Линклар

logo-print

Олмаотада уч қочқин аризаси рад этилди


Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган қочқинларнинг аёллари ўзларига эрлари билан учрашишга рухсат берилмаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган қочқинларнинг аёллари ўзларига эрлари билан учрашишга рухсат берилмаётганидан шикоят қилмоқдалар.

2011 йилнинг 1 март куни Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган Равшан Тўраев, Суҳроб Бозоров ва Дилбек Каримовларнинг шикоят аризаси шаҳар суди томонидан рад этилди. Бу ҳақда Озодликка ҳибсхонадаги қочқинларнинг аёллари маълум қилдилар.

Олмаота шаҳар судида бўлиб ўтган кечаги маҳкамадан кейин биринчи инстанция суди ҳукми юзасидан рад жавоби олган қочқинлар сони 23 тага етди. Олмаотадаги Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида ўтирган яна 6 кишининг аризаси яқин орада кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Аснода Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларининг аёллари ўзларига турмуш ўртоқлари билан учрашишга рухсат берилмаётганидан шикоят қилмоқдалар. Аёлларнинг айтишларича, улардан эрлари билан учрашиш учун никоҳ қоғози сўралаётган экан. Жумладан, кеча шаҳар судидан рад жавобини олган, ўнг буйраги йўқ Суҳроб Бозоровга ҳам хотини билан учрашишга ҳибсхона мутасаддилари томонидан рухсат берилмаган. Тергов ҳибсхонасида юрак хуружига учраган 20 ёшли Файзуллохон Акбаровнинг аёли ҳам у билан учрашишга муваффақ бўлолмаган. Қочқинларнинг аёллари керакли озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилмаётган ногирон эрларининг аҳволи кундан-кунга ёмонлашаётганидан хавотир олаяптилар.

Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлари шаҳар судига биринчи инстанция судидан (Олмали туман суди) рад жавоби олганларидан кейин мурожаат қилгандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида Қозоғистон ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек қочқинининг шикоят аризасини кўриб чиққан Олмали туман суди уларнинг ҳаммасига рад жавобини берганди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 9-11 июн кунлари Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида ўтган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинмиш ўзбек қочқинларига шаҳар миграция департаменти август ойида бошпана беришни рад қилганди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судларга мурожаат қилаётган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилмоқдалар.

Ҳибсда сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган вақт мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG