Линклар

ЕХҲТ раиси ўшликлар билан учрашди


ЕХҲТ раиси Аудронюс Ажубалиснинг ўшликлар билан учрашуви чоғида, гувоҳларнинг айтишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир томонлама фаолият олиб бораётгани ҳақида гапирилган.

ЕХҲТ раиси Аудронюс Ажубалиснинг ўшликлар билан учрашуви чоғида, гувоҳларнинг айтишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир томонлама фаолият олиб бораётгани ҳақида гапирилган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Аудронюс Ажубалис 2 март куни Ўшга борди. Мазкур ташкилотдан олинган маълумотга кўра, Ажубалис Ўшда аҳоли билан учрашиб, бугунги кунда мавжуд муаммолар билан танишади.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек ваколатхонаси расмийси Светлана Левина ташкилот раиси Ажубалиснинг Ўш ва Бишкек сафари тўғрисида фақат чекланган расмий маълумот бера олишини айтди:

- Қирғиз расмийлари билан учрашувларда ЕХҲТнинг Қирғизистонга кўрсатажак ёрдамлари ва Қирғизистоннинг ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажариши масаласи муҳокама қилинади. ЕХҲТ Қирғизистондаги барқарорликни сақлаб қолиш йўналишида ёрдам кўрсатмоқчи, - деди расмий.

Светлана Левина Қирғизистоннинг ЕХҲТ олдидаги мажбуриятлари нималардан иборатлиги ва уларнинг бажарилиши қай аҳволда экани борасидаги саволларимиз юзасидан изоҳ бера олмаслигини айтди.

Бироқ бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари қирғиз ҳукумати июн воқеаларидан сўнг этник озчилик вакиллари, жумладан, ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қилишни кафолатлай олмаётганидан, Ўш қирғинида айбланиб асосан ўзбеклар судланаётгани, маҳбус ўзбекларга нисбатан қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилаётганидан бонг уриб келадилар.

ЕХҲТ расмийси Светлана Левина берган ғарибгина маълумотга таянадиган бўлсак, ҳар ҳолда, ташкилот раиси қирғиз ҳукумати расмийлари билан учрашувида бу мажбуриятлар бажарилиши шартлигини дипломатик назокат билан шама қилиб ўтиши мумкин.

Ажубалис эса айни пайтда Ўшда аҳоли вакиллари билан учрашмоқда ва бу ердаги вазият билан танишмоқда.

Ажубалис билан бўлган учрашувда иштирок этган ўзбеклардан бири йиғилишда ўзбек ва қирғиз миллати ўртасидаги ўзаро ишончни қайта тиклаш учун қандай тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги ҳақида гап бўлганини айтди. Бу учрашувда иштирок этган ўзбеклар асосан ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний ҳаракатлари ва фақат бир миллат, яъни ўзбекларга қарши иш олиб бораётганидан шикоят қилишган.

- “Икки халқни бирлаштириш учун нима қилиш керак?” деган савол қўйилди. Биз бунинг учун амалий ишлар қилиниши лозимлигини айтдик. Масалан, ҳозир бир эл бошқа бир эл билан уришаётгани йўқ. Бироқ милиция фақат бир томонлама фаолият кўрсатаётгани ва бу амалиёт тўхтатилиши кераклигини айтдик. Унга: “Сизларнинг гапларингизга ҳукумат қулоқ солади, бизнинг мана шу гапимизни уларга етказинглар”, деб айтдик. Биз фақат шу масалани кўтардик, холос, - деди ўз номини айтмаслигимиз шарти билан гапирган ўшликлардан бири.

Ўш ўзбек миллий–маданий маркази раҳбари Рашид Жўраев эса ЕХҲТ ташкилоти икки халқни яраштириш йўлида “ҳеч қандай ёрдам бера олмайди”, деб ҳисоблайди.

- Уч кун олдин ОБСЕнинг одамлари билан миллатлараро дўстликни қайта тиклаш концепциясини ишлаб чиқдик. Бу ташкилот билан кўп марта учрашаяпмиз, мажлислар қилаяпмиз. Лекин асосий вазифа барибир халқнинг зиммасида қолмоқда. Биз мажлис ўтказаяпмиз, концепцияларни ишлаб чиқаяпмиз, бу нарсалар ўша йиғилишларда қолиб кетаяпти. Ташқарига чиқсангиз, одамлар ҳамон қандайдир напрежениеда яшаяпти. Биз-ўзбек ва қирғиз бир-биримиз билан аралашмасак, чет элдан келган ташкилотлар бизнинг ярашувимизга амалий ёрдам кўрсата олмаяпти, - дейди Рашид Хўжаев.

Суҳбатдошимиз айни пайтда ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ўшликларга моддий ва молиявий ёрдами катта бўлаётганини ҳам эътироф этади:

- Уй қурилишида, гуманитар ёрдам беришда, албатта, халқаро ташкилотлар, жумладан, ОБСЕнинг ёрдами жуда катта бўлаяпти. Мана, бугун ҳам маҳалларга гуманитар ёрдам тарқатишаяпти. Одамларга ун, ёғ, гуруч, туз тарқатишаяпти бугун, - деди Рашид Хўжаев.

ЕХҲТ раиси Аудронюс Ажубалис 3 март куни Бишкекка келади. Бу ерда унинг Бош вазир Алмазбек Атамбаев билан учрашуви режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG