Линклар

Жаҳон банки сирдарëликларни ичимлик суви билан таъминламоқчи

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон туман ва қишлоқлари аҳолиси йллардан бери ичимлик сувини ўзлари қураëтган қўлбола насос ва қудуқлардан олмоқда.

Ўзбекистон туман ва қишлоқлари аҳолиси йллардан бери ичимлик сувини ўзлари қураëтган қўлбола насос ва қудуқлардан олмоқда.

Жаҳон банки Сирдарё вилоятини тоза ичимлик сув билан таъминлаш лойиҳасига 88 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Бу маблағ вилоятнинг олтита туманда яшаётган 700 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасига сарфланиши лозим.

Жаҳон банки молиялаштираётган мазкур лойиҳа Сирдарё вилоятидаги ичимлик суви таъминоти тизимини реконструкция қилиш, ичимлик суви билан таъминловчи янги объектлар, бинолар ва иншоотлар қуришни кўзда тутади.

Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари ёрдамчиси Алишер Кўчмуродовнинг Озодликка айтишича, бу лойиҳа вилоятнинг Гулистон, Боёвут, Ховос, Сардоба, Мирзообод, Оқ олтин туманлари аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашни мақсад қилган:

- Шу дастур тайëрланаяпти. 2011дан 2015 йилгача сув оқова бошқармасида ҳамма даннийлар бор, мутахассислар бор, ўшалар шуғулланаяпти. Улар ичида, менимча, полний шу туманлар ичимлик суви билан таъминланадида кейин. Бу йил, менимча ҳужжатлар охирига етай деб қолган. 2012 йил бошланиши керак. Проектлар қилинаяпти. Биз сал тезлаштирмоқчимиз. Бир йил бўлса ҳам олдинроқ бўлсин деб ҳаракат қилинмоқда,- дейди Алишер Кўчмуродов.

Кузатувчиларга кўра, гарчи вилоятнинг бир қанча туманлари Сирдарё бўйида жойлашган бўлса-да, уларда тоза ичимлик суви танқислиги бор. Оқ олтин туманида яшовчи Абдукарим аканинг айтишича, қишлоқ аҳлининг тоза ичимлик сув ичмай қўйганига кўп йиллар бўлди:

- Бизнинг Оқ олтинда, Бобур хўжалигимизда ичимлик суви йўқ. Лотокдан, крантдан сув ичамиз-да.

Озодлик: Лотокдан каналнинг сувини ичасизларми?

- Ҳа.

Озодлик: Сизларга водопровод линиялари умуман келмаганми?

- Линиялар бор, лекин ишламайди. Бир пайтлар сув бўлган. Энди йўқ.

Озодлик: Қанча аҳоли бор?

- 6000 га яқин аҳоли борда.

Озодлик:
Ҳамма лотокдан сув ичадими?

- Имкони борлар машинасида район марказидан олиб келади сувни. Бочкалари бор. Қолган деҳқонлар лотокдан ичамиз,- дейди Абдукарим ака.

Ховослик Примқул акага кўра, собиқ иттифоқ даврида Ховос туманининг чўл ҳудудларида ташкил этилган жамоа хўжаликлари ичимлик сув қувурлари билан таъминланган , бироқ мустақиллик йилларида бу қувурлар чириб битган, насослар ишдан чиққан. Туман марказига яқин жойлардаги посёлкаларга эса кунига бир маҳал сув чиқариладиган бўлиб қолган:

- Ичимлик суви масаласи ҳал бўлгани йўқ. Ўртача. Крандан ичилади, лекин зах сув ичилади. Ҳозирги система совет даврида қурилган, трубалар бутун кўчалар бўйлаб тарқалган. Бир маҳал берилади. Бу асли ичишга яроқли эмаску, лекин мажбур ичишга тўғри келаяпти. Баъзи маҳаллаларда яроқли сув бор,-дейди Примқул ака.

Янгиер шаҳрида ҳам сув бир маҳал берилади, дейди Гулбаҳор:

- Илгари уйларнинг ичидан ҳам чиқарди. Вақти-соати билан берилади-да. Ҳозир уйларнинг ичидан чиқмайди сув. Муаммода ичимлик суви. Домларга умуман чиқмайдида. Одамлар кўчадан ташиб ичади.

Озодлик: Кўп қаватли уйларга умуман сув чиқмайдими?

- Умуман чиқмайди.

Озодлик: Ахир сув бўлмаса қийинку, кўп қаватли уйларда ҳожатга қандай чиқилади?

- Канализация ишламайди. Подваллардан чиқиб кетади. Одамлар пул йиғиб тозалатиб, яна тўлиб қолади. Жуда бизда катта муаммо. Ҳожат нимасида ҳам ҳаммасининг ташқарида ери борда, ташқарига қуриб олишган. Чунки канализация ишламаса, нима қилишсин, - дейди янгиерлик Гулбаҳор.

Суҳбатдошга кўра, илгари ҳам шаҳар сув тизимини реконструкция қилиш учун грантлар ажратилган, бироқ бу лойиҳалар пуллари аниқ мақсадларга ишлатилмасдан чала қолиб кетган:

- Бир йили французларми¸ ҳомийликка олишди деб ҳамма уйларга кранлар ўрнатиб нима қилиб чиқишди, лекин бу ҳам муаммолигича қолиб кетди. Сув чиқмайди шу кунда. Бир йилми, икки йилми аввал ëзда ëпиб қўйишган эди. Ҳамма уйларга кран қўйиб¸ қайсидир давлатдан келиб чиқарамиз дейишган эди. Бу ҳам муаммолигича қолиб кетди,-дейди Гулбаҳор.

Янгиер шаҳар сув-оқова бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Абдусамат аканинг айтишича, вилоят аҳолисини тўла ичимлик сув билан таъминлаш учун жуда катта маблағ керак бўлади. Мутахассис Жаҳон банкининг 88 миллион долларлик қарзи учун миннатдорчилик билдирар экан¸ вилоят аҳолисининг ичимлик сувга бўлган муаммосини фақат бу лойиҳа билан ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблашини айтади.

- Энди биласизми, 88 миллион бу жуда кам, сурпага урпоқ ҳам бўлмайди. Мана мисол, агар битта совхозни олсак агар, тўрт километр узунига бўлса, ичкариси билан бир 15 километр жойда трубалар алмашиши керак. Трубанинг нархи осмонга чиқиб ëтибди ҳозир. Нима бўлади битта вилоятга 88 миллион. Битта Ховос районида 75та қишлоқ бор. Ҳаммасини ичимлик суви билан таъминланишга муҳтож, -дейди мутахассис Абдусамат ака.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ичимлик сув муаммоси бўйича ижроси таъминланиши шарт бўлган давлат дастури қабул қилиши керак, акс ҳолда бугун аҳолини кунига бир марта икки соатдан сув билан таъминлаб турган 20 йиллик қувурлар тамоман чириб битиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG