. Марказий Осиëнинг бошқа давлатларида бу борадаги вазият Ўзбекистонникидан яхшироқ эмас. Қолаверса¸ Европа иттифоқининг шарқий ҳудудларида ҳам бундай коррупцион схемалар ҳамон амалда қолмоқда. Масала бундай қўйилса¸ немис ширкатлари дунëнинг жуда кўп давлатларига умуман оëқ босмаслиги керак бўлади. Аммо Ўзбекистон каби постсовет ҳудудларида бизнес қилиш¸ парда орқасида келишиш санъатини эгаллаган ширкатлар¸ нафақат ўз бизнесини давом эттирмоқда¸ балки ундан жуда катта даромад ҳам олмоқда. Албатта¸ агар коррупция кўлами жиловланса¸ Ўзбекистон¸ қолаверса бутун постсовет ҳудудларига ëтқизилаëтган немис сармояси ниҳоятда катта бўлган бўларди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ташқи алоқалар бўйича Германия кенгашининг Россия ва МДҲ билан муносабатлар бўйича директори Alexander Rahr.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG