Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:07

Ливия фуқаролар урушига тортилмоқда


Ливия мухолифатининг қуролли тарафдори.
Ливия мухолифатининг қуролли тарафдори.

2 март куни Ливия инқилоби раҳнамоси¸ полковник Муаммар Қаддафийга тарафдор кучлар билан исëнчилар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар янада кескин тус олди - ҳукумат кучлари мухолифат назоратидаги ҳудудларни ҳаводан ҳужум қилишга ўтди.

Ливия шарқидаги Марас Эл Брега шаҳрида Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар мамлакатнинг нефт экспорт қилувчи муҳим терминалини ўз назоратига олгани айтилмоқда.

Ливиянинг шарқий минтақаларини назорат қилиб турган Қаддафийга қарши бўлган учта ҳарбий манба Ройтер ахборот агентлигига шаҳарда Қаддафийга тарафдор ва унга қарши бўлган кучлар ўртасида тўқнашувлар давом этаётганини билдирди.

Гувоҳларга кўра, Ливия ҳаво кучларига қарашли учқичлар шаҳарнинг айрим туманларини бомбардимон қилмоқда. Армия учқичлари исёнчилар ва улар тарафига ўтган ҳарбийлар назоратидаги Аждабия шаҳрига ҳам ҳаводан ҳужум қилмоқда.

Айни пайтда, ҳукумат қўшинлари исёнчилар ўтган ҳафта назоратига олган мамлакат ғарбидаги ҳудудларни ишғол қилишга муваффақ бўлмади.

Ливия ғарбидаги Ал-Завия шаҳрини назорат қилаётган исёнчилар матбуот вакили Юсуф Шаган 1 март куни Ройтер ахборот агентлигига мухолифат қудрати соат сайин ошиб бораётганини айтди. Мухолифат кўпроқ қурол-аслаҳа қўлга киритиш билан бирга параллел ҳукумат тизимларини тузмоқда.

- Бизнинг вазиятимиз жуда яхши ва биз Триполида Қаддафийга қарши ҳужум қилишга тайёрмиз, деди исёнчилар вакили Юсуф Шаган.

Ал-Завия шаҳридаги мухолифат жангчиси Ҳаитам ҳукуматга қарши кучларнинг руҳи балан экани ва ҳукумат кўшанлари шаҳарни ишғол қила олмаганини айтади.

- Бизда қуроллар бор. Биз ҳамма нарсага эгамиз. Ҳозир бизни ҳамма қўллаб-қувватлаяпти. Аллоҳ биз билан. Биз Қаддафийни ҳокимиятдан ағдаришни ва йўқ қилишни хоҳлаймиз. Биз уни минтақамизда кўришни ортиқ истамаймиз. Бизга бошқа ташкилот, бошқа тузум керак. Ҳозир биз озодмиз. Биз нефт, пул ёки бошқа нарсани истамаймиз. Биз фақат озодликни хоҳлаймиз ва бу курашда ғолиб чиқамиз¸ дейди мухолифат жангчиси Ҳаитам.

Айни пайтда¸ икки АҚШ ҳарбий кемаси Ливиянинг денгиз соҳили томон сузиб кетмоқда.

Муаммар Қаддафий армияси учқичлари намойишчилар ва исёнчиларни бомбардимон қилишини тўхтатиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши Ливия узра “учиш тақиқланган зона” жорий қилишни таклиф қилди. Ҳозирча бу таклифни халқаро ҳамжамият бир ёқадан бош чиқариб қўллаб-қувватламаётгани айтилмоқда. Лондон расмийлари эса “учиш тақиқланган зона” жорий қилиш учун халқаро ҳамжамият тасдиғи керак эмаслигини билдирди.

Араб лигаси расмийси Ҳашам Юсуф Қоҳирада йиғилиш ўтказаётган Араб лигасига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Ливияга қарши ҳар қандай хорижий ҳарбий интервенцияни рад қилишини таъкидлади.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс, ҳарбий операция ўтказиш тўғрисида НАТО аъзолари билан келишувга эришилмагани ва Обама маъмурияти куч қўллаш ҳақида ҳали қарор қабул қилмаганини айтди.

- Биз қатор имконлар ва олдиндан назарда тутилмаган ҳолатларни кўриб чиқамиз. Ҳозирча қандан ҳаракат қилиш борасида қарор қабул қилингани йўқ, деди АҚШ Мудофаа вазири.

Қочқинлар бўйича БМТ Олий Комиссарлиги Ливия Тунис чегарасидаги вазиятнинг бўҳрон даражасига яқинлашгани тўғрисида огоҳлантирди.

Европа Иттифқининг гуманитар ёрдам масалалари бўйича мутасаддиси Кристалина Георгиеванинг минтақага сафар қилиши кутилмоқда.

Ташкилот маълумотига кўра, шу кунга қадар Ливияни 100 мингдан ортиқ одам тарк этган. Олий комиссарлик Ливиянинг Тунис билан чегара минтақасида тўпланиб қолган ўн минглаб одамни эвакуация қилишда ёрдам бериш учун юзлаб самолёт жалб қилишга чақирди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи Ливияга кўрсатаётган гуманитар ёрдамини уч баробар кўпайтириб, ёрдам ҳажмини 14 миллион АҚШ долларига етказди.

БМТ Бош Ассамблеяси Ливияни БМТ Инсон ҳуқуқари кенгаши аъзолигидан чиқариш ҳақидаги айни Кенгаш тавсиясини 1 март куни маъқуллаган эди.
XS
SM
MD
LG