Линклар

logo-print

Яманда ўғирланган ўзбек шифокори озод этилишини кутмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ямандаги қабилалардан бири ҳаëти манзараси.

Ямандаги қабилалардан бири ҳаëти манзараси.

60 яшар Ҳамиджон Олчибоев душанба куни Яманнинг Шабва вилоятида маҳаллий қабила вакиллари тарафидан ўғирлаб кетилди. Қуролли шахслар қўлида қолаëтган тожикистонлик ўзбек жарроҳи Озодлик билан суҳбатда ўз вазиятининг ўта жиддий эканини билдирди.



28 феврал куни ўғирлаб кетилган Ҳамиджон Олчибоев Россиянинг "Техностройэкспорт" ширкати орқали тузилган шартнома асосида 2007 йилдан бери Яман пойтахти Санадан 250 километр шарқда жойлашган Шабва минтақасида жарроҳ бўлиб ишлаб келган.

2 март куни Озодлик ҳамкасблари орқали гаровда қолаëтган Ҳамиджон Олчибоев билан боғланишга муваффақ бўлди. 60 яшар ўзбек врачи ўзини гаровда ушлаëтганлар қўл телефони орқали амалга ошган қисқа суҳбат давомида ўз вазиятига ойдинлик киритишга уринди.

- Мен ҳозир шу нималарнинг қўлидаман, ҳалиги ов қиладиганларнинг қўлида.

Озодлик: Қандай муомала қилишаяпти сизга?

- Жуда ëмон муомала қилишаяпти.

Озодлик: Нимага олиб қочиб кетишди сизни?

- Эрта билан “биттаси яраланган” дедию¸ машинага миндириб олиб қочиб кетишди. Саҳар 6да ҳеч ким билмай қолди. Буни ўзимизнинг болницага янги келганлар ташкил қилганда. Мен ҳаммасини билдим. Янги келган докторларимиз ташкил қилган. Акушер-гинеколог ахмоқ хотин бор. Ўша ташкил қилган бу ишнинг ҳаммасини¸ менимча. Ўзи олти йилдан бери ҳеч гап йўқ эди. Шулар келди¸ бошланди ҳаммаси.

Озодлик: Сизни олиб кетишлари қанақа бўлди?

- Эрта билан соат 6да битта машина келди. Менга телефон қилди. Телефонимни олдим. “Абдуҳамид ака чиқинг тезгина. Ўқ еган касал келди” деди. Кейин югуриб чиқдим мен. Югуриб чиқсам, битта енгил машина, усти ëпиқ “Land Cruiser” келдию “машинанинг ичида касал, кириб кўринг” деди. Ҳеч ким йўқ эди. Шарт машинага кирдим, шу билан олиб кетишди мени. Бошқа ҳеч нарса билмайман.

Озодлик: Қанақа аҳволда яшаяпсиз ҳозир у ерда?

- Ҳозир ëтибман адëлда.

Озодлик: Очиқдамисиз?

- Ҳа, аҳволим жуда оғир. Ҳозир ҳал бўлади масаланг¸ дейишаяпти. Билмадим энди.

Озодлик: Овқат беришаяптими?

- Муомалалари оғир жуда. “Бугун масала ҳал бўлади” деяпти. Билмайман мен.

Озодлик: Қўйиб юборамиз¸ дейишаяптими улар?

- Энди номаълум.

Озодлик:
Қанақа одам улар? Нималарни кўрдингиз?

- Танимайман мен буларни. Бир қабила экан. Умуман тушунмадим. Гапиришмайди мен билан яхши.

Озодлик: Диндорларми, Ал-Қоидами ким улар?

- Диндорлар. Ал-Қоидамасмиз, дейди.

Озодлик: Динийми? Жуда анъанавий одамларми?

- Билмайман энди ким экан улар. Лекин Ал-Қоидамасмиз деяпти.

Озодлик: Қуролланганми улар?

- Ҳаммасининг қуроли бор. Ҳаммаси қуролланган.

Тожикистонлик ўзбек жарроҳи Ҳамиджон Олчибоев билан суҳбат шу ерда узилиб қолди. Афтидан¸ уни гаровга олган қабила вакиллари¸ ўзбекча суҳбатда Ал-Қоида деган сўз янграши билан¸ ҳадиксираб¸ мулоқотни тўхтатишди. Ҳамиджон ака билан суҳбатни давом эттириш учун қайта-қайта қилган уринишларимиз бежавоб қолди.

"Техностройэкспорт" ходимларидан бири Саидаҳмад Бековнинг Озодликка билдиришича¸ ҳозирда Олчибоевни ишга олиб келган ширкат расмийлари уни озод қилишга ҳаракат қилмоқда.

- Ҳозир уни озод қилиш йўлида Яман ҳукумат идоралари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида музокаралар олиб бориляпти, - дейди Саидаҳмад Беков.

Хабарларга кўра, Шабвадаги қабила вакиллари 2009 йили декабр ойида ҳукумат кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво зарбаларидан ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳукуматдан товон пули ундириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга эришиш мақсадида шифокорни ўғирлаганлар.

Бу ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 45 одамнинг ҳалок бўлгани айтилади.

Яман ҳукумати бир неча йиллардан буён АҚШ билан ҳамкорликда Ямандаги Ал-Қоида гуруҳларига қарши амалиётларни амалга ошириб келади.

Яманда хориж фуқароларини ўғирлаб кетилиши ва уларни озод этилиши эвазига турли талабларни қўйилиши тез-тез рўй бериб туради.

Яманда фаолият қилаётган ўзбекистонлик шифокорлардан бири аввалроқ Ўзбекистоннинг ўзидан тахминан 5000 врач Яманда ишлашини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG