Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:34

Тўшакка михланган ўшликларда умидсизлик ортмоқда


Ўш қирғини кунлари яраланган ўзбеклардан бири Ўзбекистон касалхонасида.
Ўш қирғини кунлари яраланган ўзбеклардан бири Ўзбекистон касалхонасида.

Ўш воқеалари чоғида умуртқа поғонасига ўқ теккан Шаробиддин ака 8 ойдан буён тўшакдан туролмайди. Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, бугунги кунда Шаробиддин ака каби 30 дан ортиқ ўшлик тўшакка михланган ногиронга айланган.

Шаробиддин ака Комилов бир вақтлар пайвандчилик билан оиласини боқиб келган.

Ўш воқеалари чоғида кўплаб ўшликлар каби унинг уйи ҳам ёқиб юборилган. Ўша машъум кунларда бошқа ўзбеклар сингари оиласини Ўзбекистон чегарасига юбориб, ўзи уй қўриқлашга қолган Шаробиддин аканинг 12 июн куни умуртқа поғонасига ўқ теккан.

Озодлик: Шаробиддин ака, гапириш сизга қийин эмасми?

- Йўқ, бемалол. Аҳволларим унчалик яхши эмас. Оёқларим ишламайди. Ўқ бешинчи умуртқага теккан. Шунга отказ қилган. Мана бу ерда ётиб қолганим учун қон томирларим қуриб қолган. “Секин-секин ёзилади” деган дўхтир. Билмайман энди, қандай бўлиб ёзилади, қачон ёзилади, - дейди Шаробиддин ака.

Тўшакка михланган Шаробиддин ака.
Унинг турмуш ўртоғи Одина опага кўра, Шаробиддин ака икки маротаба жарроҳлик столига ётган. Биринчи операция Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида ўтказилган.

- Вилоят касалхонасига олиб ўтишни иложи бўлмади. Ўша пайтда тўполон бўлаётган эди. Соат 12 эди. Роса авжига чиққан пайти эди. Областнойга йўл йўқлиги учун прямой Суратош билан Андижонга ўтказиб юборганмиз. Ўтиб кетган. Кейин ҳамма қайтган пайтда тўғри областнойга олиб келишган. У ерда бир ярим ой ётди. Кейин “яралари битсин”, деди. Томография қилди. Томографияда "осколка бор экан, умуртқасига ёпишиб қолибди”, деди. Кейин уйда дам олиб, яна операция қилдирдик. “Осколкани олдик, секин-секин қон томирлари жойига тушади, кутинглар”, деди. Мана кутаяпмиз, - дейди Шаробиддин аканинг аёли.

Одина опа сўнгги жарроҳлик операциясидан буён уч ойдан ортиқ вақт ўтганини айтади.

Айни пайтда, Шаробиддин ака ёниб кетган уйининг ўрнига қуриб берилган икки хонали уйда яшамоқда.

Дастлаб унга турли ташкилотлар томонидан дори-дармон берилиб турилган. Аммо бугунги кунга келиб бу тиббий ёрдам оқими тўхтаган. Унинг оиласи эса инсонпарварлик ёрдами ҳисобига кун кечирмоқда.

2 март куни Шаробиддин аканинг ҳужжатлари ногиронлик нафақасига топширилган.

Шаробиддин акани уйига бориб кўриб келган ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаевнинг айтишича, шу кунда Ўшда у каби беморлар анчагина.

- Ташаббускор аёлларимиз аниқлагани, шахсан менинг ўзим билганларим хаммаси бўлиб 30 дан ошиқ. Уларнинг бештаси эфтаназияга тайёр одамлар. Улар айтаяптики, “бизни бундай яшаганимиздан ўлганимиз яхши, бирорта дўхтирни чақириб, бизни ўлдириб беринглар” деб илтимос қилганлари ҳам бор. Ўз жонига қасд қилиш¸ албатта¸ гуноҳ. Шунга қарамасдан, ётган касалларнинг ичида ноумид одамлар кўпайиб кетаяпти, - дейди маҳаллий ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев.

Бироқ Шаробиддин ака ва унинг яқинлари яхши кунлар келишидан умид узганларича йўқ.

- Умид бор, Худо хоҳласа, - дейди базўр гапираётган Шаробиддин ака.
XS
SM
MD
LG