Линклар

logo-print

Новқатда ўзбек савдогарининг уйи ëқиб юборилди


Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиевнинг айтишича, Новқатдаги тартибсизлик ташкилотчилари ва фаолларидан 20 киши ушланган ҳамда улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиевнинг айтишича, Новқатдаги тартибсизлик ташкилотчилари ва фаолларидан 20 киши ушланган ҳамда улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Новқатда бир гуруҳ кимсалар, улар тахминича, туман солиқ хизмати раҳбарининг ўринбосари Сағинбек Алимбаев ўлими буюртмачиси бўлган Одилжоннинг уйини ёқиб юборишди. Бу новқатликлар орасида саросима кайфиятини пайдо қилди.

Шу йилнинг 23 феврал куни Новқат туман Солиқ хизмати расмийси Сағинбек Алимбаев ўлдириб кетилган эди. Ўш вилоят Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, қотиллик бўйича 25 феврал куни Фурқат қишлоғида яшовчи икки киши ушланган.

Аснода марҳумнинг яқинлари 1 март куни Эски Новқат қишлоғида йиғилиб, Алимбоевни Новқат туман марказидаги Калинин кўчасида яшовчи асли новқатлик, айни пайтда эса Россия фуқароси бўлган Одилжон исмли ўзбек йигити ўлдиришга буйруқ берганини иддао қилишди. Алимбоевнинг қариндошларига кўра, Одилжон айни пайтда Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида яшириниб юрибди, қирғиз милицияси эса уни ҳибсга олишни пайсалга солаяпти.

“Мана шундай иддаолар ортидан йиғилган беш юзга яқин оломон тартибсизликларни бошлаб юборди”, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда новқатлик Абдул Ҳамид.

- Ҳозир Россия фуқароси бўлган Одилжон исмли йигит асли новқатлик бўлади. Оломон унинг уйини ёқиб юборган. Ўт ўчирувчиларнинг йўлини тўсиб, ёнғин жойига яқинлаштиришмаган.Шундан сўнг оломон Абдуллаев деган собиқ депутатнинг ошхонасини ҳам тошбўрон қилган, - деди Абдул Ҳамид.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Новқат туман марказида бошланган тартибсизлик бозорга ҳам кўчган. Туман аҳолиси орасида ваҳима кучайган.

- Бозордаги барча савдо-сотиқ шаҳобчалари ҳозир ёпилган. Эплаганлар дўконларига қулф урушга улгуришган, ваҳимага тушганлар ҳамма нарсасини ташлаб, қочиб қолган. Туман аҳолиси ҳам ҳозир ким машинада, ким пиёда туман марказидан чеккароқдаги қишлоқларга қочиб кетишаяпти, - дейди Абдул Ҳамид.

Орадан бир неча соат ўтгач, Новқат туман марказида яшовчи Қосимжон исмли йигитга телефон қилдик. У тушдан кейин вазият бир оз барқарорлаша бошлаганини айтди:

- Вазият анча барқарорлашгандай кўринаяпти, бироқ бозор ичида анча-мунча тўполон чиқиб турибди, деган гаплар бор. Ёшлар, асосан, новқатлик бўлмаган бир тўда қирғиз миллатига мансуб ёшлар бозорда мародёрлик қилишаяпти, деган ваҳимали хабарлар бор, - деди Қосимжон.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапировнинг айтишича, Новқатдаги тартибсизлик ҳақидаги хабар вилоятнинг ўзбеклар зич яшайдиган бошқа туманларига ҳам тезликда ёйилган ва ваҳималарга сабаб бўлган.

- Мен Қорасувда судда эдим. Суднинг ичида бир дақиқада ваҳима бўлиб кетди. Новқатдаги тартибсизликни телефон орқали эшитишган экан. Қорасув судидаги одамларни тинчлантирдик, шаҳарда ҳам тушунтираяпмиз. Ўшдан ҳам ўнлаб одамлар ваҳима билан телефон қилишди. Уларга ҳам вазиятнинг назорат остида эканини тушунтиряпмиз, - дейди Равшан Гапиров.

Айни пайтда тушдан кейин соат тўртда Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев, Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Марат Иманқулов ва Бош прокурор ўринбосари Марат Эшперов Бишкекда Новқат воқеалари юзасидан махсус матбуот анжумани ўтказдилар.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев 23 феврал куни ўлдирилган Новқат туман солиқ назорати бўлими бошлиғининг ўринбосари Сағинбек Алимбаевнинг қотиллари 25 февралда қўлга олинганини, уни ўлдиришга буйруқ берган шахс эса қидирувда эканини айтди. Вазир Эски Новқатнинг Калинин кўчасида яшаган ва 1 март куни уйи ёндирилган Одилжон Сағинбек Алимбаевни ўлимига алоқадар ёки алоқадор эмаслигини аниқ айта олмаслигини, бу ҳозирча қуруқ иддао эканини таъкидлади.

- Ҳозир Новқатда оператив вазият деярли барқарор. Тартибсизликларни уюштирган 20 одам қўлга олинди. Улардан 6 нафари маст аҳволда бўлган. Новқат туманига кириш-чиқиш йўлларига назорат пунктлари ўрнатилди. Ўш вилоят милициясининг асосий қисми Новқатга ташланди. Шунингдек, у ерда милиция ходимлари қонунни бузмаслигини назорат қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик хизмати махсус гуруҳи ҳам Новқатга жўнатилди. Новқатда вазият мураккаблашувига йўл қўймаймиз, -деди Қирғизистон Ички ишлар вазири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Марат Иманқулов эса Новқатдаги воқеани миллатлараро низо сифатида талқин қилмаслик лозимлигини айтди:

- Новқатда миллатлараро низо бўлгани йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу вазиятдан фойдаланиб, ўзанни бошқа томонга буриб юборишдан манфаатдор бўлган одамларнинг иши бўлди. Бугунги кунда Новқат ва Ўш вилоятида вазият назорат остида. Миллатлараро низо чиқармоқчи бўлганларга қатъий чоралар кўрамиз. Чунки бугунги кунда ҳукумат оёққа туриб олди ва унинг кучи тартибни сақлаш учун етади,- деди Марат Иманқулов.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Марат Эшперов эса айни пайтда Новқатда жиноят иши очиш учун далилларни йиғиш жараёни бошланганини билдирди:

- Ҳозир воқеа жойида далилларни аниқлаш ва йиғиш жараёни олиб борилмоқда. Бу ишга Ўш вилоят прокурорининг шахсан ўзи раҳбарлик қилаяпти. Далиллар йиғилгач, жиноят иши очилади, - деди Марат Эшперов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG