Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:21

Рустам Имомали божхоначиларни назорат қилади


Имомали Раҳмоннинг катта ўғли Рустам ёш бўлишига қарамасдан, мамлакатда бир неча масъул лавозимларни эгаллашга улгурди.
Имомали Раҳмоннинг катта ўғли Рустам ёш бўлишига қарамасдан, мамлакатда бир неча масъул лавозимларни эгаллашга улгурди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли 24 ёшли Рустам республика Божхона қўмитаси хуқуқ бузилишларига қарши кураш бошқармаси раҳбари этиб тайинланди.

Тожикистон президентининг ўғли Рустам Имомали 2009 йилда республика Ëшлар қўмитаси раисига ўринбосар этиб тайинланганди. Кейинчалик эса у Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг тижорат бошқармаси раҳбари лавозимини эгаллаган эди.

Имомали Раҳмон фарзандлари ёш бўлишига қарамай, мансаб пиллапояларидан юқорилаб бораётгани тожик жамиятида турлича талқин қилинмоқда. Хусусан, мухолифатчилар бу билан президент ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринаётганлигини айтмоқдалар.

Таҳлилчи Мурод Сангиновнинг фикрича, Рустам Имомали ёш ва лаёқатли сиёсатчи сифатида зинама-зина кўтарила бошлади, яқин орада у ҳатто ҳукмрон Халқ демократик партияси етакчисига ҳам айланиши мумкин.

- Тожикистон президенти икки мақсадда ўз фарзандлари ва яқинларини давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тайинламоқда. Биринчидан, президент бугунги кунда ўз атрофидагиларга ишонмай қўйган, жумладан, парламентга ҳам. Тожикистонда сўнгги йилларда бўлиб ўтган воқеалар, президентга яқин бўлган кишиларнинг узоқ муддатларга қамалгани, отиб ўлдирилгани шундан далолатдир. Энди парламент масаласига келсак, парламентда Имомали Раҳмон сиёсатига зид доиралар вакиллари анчагина. Боз устига, унга яқин бўлган Душанбе мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев ҳам охирги пайтларда бироз четлашиб, сиёсий саҳнада кўринмай қолди. Ниҳоят, у атрофидагиларга ишончсизлик сабаб, биринчи навбатда, ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яқинлари ва фарзандларидан иборат ҳайъат тузмоқда. Назаримда, президентнинг бу ҳаракати амалдаги қонунлар, Конституцияга, қолаверса, ўз халқига нисбатан ўта ҳурматсизликдир, - дейди Мурод Сангинов.

Зиёли Бахтиёр Мирзонинг фикрича эса Тожикистон президенти фарзандларининг сиёсатга жалб этиши Марказий Осиё раҳбарларининг сиёсатига тақлид қилишдан бошқа нарса эмас.

- Бу ворислик Марказий Осиё давлат раҳбарлари ўртасида одатий тусга кириб бормоқда. Бундай тажриба Ўзбекистонда ҳам бошланди. Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бунга мисолдир. Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам худди шундай вазият. Айтмоқчиманки, Марказий Осиё раҳбарлари ким кўпроқ ўз фарзандларини сиёсат майдонига торта олиш жабҳасида мусобақа бошлашган. Бу мусобақада Имомали Раҳмон ғолиб чиқиши аниқ, чунки унинг тўққизта фарзанди бор, - дейди Бахтиёр Мирзо.

Айни пайтда Тожикистон президенти ўғлининг масъул лавозимга тайинланишини ёш кадрларга йўл очилиши ўлароқ баҳолаётганлар ҳам йўқ эмас.

- Биз доим “Келажак ёшларники, уларга имкон бериш керак”, деймиз. Ана, қўшниларимиз Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонга қаранг, кўп соҳаларда, хусусан, иқтисодда биздан илгарилаб кетган. Чунки бу республикаларда давлат идораларини ёшлар бошқармоқда. Улардаги кўплаб лавозимларни ёши 50, ҳатто 40 дан пастроқ бўлган ёшлар эгаллаган. Бу жуда тўғри амалиёт, чунки ёши 50 дан юқори бўлган кишилар бозор иқтисодиёти шароитига мослаша олмайдилар. Биздаги раҳбарлар ёшига разм солинг, 90 фоизи 60 ва ундан ошган кишилар. Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, ёшларга кенг йўл очиб бериш лозим. Рустам ва Озода Имомалиларнинг ҳам сиёсат майдонига кириб келишида ҳеч бир ғайриоддий ҳодиса кўрмаяпман. Зора, ҳозирги президентнинг фарзандлари ҳадемай Ўзбекистон билан муносабатларимизнинг яхшиланиши йўлида амалий тадбирлар кўришса, - дея умид билдиради кузатувчи Бахтиёр Валиев.

Унинг айтишича, Имомали Раҳмоннинг тожикистонликлар орасида яхши танилган яна бир қизи Тахмина бўлиб, у жуда йирик тижорат билан шуғулланади. Айни пайтда Тахмина Душанбе ва унинг атрофидаги туманларда қурилаётган ҳашаматли, кўп қаватли турар-жой биноларини сармоялаётгани айтилади. Бу бинолардаги квартиралар 80 мингдан 400 минг АҚШ долларигача сотилмоқда.

Бугунги кунда президентнинг ўндан ортиқ яқинлари ҳам давлат идораларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Жумладан, президентнинг куёвларидан бири Тожикистон Молия вазири ўринбосари, яна бир куёви Тожикистон Иқтисодий биржаси раиси, бошқа бир куёви эса Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб ишлайди. Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг бир амакиваччаси республикадаги йирик банкларидан бири “Ориёнбанк” раисидир.
XS
SM
MD
LG