Линклар

Ёпиқ чегарадан Ўзбекистонга 605 миллион долларлик товар ўтди

  • Сарвар Усмон

2010 йил апрелида ëпилган ўзбек-қирғиз чегараси¸ июндаги Ўш қирғинидан сўнг қуш ҳам ўтиши қийин бўлган қўрғонга айланган.

2010 йил апрелида ëпилган ўзбек-қирғиз чегараси¸ июндаги Ўш қирғинидан сўнг қуш ҳам ўтиши қийин бўлган қўрғонга айланган.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг қарийб бир йилдан бери ëпиқ қолаëтгани Қорасув бозоридан келаëтган моллар билан савдо қилиб келган минглаб ўзбек савдогарлари бозорини касод қилган бўлса¸ чегарага урилган қулфдан¸ Каримов қизларидан бирига қарашли экани айтиладиган "Абу Саҳий" ширкатининг қулфи-дили очилиб бормоқда¸ дейди Озодлик манбалари.



Ой туғсаям "Абу Саҳий"га, Кун туғсаям "Абу Саҳий"га.

Нақл мантиғини давом эттирсак, Ой билан Кун қисир қолсаям "Абу Саҳий"га фойдадир. 2010 йил 7 апрелида Қирғизистонда ҳокимият алмашиши биланоқ Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини тақа-тақ беркитиб олган, Ўш воқеаларидан кейин эса, чегарадаги тартиб фавқулодда кучайтирилган эди.

Лекин Марказий Осиё эркин бозор институти (МОЭБИ) ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, чегара ёпиқ бўлган шароитда ҳам Қирғизистондаги Қорасув бозоридан Ўзбекистонга 650 млн долларлик товар ўтган.

Бу рақамнинг катта қисми Каримовнинг қизларидан бириники эканлиги айтиладиган "Абу Саҳий" ширкатига тегишлидир.

Марказий Осиё эркин бозор институти вакили, қирғизистонлик иқтисодчи олим Баҳодир Ражабовдан саволларимизга олганимиз жавобларни бироздан кейин эшитасиз.

Ҳозир эса, Қорасув бозорида касодга учраб ўтирган, исмини айтмаслигимизни сўраган савдогар билан савол-жавобни тингланг.

Озодлик: Умумий вазият, савдо ҳажми қандай ҳозир?

- Бир-икки йил олдин 100 сўм савдо бўладиган бўлса, ҳозир 20 сўм савдо бўлаяпти.

Озодлик: Асосий сабаб нима?

- Ассоий сабаб харидор фақат ўзимизданда. Ўзбекистондан харидор йўқ. Ўзбекистон ҳам савдогарни қийнаб Қирғизистонга ўтказмаяпти. Эплаб ўтадиган бўлса, бизникилар ундан қолган пулини олишиб, қайтиб келмай қўяяптида.

Озодлик: Қорасув бозоридаги савдо ҳажмининг неча фоизи, тахминан, ўзбекистонликларнинг улушига тўғри келарди?

- Беш-олти йил бурун 80 фоизи. Мисол учун¸ 100 доллар савдо қиладиган бўлсак, 80 доллар ўзбекистонликка савдо қилардик, 20 фоизи ўзимизнинг маҳаллий харидорлар, районлардан келган харидорлар савдо қилардида.

Озодлик: Бултур шу пайтда.

- Бултур шу пайтда ҳам уже аввалги йилларга нисбатан анча озайиб кетган эди. Чунки чегарадан ўтиш проблема, камига маҳаллий майда ўғрилар, қароқчилар. Ҳозир бир йўла 99,9 фоизи ўтмаяптида, дейди Қорасув бозорида касодга учраб ўтирган, исмини айтмаслигимизни сўраган савдогар.

Бу савдогарнинг гаплари чегарадаги жорий вазиятни тўғри акс эттираётгандай. Яъни чегара ёпиқ, шунинг учун савдо ҳажми 80 фоизга қисқариб кетди.

Лекин бундан буён тинглайдиганингиз икки суҳбат мантиғидан шу нарса келиб чиқадики, биринчи суҳбатдошимиз қонунни бузмайдиган камсуқум савдогарлардандир.

Асосий суҳбатга ўтишдан олдин Қорасув шаҳри ҳокими Аҳмаджон Раҳимовнинг саволларимизга берган жавобларини тингланг.

Озодлик: Қорасув бозоридаги вазиятни ўрганаëтган эдик. Хабарларга қараганда 70 фоизга савдо қисқариб кетган дейди. Сиз шаҳар ҳокими сифатида нима дея оласиз? Чиндан ҳам шу даражада қисқариб кетдими ва бунинг шаҳарга таъсири қанақа бўлаяпти?

- Энди чегара берк. Ўшда бўлган ишлар савдога зарар етказиб, 70 фоиз нима ишламаяпти. Чегарадан Ўзбекистондан ўтишар эди, у ëқдан бу ëқдан меҳмонлар келиб туришар эди. Энди ҳозир Ўзбекистон таможняси чегарани бекитган.

Озодлик: Тақа-тақ ëпиқ-а?

- Ҳа, ëпиқ.

Озодлик: Шаҳар иқтисодиëтига қанақа таъсири бўлаяпти?

- Шаҳар иқтисодига бу йил энди 3 миллионча недоемка бўлган. Ўш воқеалари, қолаверса анча-мунча нималар ишламаяпти, налоглар тушмаяпти. Таъсири бор. Кўп хитойликлар кетишаяпти.

Озодлик: Иш билан бандлик, ишсизлик масалани қанақа? Таъсири борми бунга ҳам?

- Ҳа, муаммо кўп. Заводлар, фабрикалар ишламаяпти. Бозоримиз бўлиб ўша ерда одамларимизнинг тирикчилиги ўтиб турган эди. Чет элдан келган фуқаролар одамларнинг уйларида ижарага туришиб, бизникилар молларини олиб сотиб тирикчилик ўтиб турган эдида. Улар кетаяпти.

Озодлик: Шаҳар ҳокимлиги Қорасув бозори билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун нимадир қилаëтгандир. Қилинаëтган ишлар ҳақида айтиб берсангиз. Балки Бишкек билан, балки Тошкент билан гаплашилаëтгандир.

- Энди давлатлараро ўзларининг муомаласи бор. Раҳбарларимиз энди масалани ечаëтган бўлиши керак албатта. Ҳозир ҳамма нарса қиммат бўлиб кетаяпти. Кризис биласиз, ун қимматчилиги бўлаяпти. Халқаро ҳаëт ҳам яхшимас биласиз. Шунга энди албатта таъсири бор. Биз энди қўлимиздан келганча қилаяпмиз. Одамлар келмаса, савдо бўлмайди эканда. У ëқдан, бу ëқдан меҳмонлар келса, кейин савдо бўлар экан. Тожикистон, Ўзбекистон, қўшни давлатлардан келиб турарди.

Озодлик: Қорасув бозиорининг оборотида ўзбекистонлик харидорларнинг улуши қанча эди чегара очиқ вақтида?

- Кунига 5-10 минг одам ўтиб турардида. Дўстликдан ўтарди, Қорасув таможнясидан ўтарди, қолаверса Водилдан ўтарди. Ҳаммалари Қорасув бозорга келиб бозорини қилиб кетарди. Транзитлар бўларди. "Абу Саҳий" деган фирма транзит қилиб, Хитойдан молларини Ўзбекистонга олиб ўтарди. Ҳозир ҳам ўтаяпти, фақта олдингидаймас.

Озодлик: "Абу Саҳий" ҳозир чегарадан ўтаяптими?

- Ўтаяпти. Фақат олдингидай эмас.

Озодлик: Бир кунда Абу Саҳийнинг нечта машинаси ўтади?

- Бир кунда билмайман. Катта-катта машиналар юради, умуман қизиқмаган эканман. Билиб беришим мумкин.

Озодлик: "Абу Саҳий" шу кунда Қорасувдаги чегарадан ўтаяптими ëки "Дўстлик"данми?

- "Дўстлик"дан ўтаяпти. Қорасувдан ўтмайди.

Озодлик: Қорасувдан машина ҳам ўтмаяпти, одам ҳам ўтмаяпти.

- Ҳа, чегара берк, дейди Ўш вилояти Қорасув шаҳри ҳокими Аҳмаджон Раҳимов.

