Линклар

Новқатдаги уйга ўт қўйганлар қўйиб юборилди

  • Шерзод

Саноғи 500 га етгани айтилаëтган оломон 1 март куни Новқатдаги бадавлат ўзбек савдогарининг уйига ўт қўйди.

Саноғи 500 га етгани айтилаëтган оломон 1 март куни Новқатдаги бадавлат ўзбек савдогарининг уйига ўт қўйди.

Новқат шаҳрида 1 март куни содир бўлган тартибсизлик ташкилотчиларига нисбатан ҳозирча жиноий иш очилгани йўқ¸ деб хабар қилди Озодликка Новқат туман прокурори. Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари 1 март куни Новқатда қўлга олинган 20 киши озод қилинганини билдирмоқдалар.

1 март куни Новқатда бўлиб ўтган тартибсизликлар чоғида қўлга олинган шахсларнинг қўйиб юборилганини Озодликка Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Раҳматилло Аҳмедов маълум қилди.

- Кеча қўлга олинган одамлар ўша куниёқ керакли иш-чоралар олиб борилганидан кейин, уларнинг шахси аниқлангандан кейин қўйиб юборилган, - деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Раҳматилло Ахмедов.

Шу йилнинг 23 феврал куни Новқат туман Солиқ хизмати расмийси Сағинбек Алимбаев ўлдириб кетилган эди.

Марҳумнинг яқинлари 1 март куни Эски Новқат қишлоғида йиғилиб, Алимбаевни Новқат туман марказидаги Калинин кўчасида яшовчи асли новқатлик, айни пайтда эса Россия фуқароси бўлган Одилжон исмли ўзбек йигити ўлдиришга буйруқ берганини иддао қилишди. Алимбоевнинг қариндошларига кўра, Одилжон ҳозирда Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида яшириниб юрибди, қирғиз милицияси эса уни ҳибсга олишни пайсалга солаяпти.

Шундан сўнг, гувоҳларга кўра, 500 кишидан иборат оломон Одилжоннинг уйини ёқиб юборган ва туман бозоридаги савдо дўконларини талон-тарож қилган.

Озодлик мухбири Раҳматилло Аҳмедовдан “Ўлдириб кетилган Солиқ хизмати расмийси Сағинбек Алимбаевнинг ўлимига уйи ёндириб юборилган Одилжоннинг алоқаси борми?, Алимбаевнинг ўғли Нурбек Алимбаев отасининг ўлимига Республика ўзбеклар миллий маданий маркази раис ўринбосари Қодиржон Ботиров алоқадорлигини иддао қилмоқда, бу иддао қанчалик ҳақиқатга яқин?” каби саволларни бермоқчи эди. Аммо Раҳматилло Аҳмедов биринчи саволни эшитибоқ “Қолган масалалар суд хулосаси чиққандан сўнг маълум бўлади”, дея суҳбатни қисқа қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев 1 март куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 23 феврал куни ўлдирилган Новқат туман Солиқ назорати бўлими бошлиғининг ўринбосари Сағинбек Алимбаевнинг қотиллари 25 февралда қўлга олинганини, уни ўлдиришга буйруқ берган шахс эса қидирувда эканини айтганди. Вазир Эски Новқатнинг Калинин кўчасида яшаган ва 1 март куни уйи ёндирилган Одилжон Сағинбек Алимбаевни ўлимига алоқадор ёки алоқадор эмаслигини аниқ айта олмаслиги, бу ҳозирча қуруқ иддао эканини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, Новқатда тартибсизликларни уюштирган 20 одам қўлга олингани улардан 6 нафари маст аҳволда бўлганини маълум қилди.

2 март куни Новқат туман прокурори Суюнбек Сатибалдиев Озодликка Новқатда сешанба куни содир бўлган воқеалар юзасидан жиноий иш очилмаганини айтди.

- Ҳозирги кунда Новқат тумани Ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан ўт қўйиш ҳолати текширилмоқда. Ҳозирча ёнғин хизмати ўз хулосани бермади. Бундан ташқари, Новқат туманидаги айрим савдо дўконлари, ошхоналарга келтирилган зарар бўйича терговчи Саттаров томонидан жиноят қайд этилиб, бу бўйича текширув кетмоқда. Кимга қанча моддий зарар етказилгани аниқланяпти. Мана шу текширувлар тугаганидан кейин жиноий иш қўзғаш масаласи ҳал бўлади. Ҳозирча шу борада чора-тадбирлар олиб борилаяпти, - деди Новқат туман прокурори Суюнбек Сатибалдиев.

1 март куни Новқатда бўлиб ўтган норозилик намойишидан сўнг Новқат тумани ва Ўш шаҳри аҳолиси ўртасида “2010 йилнинг июнидаги қонли воқеалар қайта бошланди” қабилидаги ваҳималар авж олди.

2 март куни Озодлик мухбири суҳбатлашган новқатликлардан бири вазиятнинг нормаллаша бошлаганини билдирди:

- Бугун тинчлик. Одамларнинг кайфияти ҳам яхши. Кеча хотинларни орасида паника бўлиб, ваҳима бўлганди.

Озодлик: Бозорлар бугун ишлаяптими?

- Бозор тўла ишлагани йўқ. Кеча ёпилганда савдогарлар қочиб чиқиб кетишган. Ана шунинг учун бугун секин-аста қимирлашаяпти, - дейди новқатлик Абдулҳамид ака.

Исми ошкор қилинишини истамаган ҳуқуқ фаолларидан бири ҳозир Ўшда ҳам вазият тинч эканини айтди.

- Биз энди одамларни орасидаги миш-миш орасида яшаяпмиз-да, “бўлармиш, келармиш, бўпти эканмиш, қочибди эканмиш” каби ҳар хил миш-мишлар бор. Ҳозир умуман олганда аҳвол тинч, барқарор, - деди ўшлик ҳуқуқ фаолларидан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG