Линклар

Петербургда яна бир ўзбекча газета чиқа бошлади


Санкт-Петербургда чоп этилаётган "Турон" газетаси муассиси Игор Белоусов нашрни ташкил қилишдан мақсад марказий осиёлик муҳожирларга кўмак кўрсатиш эканини айтади.

Санкт-Петербургда чоп этилаётган "Турон" газетаси муассиси Игор Белоусов нашрни ташкил қилишдан мақсад марказий осиёлик муҳожирларга кўмак кўрсатиш эканини айтади.

Санкт-Петербург шаҳрида марказий осиёликлар учун “Турон” газетаси чоп этила бошлади. Ўзбек тилида чоп этилаётган газетанинг дастлабки сони, нашр мутасаддиларига кўра, Петербургнинг Жомеъ масжиди, савдо расталари ва қурилиш жойларида бепул тарқатилмоқда.

Куни кеча Россиянинг маданий маркази ҳисобланган Санкт-Петербургда ўзбек тилида “марказий осиёликлар учун амалий ёрдам газетаси” чоп этила бошлади.

“Турон” деб номланган бу газета, бош муҳаррир Маҳмуд Маматмўминовнинг айтишича, минтақада яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг муаммоларини ёритиб боришни, Россияга меҳнат қилгани келаётган муҳожирлар учун бироз бўлса-да амалий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.

Озодлик билан суҳбатда бош муҳаррир “Турон”нинг Петербургда ўзбек тилида чиқаётган яна бир газета - “Петербург.уз”дан фарқли томонларини тушунтириб берди.

- “Петербург.уз” ўзбеклар учун чиқаряпти. Бизники Ўрта Осиёдан келган халқлар учун. Менга ўхшаб Ўрта Осиёдан келган муҳожирлар учун газета. Мен ҳам бу ерга келиб, ишга жойлашгунча қийналганман. Бу ерда ўзбек, тожик, қирғиз дейилмайди - келганига қулочимизни очаверамиз! Газетани биз ўзимизга яқин қилиб, “Турон” деб атадик, чунки Турон бу Ўрта Осиёнинг эски катта номларидан. Газетанинг биринчи қиладиган ишларидан, шу ерга келган одамлар учун тушунтириш ишларини олиб бориш. Масалан, қандай қилиб ФМСда документларни тайёрлаш, “Мен қилиб бераман!” деб пулини олволиб, югуртирадиган одамларга бормасдан, шу газетани олиб ўқиса, ҳар бир сонида шунга ўхшаш ёрдам берадиган қўлланмаларни саҳифада чиқариб борамиз. Бундан ташқари, русча билмайдиганлар учун ҳар сонида ўрисча-ўзбекча баъзи сўзларни босиб чиқараяпмиз.

Озодлик: Яъни ёрдам тарзида экан-да.. Бу ғоянинг ўзи қандай пайдо бўлди?

- Айтаяпман-ку, мен ўзим 45 га кирган бўлсам, ўзим савдо ичида юрган одамман. Шу ерда қийналаётган одамларни кўриб, менга бу идеяни Игор Николаевич таклиф қилувди. Мен: “қўлимдан келмайди, менинг журналистик мутахассислигим йўқ” десам, “зато сен уларни дилингдан тушунасан-ку” деганидан кейин, мен бу ишни олиб боришга рози бўлдим.

Озодлик: Билишимча, газета бепул тарқатилаяпти экан...

- Ҳа. Бу ерда юрган одамга: “Мана бу мана шунча пул бўлади, ол” дейишдан кўра, фақат тарқатиб турганимиз маъқул. Кейин вақт кўрсатади, деб бошладик шу ишни. Мен виждоним қийналганидан, ўзимизникилар шу ерда озгина бўлса ҳам йўлини топиб, ҳеч бўлмаса, бемалол туриб гаплашадиган бўлишсин, деган ниятда қилаяпман. Бошқа нима деб тушунтиришим мумкин... Вақти келиб кимдир айтар. “Шу ерда ўзининг тилида одамлар учун мана шу газетани қилиб кетган экан” десаям, тарихда қоладиган иш бўлиб қолади-да, - дейди Петербургда ўзбек тилида чоп этила бошлаган “Турон” газетасининг бош муҳаррири, асли ўшлик Маҳмуд Маматмўминов.

Газета асосчилари ҳозирча ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётган “Турон”ни келажакда рангли форматда тожик ва қирғиз тилида ҳам нашрдан чиқариш ниятида эканларини айтдилар.

Рангли форматдаги “Турон”нинг биринчи сонида “Петербург билан танишув”, “Янгиликлар”, “Петербургдаги ўзбек диаспораси”, “Зарурий телефонлар”, “Сизнинг сўзлашгичингиз” каби саҳифалар жой олган.

Газета таъсисчиси Петербургдаги “Кард Экспресс” МЧЖ бош директори Игор Белоусов, маълум бўлишича, Қозоғистонда таваллуд топган экан.

Озодлик билан суҳбатни Игор Николаевич ўзбекча мулозаматдан бошлади.

- Ассалому алайкум! Соғлиқлар яхшими? Уйдагилар? Ота-она? Мен ўзбек тилини анчадан буён биламан. Ишқилиб, акцентсиз гапирдимми? Биласизми, гап нимада, мен Совет Иттифоқида туғилганман, совет офицери, толерант одамман. Қўлимдан Совет Иттифоқининг кўплаб республикаларидан келган солдатлар ўтган, айниқса, ўзбек йигитлари жуда кўп эди. Уларни тилини билмасдан улар билан мулоқот қилишдан қийини йўқ! Шунинг учун лейтенантлигимдаёқ мен ўзбек тилини ўрганиб олган эдим. Тўғри, ўзбек тили шу йиллар давомида бироз эсимдан чиқиб қолди, мана энди яна бошқаттан ўрганишга имкон яратилди, - дейди “Турон”нинг ғоявий ва молиявий асосчиси Игорь Белоусов.

У Қизил Ўрдадаги ёшлиги ҳам ўзбек, қозоқ, немис, рус ва тожиклар орасида ўтганини ва бугунги кунда Россия кенгликларида қийналиб меҳнат қилаётган собиқ иттифоқдошларига ёрдам тарзида шу газетани таъсис этганини гапирди.

Белоусовнинг айтишича, меҳнат муҳожирларини Россияда ёмонламаган қолмади, аммо уларга йўл кўрсатиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга келганда эса қуруқ гапдан нарига ўтилмаяпти.

- Асли бу ғояни Петербургдаги ўзбек, тожик ва қирғиз диаспоралари раҳбарлари таклиф этди. Тарқоқликнинг ҳеч кимга кераги йўқ, бирлашиш керак. Аввалига биз газетани “Замон” деб атадик, кейинроқ “Турон” деган ном қўйдик. Айтмоқчиманки, қуруқ сафсатабозликдан конкрет ишларга ўтиш даври келди. Мен қўлимдан келганини қилаяпман. Мана биз Тошкентдаги бир нечта корреспондентларни ёлладик. Улар бизга “Ватандан хабарлар”ни олиб боради. Яъни уйдан кетган ўзбекистонликлар Ўзбекистонда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб туради. Қолаверса, рус тилидаги нашримиз бу ердаги маҳаллий аҳолига Ўзбекистон ҳақида маълумот бериб боради. Мардикорларнинг ҳаммасиям саводсиз эмас-ку! - дейди Игор Белоусов.

Белоусовнинг сўзларига кўра, “Турон” газетасининг дастлабки сони 10000 нусхада чоп этилган ва тарқатилмоқда. У келажакда газетага эҳтиёж ортиб борадиган бўлса, Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларига ҳам ёйиш мумкинлигини режада йўқ эмаслигини таъкидлади.

Маълум бўлишича, биргина Санкт-Петербургнинг ўзида “Турон” ўзбеклар жамияти, “Умид” ўзбекистонлик юртдошлар жамияти ва Ўзбек миллий-маданий маркази фаолият юритиб келмоқда.

“НТВ-Петербург” телеканалининг берган маълумотига кўра, бугунги кунда Петербургда 850 минг ўзбек муҳожири меҳнат қилаяпти.
XS
SM
MD
LG