Линклар

Яманда ўғирланган врач тожикистонлик бўлиб чиқди


Айни кунларда Яманда ҳам аксил-ҳукумат намойишлари кўлами кенгайиб бормоқда.

Айни кунларда Яманда ҳам аксил-ҳукумат намойишлари кўлами кенгайиб бормоқда.

Яманнинг Шабава вилоятида маҳаллий қабила вакиллари тарафидан ўғирлаб кетилган врач Тожикистон фуқаросидир.

Россиянинг Санадаги элчихонаси бу маълумотни тасдиқлади.

"28 феврал куни Яман жанубидаги Аттак шаҳрида Тожикистон фуқароси ўғирлаб кетилди. Бу одам xусусий рус ширкати орқали маҳаллий касалхоналардан бирида жарроҳ бўлиб ишлаган ва ҳозир у гаровда ушлаб турилибди", - деди Россиянинг Ямандаги элчихонаси матбуот вакили Айдар Туйгунов.

Ўғирлаб кетилган шахснинг 60 яшар Ҳамиджон Очилов экани ва унинг 2007 йилдан буён Яманда доктор бўлиб ишлаб келгани айтилмоқда.

Қабила етакчилари врачнинг озод этилиши эвазига 2009 йили ҳукумат кучлари амалга оширган ҳаво зарбаларидан ҳалок бўлган 45 яманлик оила аъзоларига товон пули тўлашни талаб этмоқда.

Аввалроқ, Рейтерс ахборот агентлиги ўғирлаб кетилган докторнинг ўзбек экани¸ бошқа агентликлар эса унинг рус экани ҳақда хабар қилган эди.

Яманда врачлар ўғирланиши ҳолати тез-тез кузатилади. Қабила раҳбарлари Сана расмийларидан қамоқдаги қариндошлари озод этилишига эришиш ёки иқтисодий талабларга кўндириш учун бундай амалга қўл уради.

Яманда ўзбекистонлик врачлар ҳам анчагина. Санадаги касахоналардан бирида ишлаётган ўзбекистонлик анестезиолог Озодлик мухбири билан суҳбатда Яманда ишлаётган ўзбек врачлари сони бир неча мингни ташкил этиши ҳақда гапирган эди.
XS
SM
MD
LG