Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:42

Ўзбекистонда мевазор боғлар сиқувда қолди


Ғалла ва пахта режасини бажариш босими остида¸ Ўзбекистонда мева ва сабзавот етиштириладиган ерлар кўлами йил сайин кичрайиб бормоқда.
Ғалла ва пахта режасини бажариш босими остида¸ Ўзбекистонда мева ва сабзавот етиштириладиган ерлар кўлами йил сайин кичрайиб бормоқда.

"Ҳозир боғдорчилик фермерларидан музлаган ерларга буғдой экиш талаб қилинмоқда. 2011 йилда ғалла 2010 йилга нисбатан ночор бўлса керак¸ деган хаëлдаман. Ҳозир мева-чева етиштирадиган фермерларнинг ҳам диққати ошган"¸ дейди фарғоналик Деҳқонбой Боғбонов.

“Ишга кириш учун пора -- 2000 доллар!”

дейди Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатининг Намангандаги Чодак бўлимида ишлаётган илк суҳбатдош:

- Мен Олмалиқ тоғ-кон металлургиясига қарашли Чодак кон бошқармасида ишлайман. Конда ишлайдиган пенсия ëшидаги одамлар кетадию. Шуларнинг ўрнига одамларни ишга олиш, бой ташкилотларга ишга олиш ҳозир жуда ҳам порахўр бўлиб кетган. Шунга маълумот берай¸ деб телефон қилган эдим.

Озодлик: Айтмоқчисизки, ишга киришнинг ўзи қийин бўлаяпти.

- Жуда ҳам қийин. Таниш-билиш бўлиб кетди ҳозир. Чодак кон бошқармасида порахўрлик бўлиб кетди.

Озодлик: Мисоллар билан айтиб бера оласизми? Қайси ўринга қанча сўрайди?

- Ишга кириш ставкаси ҳозир 2000 доллар бўлаяпти. 2010 йил август ойида 8-10 кишини олди. 8та одамдан иккитаси иш стажига эга бўлган мутахассис эди. Қолган ҳаммаси таниш-билиш. Қалбаки стаж қилиб, қалбаки документ тайëрлаб, директорнинг таниш-билиши, жиянлари, шундай одамларни олиб ташлади.

Озодлик: 2000 доллар бериб ишга кирадиган бўлса, маоши қанча?

- Бир миллиондан ошиқ ойлик олади. 3-4 ойлигини берди ҳисоби¸ дейлик. Шунча ойлигини олдиндан беради. Шу пулни беш-олти ойда чиқариб олади. У ëғи ўзининг нимасига кетадида, дейди наманганлик суҳбатдошимиз.


“Боғбон ҳам буғдой экиши шарт”¸

дейди фарғоналик навабтдаги суҳбатдош. Унга кўра, туман ҳокимлиги боғбонларга ҳам ғалла етиштиришни мажбурият қилиб қўймоқда ва агар кимдир бундан бош тортса, ерни бўшатиб қўйиши ҳақида огоҳлантирилмоқда:

- Ўзимни таништирсам. Фарғона туманидан Деҳқонбой Боғбонов бўламан. 27-куни "Қурултой" эшиттиришида ғалла тўғрисида гап бўлди. Ғаллага келадиган бўлсак, ҳозир бутун нотўғри ишлар бўлаяптики, кўп фермерлар 200 сўмдан 400 сўмгача пул тўлаб юриб ғалла планини тўлдиришиб, ғаллани босишиб қўйган босадиган жойига. Мева-чевага келадиган бўлсак, боғдорчилик меваларини етиштириш учун боғдорчилик фермерларини ниҳоятда сиқувга олиб шунақа қилиб юборишаяпти. Масалан¸ ҳар қайси боғдорчилик фермер хўжаликларига бир гектардан мажбурий равишда буғдой шартнома қилган январ ойида. Январ ойида ерлар музлаган, буғдой экишнинг иложи йўқ. 2011 йилда ғалла 2010 йилга нисбатан ночор бўлса керак деган хаëлдаман. Ҳозир мева-чева етиштирадиган фермерларнинг ҳам диққати ошган. Агар нотўғри иш бўлаяпти. Бошқа дейдиган бўлсангиз, “Дарахтни сотиб олгансан. Ер давлатники. Дарахтингни кесиб олавер” деган гап қилаяпти. Кўп боғбонлар дарахтни кесиб олишга ҳам келиб қолди, дейди фарғоналик Деҳқонбой Боғбонов.


“Ер ҳали эгасини топгани йўқ”

дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Байрамали, "Қурултой" эшиттиришида кўтарилган мавзуга муносабат билдирар экан:

- Мен "Қурултой" эшиттиришига ўз фикримни билдирмоқчи эдим. Мана Жаҳонгир аканинг гапларига мен қўшиламан. У киши айтдиларки, шахсга садоқатда ҳеч нарса бўлмайди, халқни ўйлаш керак. Тўппа-тўғри айтди у киши. Шахсга садоқат эмас¸ бизларда шахсга вафодорлик кучли. Керагидан ортиқча кучли. Мана шу оëққа кишан бўлаëтганлиги. Ундан олдин Абдулазиз ака деган киши ҳам фикр билдираяптилар. Энди хафа бўлмасинларку, ҳар бир ëмон гапни совет даврига тўнкаш тўғри бўлмайди менимча. У киши совет даврини емирган чайқовчилик деяптилар. У пайтда чайқовчиликка қарши кураш бўларди. Ҳозир йўқ. Ер эгасини топмади. Ерни кимга бериш керак? Ўзбекистон матбуоти минбарлари “ер эгасини топди” дейди, у киши “топмади” дейди. Норвегияда бошқадир, бизларда бошқа. Фермерлар бизларда ўзини “феодал” деб таърифлайди. Худди шундай деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам ривожланиш бўлмайди.

Озодлик: Сизнингча, ер эгасини топганми¸йўқми?

- Йўқ. Ерни биладиган киши бўлиши керак. Совет даврида агрономлар бўларди. Ҳозир шофëр ҳам фермер, милиция ҳам фермер. Ерни улар билмайди-да. Ер эгасини топган эмас. Қўқонлик акамиз айтгандай, ҳозир ер эгалари ўз ариғининг бўйидан битта ўт юлишга бермайди. Қариндош-уруғчилик авжига чиқиб кетган, дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Байрамали.


“Туя ўркачлари қонга бўялди”

Ўзбекистонлик адабиёт ўқитувчиси Ҳаққул Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида ёзган шеърини ўқиб берди:

- Суръат Икромов суд ҳақида гапирди. “Қийноқлар асосида иқрор қилинган” деб айтдиларку Қашқадарëда бўлган судни. Шуларнинг айтган гапларидан бир илҳомланиб таъсирландим. Бир шеър ëздим. “Қуëн бўлган туя” деб атадим бу шеърни.

Туяни тутибон роса урдилар,
Қуëнсан деб икки золим зўравон,
Донолар ҳам бундан роса кулдилар,
Э нодон, туя ҳам бўларми қуëн?

Туя ўркачлари қонга бўялди,
Қовурғалар синди, қийшайди оëқ,
Оғиздан кўпиклар сочилиб кетди,
Белига тушганда ҳаридек таëқ.

Охири тугади туяда бардош,
Мен туямасман дер, энди мен қуëн,
Бир буклаб тиқдилар темир катакка,
Ҳамон қуëнман, дер бечора гирëн.

Туяни қуëн қилган икки зўравон,
Ўзини ботир дер гўë қаҳрамон,
Ўзингни туядек урганларида,
Сен ҳам аллақачон бўлардинг қуëн.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG