Линклар

БМТ Бош Ассамблеяси Ливиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини вақтинча тўхтатди. Бунга Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар тинч намойишчиларга қарши зўравонлик қўллагани сабаб бўлди.

Сешанба куни 192 аъзодан иборат Бош ассамблея қабул қилган резолюция қароргоҳи Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг илтимосига кўра қабул қилинди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аллақачон Қаддафий режимига нисбатан санкцияларни жорий қилди ва Халқаро жиноятлар судидан Ливияда инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани эҳтимоли юзасидан текширув ўтказишни сўради.

Бош ассамблеянинг махсус мажлисида сўз олган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ливиянинг инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиш қарорини олқишлаб, Қаддафийни зўравонликларни бас қилишга чақирди.

- Бутун дунё бир овоздан фуқароларга нисбатан зўравонликларнинг дарҳол тўхтатилиши ва уларнинг фундаментал ҳуқуқлари, жумладан тинч намойишлар ўтказиш ва сўз эркинликлари ҳурмат қилинишини талаб қилмоқда. Зўравонликлар давом этаркан Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ливия аъзолигини тўхтатиш тавсиясини олқишлайман, деди Бан.

БМТ Низомига кўра, мазкур қарор Бош ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми томонидан маъқулланиши лозим. Лекин аксар аъзо давлатлар бу қарорни маъқуллагани аниқ кўриниб тургани боис овозлар саналмади. Бироқ Куба ва Венесуэлла каби баъзи давлатлар бу қарорга қарши чиқди.
XS
SM
MD
LG