Шаҳар ҳокимининг айтишича, Қирғизистон – Ўзбекистон чегараси тақа-тақ берк эканлигига қарамай "Абу Саҳий" ширкати чегаранинг Ўшга энг яқин қисмидаги "Дўстлик" масканидан юк олиб ўтаяпти.

(Қавслар ичида шуни айтиб қўйишимиз керакки, оддий ўшликлар қўшни Андижонга Боткен ва Фарғона вилоятлари орқали ўтиб келишга мажбур бўлмоқда)

Марказий Осиё эркин бозор институти яқинда Қорасув бозори билан боғлиқ вазият юзасидан махсус тадқиқот ўтказган эди.

Мана энди шу институт вакили, қирғизистонлик иқтисодчи олим Баҳодир Ражабов билан суҳбатни тингланг.

Озодлик: Хитойдан Қирғизистон орқали қанча товар ўтказилади?

- Ўзбекистонгами?

Озодлик: Ҳа.

- Бизнинг қилган иш бўйича 605 миллион доллар.

Озодлик: 605 миллион доллар ...

- Ҳар йили. Бу Қорасувдан ўтаëтган товарлар. Бу биздан обший ўтадиган товар эмас. Бу Қорасувдан ўтадиган товарнинг пули 605 миллион бўлди.

Озодлик: Июн воқеаларидан кейин вазият ўзгарди. Шу ўзгарган вазиятдагими бу ëки июн воқеаларигача 605 миллионмиди?

- Июн ҳам эмас, 7 апрелдан бошлаб. 7 апрелда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани ëпган. Қирғизистоннинг чегараси очиқ, Ўзбекистонники ëпиқ. Ўзбекистонга ҳозир ҳеч ким ўта олмайди. Чегара ëпиқ.

Озодлик: Чегара 7 апрелдан бери ëпиқ, лекин 605 миллионлик товар ўтибди Ўзбекистонга. Шунақа деяпсизда-а?

- Бизнинг ҳисобимиз бўйича 605 миллион.

Озодлик: Ким олиб ўтди шунча товарни?

- Чегаранинг ҳар хил махсус ўтадиган жойлари бор экан. Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарачилари бир-бири билан гаплашиб туриб темир сим қўйилган. Чуқур кавланган. Ўша чуқур кавланган жиойларга шоти қўйиб ëки темир симларнинг бирор жойларидан кесиб туриб, чегарачиларнинг қилган иши, шу ердан 200 қирғиз сўмига одамни ўтказишади. (200 қирғиз сўми 4 АҚШ долларидан кўпроқ пул) Бу 7 апрелдан кейин бўлаëтган нарса. Ҳозир одамлар олдингидай кўп миқдорда ўтмайди, лекин ўтса бўлади. Ўтгиси келган одам ўтса бўлади. 200 сўм битта одамдан бўлаяпти. 80 килограммгача юкни Қирғизистон чегарасидан Ўзбекистонга ўтказиб беришга 400 сўм олишаяпти қирғиз пулига.

Озодлик: Қаранг, 605 миллион долларлик товар. Шунинг ичида "Абу Саҳий"нинг улуши қанча? Ëки у бошқами?

- Бунинг ичида "Абу Саҳий" ҳам бор. Бу фирма 7 апрелгача 1 кубометр товарга 310 доллар оларди экан. Ҳозир 630 доллар бўлиб қолибди. Ҳозир деганим 7 апрелдан кейин. 605 миллион долларлик товар деганнинг ичида "Абу Саҳий"нинг нимаси ҳам бор.

Озодлик: Қанчаси "Абу Саҳий"ники?

- Буни айта олмайман. Биз "Абу Саҳий"га бориб кўрдик. Ҳозир чегара ëпиқ бўлса ҳам кунига 2-3та 40 тонналик Камазда юк кетаяпти.

(тадқиқотчи "академик ҳалоллик" деган тушунчадан келиб чиқиб, расман ёпиқ чегарадан ўтказилаётган товарнинг қанчаси "Абу Саҳий"га тегишли экани тўғрисида конкрет гап айтишдан ўзини тияяпти. Бироқ тиканли сим орқали зовурдан ўтказиладиган товар ҳажми билан 40 тонна юк кўтарадиган машинада ташиладиган товар ҳажми ўртасидаги фарқни тасаввур қилиш қийин эмас)

Озодлик: Кунига 40 тонналикдан 2-3та кетаëтган юк Қорасув бозоридан кетадими ëки Хитойдан кетадими?

- "Абу Саҳий"га ҳар хил товарлар келади. Масалан¸ Қорасувдаги сотадиганлар ҳам олиб келиб "Абу Саҳий" орқали жўнатади. Хитойдан тўғри олиб чиқаëтганлар ҳам бу ерга келиб олиб ўтади. Бутун Қирғизистон бўйича Ўзбекистонга жўнатадиган одам бор. "Абу Саҳий"нинг товарларини жўнатишади. "Абу Саҳий"да ишлайдиган одамларнинг айтишича, "Дўстлик" деган пропускной пункт бор, шу чегара пунктидан ўтар экан. Бу Тошкентга олиб бориб Ипподром бозорига тушириб берар экан. Ўзингиз биласиз, Қорасувдан Ўзбекистонга Хитой товарини контрабанда йўли билан олиб ўтиш Ўзбекистоннинг ичидаги постларидан ўта олмайсиз. "Абу Саҳий" тўғри олиб бориб беради. Ўзининг келишимлари бор экан шу фирма вакилларининг айтиши бўйича.

Озодлик: "Абу Саҳий" кимга тегишли? Кимнинг фирмаси?

- Абу Саҳийни Ўзбекистон томондан катта одамлар нима қилади дейди. Фамилияси ва исмини ҳеч ким айтмаяпти. Қирғизистон томондан ҳам бизда маълумот йўқ. Ўзбекистонда катта бир юқори амалдаги чиновникларга тегишли деб айтишган у ерда ишлайдиган одамлар, дейди қирғизистонлик иқтисодчи олим Баҳодир Ражабов.

Эшитиришимизни бошлаётиб, Ой туғсаям "Абу Саҳий"га, Кун туғсаям "Абу Саҳий"га.

Нақл мантиғини давом эттирсак, Ой билан Кун қисир қолсаям "Абу Саҳий"га фойдадир, деган эдик.

Ўш қирғини ҳам Каримовалардан бириники эканлиги айтиладиган "Абу Саҳий" ширкати фойдасига бўлганга ўхшайди.

Ҳар ҳолда қирғизистонлик иқтисодчи йигитлар ўтказган тадқиқот шундай хулоса қилишга ундаяпти.

Агар бу хулоса нотўғри бўлса, эътироз билдириши учун "Абу Саҳий"га Озодлик микрофони доим очиқ.

Озодлик: Қорасув бозоридаги вазиятни ҳам алоҳида тадқиқод ўтказибсизлар. Аҳвол шу кўринишда қолаверса, қанақа рисклар бор?

- Агар бу аҳвол шундай қоладиган бўлса, Ўзбекистон билан Қирғизистон чегара районларида безопасностни камайтиради. Нимага деганда одамлар ҳали ҳам контрабанда йўллар билан ўтиб юришибди. Бу одамларни ҳеч ким назорат қилмаяпти. Бу биринчидан.

Иккинчидан, бу ерда ишсиз қолганлар жуда кўп бўлади. Қорасув бозорининг ўзида 16 мингдан ортиқ одамлар ишлар эди. Ҳозир Қорасув бозорида 5000дан ортиқ одам ишлаяпти. Ўзингиз биласиз, одам ишсиз қолса, ишлайдиганлар озайса, қорни оч қолса, ҳамма нарсага тайëр бўлади.

Иккинчиси, ҳам Қирғизистон, ҳам Ўзбекистон, товарлар ўтаяптида барибир, товарлардан ўзининг налогини олишолмаяпти. Бюджетга пул тушмаяпти ноқонуний ўтган товарлардан. Буни очиб қўйса, ҳаммага қулай бўлади. Ўша ерда ишлайдиган одамлар айтишаяпти, пул тўлашга тайëрмиз. Агар қонуний бўлса, бизга бундан ҳам яхши. Пул тўлагани тайëрмиз. Ноқонуний ишлагимиз келмаяпти деяпти Қорасувда ишлайдиганлар ва Ўзбекистондан келадиган бизнесменлар, дейди Қорасув бозори билан боғлиқ вазият юзасидан махсус тадқиқот ўтказган Марказий Осиё эркин бозор институти вакили, қирғизистонлик иқтисодчи олим Баҳодир Ражабов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG