Линклар

logo-print

Ўзбекистон ва Қирғизистон газ узатиш қувурларида босим пасайиб кетгани туфайли Бишкек ва Чуй вилоятига узатилаётган газ ҳажми камайди. Бунга Ўзбекистонда об-ҳавонинг ҳаддан зиёд совиб кетгани сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

“Қирғизгаз” расмийларининг маҳаллий ахборот агентликларига маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг газ қазиб олинадиган ҳудудларида ҳарорат - 16 даражага тушиб кетгани туфайли газ қазиб чиқаришда техник муаммолар юзага келган ва бу ўз навбатида газ қувурларида ҳам босим пасайиб кетишига сабаб бўлган.

Газ таъминотидаги узилиш сабабли қирғиз расмийлари “Coca-Cola” ва Германиянинг сигарет ишлаб чиқарувчи “Reemtsma” заводларига газ етказиб беришни тўтатиб қўйган. Шунингдек, Бишкек иссиқлик-энергия маркази ҳам вақтинча мазутга ўтгани айтилмоқда

Газ қувурларидаги босим 1 мартдан 2 мартга ўтар кечаси пасайиб кетган.

“Қирғизгаз” директор ўринбосари Евгений Орленко “Ўзтрансгаз”нинг бош диспетчери сўзларига таянган ҳолда вазият ҳафта охирига бориб изига тушишини маълум қилди.

- Шунинг учун яна 3-4 куни вазият оғир бўлиб туради. Аммо бугуннинг ўзида, куннинг иккинчи ярмида босим кўтарилиши ҳам мумкин, - деди Евгений Орленко.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидаги келишувга мувофиқ, Қирғизистон 2011 йил биринчи чорагида ўзбек газининг ҳар минг куб метри учун 223 доллардан тўлайдиган бўлган.

Қирғизистон энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2011 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан 200-220 миллион куб метр атрофида газ олади. 2010 йилда Қирғизистон олган ўзбек гази миқдори 287,4 миллион куб метрни ташкил қилган.

Қиёс учун: 2007 йилда Бишкек Тошкентдан 950 миллион куб метр, 2008 йилда эса 800 миллион куб метр газ сотиб олганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG