Линклар

logo-print

Жалолободда аппеляция суди давом этмоқда

  • Шерзод

Сампа воқеалари бўйича судланаётганлар ўзларининг айбсиз эканларини айтмоқдалар.

Сампа воқеалари бўйича судланаётганлар ўзларининг айбсиз эканларини айтмоқдалар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Сампа пахта тозалаш заводи яқинида 19 нафар ўзбек устидан ўтказилаётган аппеляция судида Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов ва вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Станбек Бакиров гувоҳ сифатида кўрсатма беришди.

28 феврал куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган суд жараёнига вилоят губернатори Асанов айбланувчилар адвокатларининг талаби билан чақирилган. Адвокатларга кўра, вилоят губернатори июн воқеаларида одамларни тинчликка чақириш мақсадида қишлоқ оқсоқоллари билан бирга музокаралар олиб борганди.

2010 йилнинг 14 июнидаги томонларни тинчлантиришга қаратилган музокаралар чоғида Сампа воқеаларининг ташкилотчиси сифатида айбланаётган Усмонжон Аблазов ҳам бўлган.

- Бу киши билан телефон орқали бир неча маротаба суҳбатлашганмиз. Ўшанда мен: “Имкон борича йўлларни очиб, одамларни тинчлантириб, яраштиришимиз керак”, деганман. Бироқ бу киши билан алоҳида учрашмаганман. Лекин бу кишини ўша ерга оқсоқоллар билан музокарага келганини кўрганман, - деди Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов.

Айтиб ўтиш жоизки, аввалги суд жараёнига Қирғизистон Бош прокурори Қубатбек Байбўлов, собиқ Мудофаа вазири Исмаил Исақов ва Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов гувоҳ сифатида чақирилган эди, бироқ улар судга келмаганди.

Айни пайтда жабрланувчилар ҳам, айбланувчилар ҳам номи зикр этилган шахсларнинг судда гувоҳ сифатида қатнашишини талаб қилмоқдалар.

28 февралдаги маҳкамада жабрланувчи сифатида иштирок этаётганлар вилоят расмийларини қонли воқеаларни ўз вақтида тўхтатиб қолишга ҳаракат қилмаганликда айбладилар. Жабрланувчилардан бирининг “Нима учун ўша пайтда ўз вақтида реакция билдириб, комендантлик соатини жорий қилиб, йўлларни тўсмагансизлар?” деган саволига жавобан Жалолобод вилоят губернатори ўзининг фақат қонун доирасида иш қилганини айтди.

Маҳкамага гувоҳ сифатида келган Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Станбек Бакиров эса ўша пайтларда вазиятни барқарорлаштириш учун тезликда асосий кучлар чегара худудларига ва Жалолобод шахрининг Сузоқ туманига юборилганини, Ўш-Бишкек йўлига блок-постлар қўйилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Сампа воқеаси юзасидан ўзбек миллатига мансуб бўлган 19 одам судланмоқда. Июн қирғини кунлари қирғиз миллатига мансуб 16 одамни ўлдирганликда айбланаётган судланувчиларнинг 17 нафари аввалроқ Сузоқ туман суди томонидан бир умрлик қамоқ жазосига, 2 нафари эса 25 йилга ҳукм қилинган эди.

Судда адвокатларнинг гувоҳлари айрим судланувчилар Сампа пахта заводи яқинида одам ўлдирмаганликлари, балки оломонни тинчлантириш ҳаракатида бўлганини айтишди. Айни пайтда жабрланувчи тараф гувоҳлари судланувчиларнинг барчасини тартибсизлик бўлган жойда кўрганларини ва улар отган ўқдан яқинлари қурбон бўлганини иддао қилмоқдалар.

Судланувчилар аввалги суд жараёнларида ўзларининг айбсиз экани ва барча кўрсатмаларни қийноқлар остида берганликларини билдирган эдилар. Халқаро ташкилотлардан келган кузатувчилар эса аввалги суд жараёнларида ҳимоя тарафи гувоҳлари ва адвокатларга жабрланувчилар томонидан босим ўтказилгани, уларга таҳдид қилингани ҳақида баёнотлар берганлар. Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай шароитда ўтказилган суд жараёнларини ҳолис ва адолатли, деб баҳолаб бўлмайди.

Сампа воқеаси юзасидан судда 125 гувоҳ кўрсатма бермоқда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилнинг июн воқеалари юзасидан қўзғатилган 5334 жиноят ишидан 4220 тасини вақтинча тўхтатган. Бош прокуротура вакилларининг Озодликка маълум қилишича, жиноят ишларининг тўхтатилишига бир қанча сабаблар бор.

- Масалан, 4220 та вақтинча тўхтатилган жиноят ишидан 32 таси жиноят ишида гумонланувчи шахсларнинг қидирувда бўлгани, 4188 таси эса жиноятчиларнинг шахси аниқланмагани сабабли вақтинча тўхтатилган ва агарда қидирувга берилган жиноятчилар қўлга олинса, қолган жиноятларни қилган шахсларнинг кимлиги аниқланса, вақтинча тўхтатилган жиноят ишлари қайта қўзғатилади, - деди Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG